Ўзбекистон | 21:16 / 04.03.2019
39494
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Алишер Усмонов ҳақида: «Бундай ватандошларимиз билан фахрланишимиз керак»

Россиялик миллиардер, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов Наманган вилоятига «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси учун 50 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам ажратди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманганда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида вақтида россиялик миллиардер асл ватани учун қилаётган ишлар ҳақида гапирганди.

«Ўзбекистон 24» телеканали орқали бу ҳақда лавҳа берилди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича Усмонов Алишер Бурхонович менга бир таклиф қилдики, «Агар сиз рухсат берсангиз, ўртоқ Президент, 50 миллион долларни «Обод қишлоқ» бўйича Наманган вилоятига берсам, сиз шуни қандай қабул қиласиз?». Мен айтдимки, бу пулларни ҳар бир туманга 20—25 миллиард сўмдан биз тарқатмоқчимиз. Бу пуллар, очиғини айтсам, Тошкентга келиб тушди. Бу ваъда эмас, нақд пулни юборди», — деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Президент ноёб лойиҳа сифатида Наманган шаҳрида Алишер Усмонов номи билан халқаро бизнес-марказ ва бизнес-мактаб очишни таклиф қилган.

«Биз бунақа ватандошларимиз билан ғурурланишимиз керак. Мен таклиф қилдим, Наманган шаҳрида ноёб лойиҳа сифатида халқаро бизнес маркази ва Алишер Усмонов номи билан замонавий бизнесни ўргатадиган мактаб очилади.

Тадбиркорлик деяпмиз. Ҳамма ҳам тадбиркор бўлавермайди. Ўқитиш керак, сир-асрорини ўргатиш керак. Наманганда туғилиб, дунёга таниқли тадбиркор бўлиш — бу Наманган ҳавоси, Наманган суви, Наманган халқининг катта эҳтироми ва меҳнатининг натижаси бўлса керак. Наманган ёшларини тарбия қилсангиз, Наманган халқига бутун умр замин ва эсдалик бўлади», — дея таъкидлаган Ўзбекистон Президенти.

Алишер Усмонов - таниқли тадбиркор ва бошқарувчи, миллиардер, USM Holdings асосчиси. У 1953 йил Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. Forbes томонидан 2018 йил мартида эълон қилинган рейтингда 12,5 миллиард доллар миқдоридаги бойлик билан жаҳонда энг бадавлат тадбиркорлар қаторида 118-ўринни, Россияда эса 10-ўринни банд этганди.

Мавзуга оид