Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухоро шаҳридаги янги бозор бир неча йилдан буён ишга туширилмаяпти. Ҳокимлик зарур чораларни кўрадими?
Иқтисодиётининг ривожланиши ва аҳолининг фаровонлигини таъминлашда бозорлар муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам республикамизнинг турли ҳудудлари, шаҳар ва туманларида замонавий бозорлар қурилмоқда. Албатта, тадбиркорларнинг барқарор фаолият юритишида ва ўз бизнесини ривожлантиришда ҳам бозорлар муҳим ўрин тутади.
Тадбиркор умид билан янги қурилаётган замонавий бозордан дўкон харид қилса, аммо бир неча йил ўтиб ҳам фаолиятини бошлай олмаса-чи? Бу унинг тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Kun.uz таҳририятига ана шундай ҳолатга тушган тадбиркорлардан келган мурожаат асосида Бухоро шаҳрида шу мазмундаги масалани ўргандик.
«2015 йил 13 февралда шаҳар ҳокимлигида ўтказилган танлов савдоларида «Мустақиллик» кўчасида қурилиши белгиланган буюм савдо мажмуасидаги дўконлар ер участкалари сотилди. Мен раҳбарлик қилаётган корхона ҳам танлов ғолиби деб топилиб, 5та ер учатскасини сотиб олдик. Ўша пайти 30 миллион сўмдан пул тўладик (ўша вақтда бу сумма 10 минг АҚШ долларини ташкил қилган). Аммо мана қарийб беш йилга яқин вақт ўтаяптики, бу савдо мажмуаси фаолияти йўлга қўйилмайди. Маблағларимиз ҳам шунча вақтдан буён музлаб турибди. Бу ҳолатдан кўпгина тадбиркорлар норози. Қурилиш ташкилоти ҳалигача ишларни якунига етказмай, пайсалга солмоқда. Қурилиш ишлари якунига етган дейишади, аммо ҳали камчиликлари кўп, ишлар сифатсиз олиб борилган. Савдо мажмуаси атрофи ҳануз ободонлаштирилмаган. Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу борада зарур чораларни кўрмаяпти. Бу эса тадбиркорлик фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда», – дейди тадбиркор Шуҳрат Каримов.

Ушбу эътирозлар асосида янги қурилган савдо мажмуасини кўздан кечирдик. Бир қарашда кишида қурилиши якунига еткандек тасаввур уйғотса-да, мажмуа ичидаги дўконларда ҳали камчиликлар бор. Дўконларнинг эшиклари ҳали тўлиқ ўрнатилмаган. Тадбиркор айтганидек, қурилиш сифатсиз олиб борилган. Ҳали ишга тушмаган дўконларнинг айримларининг деворлари кўчиб тушган, ёғингарчилик вақтлари айримларининг томидан чакка ўтганини кўриш мумкин. Савдо мажмуаси атрофи асфальтланмаган ва тегишли ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган.





Ўрганиш давомида ушбу масала юзасидан Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов билан учрашдик.
«Ушбу савдо мажмуаси бир неча йиллардан буён ишга тушмаётгани рост. Аммо бунинг ўз сабаблари бор. Бу масалани қурилиш ташкилоти раҳбари билан ҳам бир неча марта муҳокама қилганмиз. Танловда ғолиб бўлган айрим тадбиркорлар ҳанузгача белгиланган тўловларни амалга оширмаган. Ушбу савдо мажмуасини тезроқ ишга туширишдан биз ҳам манфаатдормиз. Шунинг учун бу масалани ижобий ҳал этиш учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз», дейди шаҳар ҳокими.
Ўрганиш давомида мазкур савдо мажмуасининг қурилиш ишларини амалга оширган «Сохтмони Рушноий» масъулияти чекланган жамияти раҳбари билан учрашишнинг имкони бўлмади.
Бухоро шаҳар ҳокимлиги маълумот беришича, 2015 йилда аукцион савдолари орқали «Тўқимачи деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудига туташ бўлган жойда 205та савдо дўкони танлов савдолари орқали сотилган бўлиб, ушбу савдо дўконларини қуриш учун «Сохтмони Рушноий» масъулияти чекланган жамияти бириктирилган. Савдо дўконлари эгалари тасдиқланган қурилиш сметасига асосан тўланиши лозим бўлган тўловлар бўйича қурувчи билан шартномалар тузган.

Ҳозирги кунда қурувчи ташкилот томонидан 205та савдо дўкони тўлиқ қуриб, битказиб берилган. Аммо дўкон эгаларидан фақат 129 нафари сметада кўрсатилган тўловларни тўлиқ тўлаган бўлиб, қолган яна 71 киши тўловнинг 9 фоиздан 95 фоизичага қисмини тўлашган, 5 киши эса тўловларни умуман тўламаган. Дўкон эгалари томонидан тўланмай қолаётган жами 821,4 миллион сўмлик қарздорликни ундириш бўйича шаҳар ҳокимлиги номидан расман бир неча марта огоҳлантириш берилган. Ушбу тадбиркорлар томонидан мазкур тўловлар ўз вақтида тўлиқ тўланганида савдо мажмуаси атрофи тўлиқ асфальтлаштириб, оқова тизимларига улаб, тўлиқ ишга туширилган бўлар эди.
Бундан ташқари, шартномада кўрсатилган тўловларни тўлаш бўйича савдо дўконлари эгалари билан Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан бир неча бор йиғилиш ўтказилганига қарамай, ушбу тўловларни тўлаш пайсалга солиб келинмоқда.
Юқорида кўрсатилган муаммолар сабабли ушбу савдо мажмуасини белгиланган муддатда тўлиқ ишга тушириб, тадбиркорларни кўчириб, фаолиятларини бошлашнинг имкони бўлмаяпти.
Айни вақтда Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан савдо мажмуаси ишга туширилишини тезлаштириш бўйича штаб ташкил этилган.
Аммо айрим тадбиркорларнинг белгиланган тўловларни амалга оширмагани туфайли бошқа тадбиркорларнинг ҳам жабр кўриши тўғри эмас.
Шу боис, Бухоро шаҳар ҳокимлиги бир неча йиллардан буён ишга туширилмаётган савдо мажмуаси муаммосини ижобий ҳал этиш борасида зарур чораларни кўриши лозим.
Kun.uz бу масала юзасидан воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу мавзуга яна қайтади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
22:14 / 05.05.2025
Қўйлиқдан репортаж: бозор ташқарисидаги ноқонуний деб топилган дўконлар бузилмоқда
09:41 / 05.05.2025
«Юнусобод» бозорининг бир қисмида реконструкция ишлари бошланди
10:02 / 16.04.2025
Тошкентдаги «Рисовий» бозори кимошди савдосига қўйилди
09:33 / 28.03.2025