Ўзбекистон | 17:15 / 05.03.2019
68645
3 дақиқада ўқилади

Севара Турсунова: Ислом Абдуғаниевич биринчи бўлган. Биринчи бўлиш осонмас

Ислом Каримов фонди тележурналист Севара Турсунованинг Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳақидаги хотиралари ҳикоя қилинган видеолавҳани эълон қилди. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

“Ислом Абдуғаниевич биринчи бўлган. Биринчи бўлиш осонмас. Бу сапёр мина майдонида ўз ҳаётини хатарга қўйиб юргани билан баробар. “Ислом Абдуғаниевич бу майдонни тозалаб, биз учун гуллаган боғ қолдирди”, дейди Севара Турсунова.

Унинг сўзларига кўра, Ислом Каримов самимий, ўз халқини чин дилдан севган инсон бўлган. 

“Фарғона вилоятига сафари чоғида Ислом Абдуғаниевич пахта даласига ташриф буюрди. У кишига ҳосил ҳақида, қилинган ишлар ҳақида сўзлаб беришар, Ислом Абдуғаниевич эса узоқ-узоқларга, беш-олти нафар аёл меҳнат қилаётган тарафга боққанича ўйчан турарди. У вилоят раҳбарининг сўзларига эътибор қилмасдан, аёллар томон юрди ва уларга қўл силкитиб ёнига чорлади. Аёллар у киши билан кўришишди, Ислом ака уларнинг қўлларига қаради ва “Қўлингизга нима бўлди?” деди. У кишининг кўзлари намланган эди. Мен у кишига буни кўриш қанчалик оғир бўлаётганини кўрдим”, деб эслайди тележурналист. 

Севара Турсунованинг эътирофича, Ислом Каримов халқ билан мулоқот қилишни жудаям ёқтирган. “У киши ҳар бир хориж сафари олдидан вилоятларга бориб одамлар билан учрашарди. 

“Кейин эса самолётда кетаётганимизда бизга “Халқ билан суҳбатлашиш менга куч беради, минбарда турганимда кўз олдимда халқим, уларнинг қиёфаси туради, мен халқим номидан чиқаётганимни, уларни ҳимоя қилишим, ҳамма нарсани улар учун қилишим кераклигини билиб тураман” дер эди, деб хотирлайди Турсунова.

Севара Турсунова кўп йиллар давомида президент Ислом Каримовнинг матбуот анжуманлари, ташрифлари ва расмий учрашувларини мамлакатнинг кечки ахборот дастури учун ёритган. 2011-2015 йилларда Ўзбекистон президенти матбуот котибининг ўринбосари вазифасида ишлаган.

Мавзуга оид