Спорт | 11:50 / 06.03.2019
46580
7 дақиқада ўқилади

«Қирол ўлди». Яшасин янги қироллар

Амстердамликлар Мадридда Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолибларини ожиз қолдирди (4:1) ва 1/4 финалга йўл олди.

«Реал» (Испания) - «Аякс» (Нидерландия) - 1:4 (0:2)
Голлар: Зиёш, 7 (0:1). Нерес, 18 (0:2). Тадич, 62 (0:3). Асенсио, 70 (1:3). Шоне, 72 (1:4).
«Реал» (Испания): Куртуа, Карвахаль, Начо, Варан, Регилон, Кроос, Каземиро (Вальверде, 87), Модрич, Васкес (Бэйл, 29), Бензема, Винисиус Жуниор (Асенсио, 35).
«Аякс» (Нидерландия): Онана, Мазрауи (Фелтман, 80), Блинд, де Лигт, Тальяфико, ван де Бек, Шоне (де Вит, 73), де Йонг, Зиёш, Тадич, Нерес (Дольберг, 74).
Огоҳлантиришлар: Мазрауи, 26. Карвахаль, 30. Начо, 90+3.
Четлатиш: Начо, 90+3.
Ҳакам: Брих (Германия).
5 март. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу». 77,013
Биринчи ўйин - 2:1

Ҳаддан ташқари ўзига ишониш
Уч ҳафта муқаддам «Реал»да ҳаммаси жойида эди. «Қаймоқранглилар» барча уч турнирда ҳам ишонч билан одимламоқда эди: жамоа беш йил ичида илк марта Испания Кубогига чиқишга яқин эди, жамоа куздан буён илк марта Испания чемпионатида иккинчи ўринга кўтарилганди, Чемпионлар лигасининг нимчорак финалидаги илк ўйинда «Аякс» сафарда 2:1 ҳисобида мағлуб этилиб, жавоб ўйини олдидан яхши имконият ҳосил қилинганди.

Лекин жамоа футболчилари ўзларига ҳаддан ошиқ ишониб юборишди, Амстердамдаги ўйин якунланмай туриб кейинги босқич масаласи ҳал қилингани ҳақида ўйлай бошлашди. Жамоа сардори «Аякс»га қарши ўйин охирида Каспер Дольбергга қасддан фол ишлатиб, сариқ карточка ишлади ва жавоб ўйинида майдонга тушмаслик орқали чорак финалгача «тозаланиб олиш»ни ўйлади. Аммо ўйиндан кейин УЕФА бу ҳолатни ўрганиб чиқиб, испаниялик ҳимоячини икки ўйинга дисквалификация қилди.

Бўшлиқ
Аммо уч ҳафта ўтиб барчаси ўзгариб кетди. Бу вақт ичида «Реал» «Сантьяго Бернабеу»да 3 бор майдонга тушиб, барчасида мағлуб бўлди. «Жирона»га қарши Испания чемпионати ўйинидаги 1:2 ҳисобли мағлубият, Испания Кубоги яримфиналида ва Испания чемпионати доирасида «Барселона»га қарши 0:3 ва 0:1 ҳисобидаги мағлубиятлардан кейин мадридликлар Испания Кубогини тарк этди, ички чемпионатда чемпион бўлишдан умид узди. Энди барча умид фақат Чемпионлар лигасидан эди. Аммо кутилмаганда бу орзу ҳам саробга айланди.

Тош эмас ҳолва
«Аякс» қаршисида жиддий вазифа турарди - «Сантьяго Бернабеу»да камида иккита гол уриш. Амстердамликлар эса 19-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Бу ўринда қаттиқ тоғ жинси ёш голландларнинг тишлари орасида ҳолвага айланди: аввалига Кроос қўпол хатога йўл қўйди - у ўтказиб юборган тўпга эга чиққан Тадич Зиёшни олдинга ташлади ва марокашлик футболчи Куртуани доғда қолдирди.

10 дақиқа ўтиб эса сербиялик футболчи иккинчи голга узатма берди. Тадич рақиб ҳимоячиларини бирин-кетин алдаб ўтиб (айниқса у Каземирони Зидан услубидаги финтда ортда қолдиргани ўйиннинг безаги бўлди) олдинга борди ва жарима майдони ичига кириб борган Нересни тўп билан таъминлади - марказий ҳимоячи ролига киришган Модрич бразилиялик рақибига қаршилик кўрсата олмади. Бу ўйинда Рамоснинг йўқлиги яққол сезилди, амстердамликлар икки голи ҳам у қўриқлаши керак бўлган ҳудуддан урилди.

Бу ўйинда мезбонлар ҳимоячилари - Варан, Начо ва Регилон ўз ишларини қила олишмади, улар ҳужумда фаоллик кўрсатар, масалан французнинг бир зарбаси дарвоза тўсинидан қайтди, аммо улар ҳимояда позицияни танлай олишмас, рақибни осонлик билан олдинга ўтказиб юборишарди. Фақат Куртуанинг сэйвлари танаффусгача ҳисоб ўта йирик кўринишига йўл қўймади - бельгиялик дарвозабон Нерес, Тадич ва Зиёшнинг кучли зарбаларини бартараф этди.

Васкес ва Винисиуснинг йўқотилиши

«Реал»га голлар керак эди, аммо қандай урсин, жамоа 35-дақиқадаёқ жамоа икки қанот ҳужумчисидан айрилиб бўлганди - аввалига Васкес ерга йиқилди ва ўзини алмаштиришларини сўради, 29-дақиқада унинг ўрнини Бэйл эгаллади, кейин Винисиус кўзда ёш билан майдонни тарк этди, Солари Асенсиони майдонга ташлади. Уэльслик футболчи бир марта рақиб дарвозаси устунини нишонга олиш билан чекланди, испаниялик футболчи эса рақиб ҳимоячилари томонидан бир неча бор қўполлик билан тўхтатилди - биринчи бўлимда ҳеч нарса қилиб бўлмади.

VAR бу сафар «Аякс» фойдасига
Иккинчи бўлимда мезбонлар рақиб жарима майдонини қамал қилишга киришди, аммо «Аякс» қарши ҳужумда учинчи голни урди. 62-дақиқада Тадич тўпни яна «Реал» дарвозасига жойлаштирди.

Аммо гол 5 дақиқа ўтиб ҳисобга олинди - мадридликлар ҳужум аввалида тўп майдон чизиғини кесиб ўтганини даъво қила бошлашди, Феликс Брих узоқ вақт давомида видеоҳакамлар билан маслаҳатлашди - якунда VAR «Аякс»га биринчи ўйиндаги қарзини қайтарди - 0:3.

Куртуанинг «қовуни»
Иккинчи бўлим давомида мадридликлар битта жавоб голи уришди. Асенсионинг аниқ зарбаси ўйинга интрига қайтаргандек эди, аммо Куртуа Ласса Шоненинг жарима зарбасини ўтказиб юборди ва барчаси яна ўз ҳолига қайтди.

«Аякс» «қулоқли кубок»ни кетма-кет уч бор ўзиники қилган чемпионларни сафарда йирик ҳисобда тор-мор этди.

Соларига ҳукм
Аргентиналик мутахассис Иско ва Марсело билан зиддиятга бориб, Винисиус ва Регилонга ишонч билдиргани балки йиллар ўтиб самара берар, аммо бу мавсум учун хато қарор бўлди. Ўтган ўйинда Рамос атайлаб сариқ карточка ишлашида ҳам унинг айби йўқ эмасди.
Ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагини кечиктириб бўлмасди. Барча тахминларни йўққа чиқарган ҳолда «Аякс» кейинги босқичга йўл оладиган бўлди. «Реал» мавсумни узил-кесил барбод қилди. Сантьяго Солари ўзига ҳукм ўқиди - мадридликлар раҳбариятида уни кейинги мавсумга ҳам олиб қолиш учун бирорта сабаб йўқ. Кейинги мавсумда Мадридда янги мураббий ва янги жамоа бўлишига шубҳа йўқ, лекин бу оқшомдаги ўйинда каталонияликларнинг бўлажак юлдузи - 70 миллион евро эвазига харид қилинган Френки де Йонг ҳали Мадридни кўп бор забт этишидан муждалар берди.

«Қирол вафот этди, яшасин янги қироллар!».

Мавзуга оид