Жамият | 20:00 / 06.03.2019
16983
7 дақиқада ўқилади

Хатирчида ҳокимлик ва тадбиркорлар ўртасидаги эски можарога ечим топилмаяпти: зарур чорани ким кўради ўзи?

Kun.uz сайтида шу йилнинг 5 январь куни «Хатирчи туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасидаги бир неча йиллик муаммо қачон ечим топади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда ҳуқуқлари бузилаётган хатирчилик 100га яқин тадбиркор ва туман ҳокимлиги ўртасидаги низоли вазият ҳақида журналистик суриштирув натижалари баён қилинганди.

Ўрганиш давомида «Хатирчи деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз эътирозларини баён қилишганди.

«Ушбу бозор ҳудудида шахсий дўконларимиз ва кадастр ҳужжатлари бор эди. 2013 йил туман ҳокими бозорни қайта реконструкция қилиш мақсадида дўконларни буздирди. Ўз маблағларимиз ҳисобидан замонавий қилиб қурдик. Барча харажатларни ўзимиз қилдик. Қуриб битказганимиздан сўнг бизга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бермасдан янги қурилган дўконларни бозор балансига ўтказишди. Энди ўзимиз қурган дўкон учун биздан ижара пули талаб қилишяпти. Ўша вақтда туман ҳокими пенсия учун бюджетдан пул етмаяпти, ким 50 миллион сўмдан банк орқали бюджетга пул киритса, ўшаларга ерни ва дўконни берамиз, деганди. Тадбиркорлар шунчадан пул қўйди. Бундан ортиқ берганлар ҳам бўлди. Қурилишни ҳам ўз ҳисобимиздан қилдик, айтган пулини банкка қўйдик. Энди айтилган ваъдалар бажарилмаяпти. Ижара ва бошқа тўловларни тўламасак, ўзимиз қурган дўкондан чиқариб юборишмоқчи. Бу масалада 100га яқин тадбиркорнинг боши қотган. Шунча харажат қилиб, нега энди чиқиб кетишимиз керак? Қаерга мурожаат қилсак ҳам беш йилдан буён бу низоли муаммо ҳал бўлмаяпти. Туман мутасаддилари ҳокимиятни ноҳақ қилармиди? Улар учун ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган. Вилоят ҳокимлигидан келганлар эса яна туман ҳокимиятига ҳавола қилиб кетади. Биз тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти», – дея эътирозларини билдиришганди тадбиркорлар.

Ўрганиш жараёнида қайта қурилишидан аввал ҳақиқатан ҳам бозордаги дўконлар кадастр ҳужжатларига эга бўлгани, мулк эгаси сифатида тадбиркорларнинг номлари кўрсатилгани, Хатирчи тумани ҳокими ваъдаси билан тадбиркорлар дўконларини бузиб, ўз маблағлари ҳисобидан замонавий кўринишда қуришгани, аммо қурилиш ишлари якунига етганидан кейин дўконларнинг барчаси бозор балансига олингани маълум бўлганди.

Хўш, унда тадбиркорларнинг қурилиш учун сарфлаган катта миқдордаги харажатлари нима бўлади? Ҳужжатлар расмийлаштирилмаса, уларни ким қоплаб беради?

Ушбу саволларга жавоб бериш асносида Хатирчи тумани ҳокими Ғофир Алиев ушбу масала тез орада ҳал этилишига ваъда берганди. Туман прокурори бу ишни ўз назоратига олишини ва мазкур масала юзасидан тегишли тартибда суриштирув олиб борилиб, хулоса қилинишини билдирганди.

Қолаверса, сайт мухбирлари Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов билан учрашганида ҳам вилоят раҳбари тез орада бу низоли вазият бир томонга ечим топишини айтиб ўтганди.

Орадан шунча вақт ўтди. Хўш, Хатирчи туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасидаги бу муаммога барҳам берилдими?

Тадбиркорларнинг Kun.uz сайтига такрорий мурожаатлари бу масаладаги низо ҳанузгача давом этаётганини кўрсатиб берди.

Ушбу такрорий мурожаатлар асосида яна ушбу туманда бўлдик ва тадбиркорлар билан учрашдик.

Уларнинг айтишича, янги қурилган дўконларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиши бошланган. Аммо тадбиркорларга ўзлари маблағ сарфлаб, қурган дўконлари учун мулк ҳуқуқи берилмаяпти. Тадбиркорларда бу замонавий дўконлар ўрнида бузилган эски дўконлар учун мулк ҳуқуқи бўлган. Хатирчи тумани ҳокими эски дўконларни бузиб, ўрнига замонавий дўконлар қуришса, тадбиркорларга мулк ҳуқуқи берилишини айтган. Тадбиркорлар шу ваъдага ишониб, миллионлаб маблағ сарфлаб, ўзларининг ҳисобидан замонавий дўконларни қуришган. Алалоқибат, тадбиркорлар ҳаммасидан қуруқ қолмоқда.

Ушбу масала юзасидан Хатирчи тумани ҳокими билан такроран учрашганимизда, туман раҳбари бу масалада тадбиркорлар билан йиғилиш ўтказилгани, «Хатирчи деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги янги қурилган замонавий кўринишдаги дўконлар учун кўчмас мулк объектига хатловдан ўтказиш ҳужжатлари гаров, ҳадя, олди-сотди ва бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқини бермаган ҳолда расмийлаштирилишига тадбиркорлар билан келишувга эришгани ҳақида маълумот тақдим этди.

Аммо тадбиркорлар билан суҳбатлашганимизда, улар буни қатъий рад этишди ва ўзларига нисбатан очиқчасига ноҳақлик қилинаётганини айтишди.

Бу эътирозларни туман раҳбарига билдирганимизда, бу масала уч-тўрт кун ичида қайта кўриб чиқилиши ва бу низога барҳам берилишини, бу ҳақида маълумот берилишини таъкидлаганди. Дастлабки ўрганишимизда берилган ваъда такрор айтилди. Аммо орадан вақт ўтса ҳам бу масала туман ҳокимлиги томонидан ҳал этилмади, низога барҳам берилмади.

Кўриниб турибдики, бир неча йиллик муаммо ҳануз давом этмоқда. Вилоят ва туман мутасаддиларининг қуруқ ваъдаларидан бу низо ҳали яна давом этадиган кўринади.

Тан олиб айтиш керакки, сўнгги вақтларда Навоий вилоятидан сайтимизга тадбиркорлар томонидан турли масалаларда кўплаб мурожаатлар келмоқда. Таҳририятдаги мурожаатлар кўлами шуни кўрсатмоқда. Журналистик суриштирувлар асосида уларнинг муаммолари холис ўрганилиб, мақолалар эълон қилинмоқда. Аммо вилоят мутасаддилари томонидан тадбиркорларнинг бу масалалари эътиборсиз қолдирилмоқда ва ҳал этилмай келинмоқда. Шу боис, тадбиркорлар такрор мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.

Албатта, бу мурожаатлар юзасидан ҳам журналистик суриштирувлар олиб борилмоқда. Уларнинг натижалари кейинги мақолаларимизда акс этади.

Муҳими, вилоят мутасаддилари бу борада зарур чора-тадбирларни амалга оширса бўлгани. Акс ҳолда, вилоятда тадбиркорларнинг норозилиги кундан кунга ошиб бораверади.

Kun.uz ушбу бир неча йиллик низоли вазиятни тегишли ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилишига яна бир бор ишонч билдиради ва воқеалар ривожини кузатиб, бу мавзуга лозим бўлса яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид