Спорт | 18:49 / 08.03.2019
8833
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик киберспортчи ЖЧда ўз йўналиши бўйича Марказий Осиёдан ягона вакил сифатида қатнашади

Фото: Салоҳиддин Эсанов

Киберспорт бўйича Хитойда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида (WESG) иштирок этувчи Ўзбекистон вакили Салоҳиддин Эсанов бугун, 8 март куни мусобақага жўнаб кетди. У Pro Evolution Soccer-2019 бўйича Марказий Осиё учун ажратилган ягона йўлланмани қўлга киритган.

Ушбу йўналишда жаҳоннинг 20 нафар киберспортчиси иштирок этади. Гуруҳ босқичи баҳслари 11 март куни старт олади. Эсанов Хитой, Греция, Индонезия ва Марокаш вакиллари билан бирга «C» гуруҳидан жой олган. Салоҳиддин илк баҳсни 11 мартда мезбон мамлакат киберспортчисига қарши ўтказади.

Маълумот учун, WESG`нинг Pro Evolution Soccer йўналишида умумий соврин жамғармаси 52,5 минг долларни ташкил этади, бу сумма энг юқори учта ўрин эгаси ўртасида тақсимланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электрон-компьютер спорти 2018 йил сентябрида расмий спорт турлари рўйхатига киритилган эди. Ушбу спорт тури бўйича ички мусобақалар Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси кўмагида ташкил этиб келинмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид