Жаҳон | 14:05 / 10.03.2019
10594
2 дақиқада ўқилади

АҚШда йирик халқаро криптовалюта пирамидаси раҳбари қўлга олинди

Фото: Shutterstock

Лос-Анжелес аэропортида Болгария фуқароси Константин Игнатов халқаро пирамида, хусусан OneCoin фирибгарлик криптовалютаси савдоси иши бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда Нью-Йорк жанубий округи прокуратураси хабар берди.

Қайд этилишича, OneCoin Ltd компанияси раҳбари бўлган Игнатов АҚШга криптовалюта билан боғлиқ ишлар бўйича келган ва Лас-Вегасда турган.

Ушбу ишда Игнатовнинг ҳозирда озодликда бўлган опаси — OneCoin асосчиси Ружа Игнатова ҳам бор бўлиб, у коммуникация воситаларидан фойдаланиб товламачилик қилиш, қимматбаҳо қоғозлар билан товламачилик қилиш ва пул ювишда айбланмоқда. 

Прокуратуранинг билдиришича, Игнатовлар схемаси туфайли жабрланувчилар «фирибгарлик криптовалютасига бутун дунё бўйлаб миллиардлаб доллар инвестиция киритишган». OneCoin компаниясига 2014 йилда Игнатова асос солган ва 2017 йилгача бошқарган. Сўнгра компания унинг укасига ўтган.

Терговчиларнинг тахминича, OneCoin Ltd фаолияти туфайли жаҳон бўйича 3 млн киши жабр кўрган. 2014—2016 йилларда компаниянинг маблағ айланмаси 3,353 млрд еврони, даромади эса 2,23 млрд еврони ташкил этган.

Мавзуга оид