Спорт | 22:10 / 10.03.2019
23040
7 дақиқада ўқилади

Суперлигада кун якунлари: футболчиларга ташланган мухлислар, катта футболни 15 йил кутган «Сурхон», «мувозанатни бузган» «Сўғдиёна»

Фото: Маъруф Асқаров / Tribuna.uz

Бугун Суперлигада 1-турнинг 3та ўйини ўтказилди. Барча ўйинлар ўзига яраша қизиқарли кечди. Қуйида куннинг муҳим воқеаларини эслаймиз.

«15 йиллик ҳижрон»

Сурхондарё вилоятининг «Сурхон» клуби 15 йил деганда юқори дивизионга қайтди. Ўтган йилларда Про-Лигада анча фаол бўлиб қолган «Сурхон» жорий мавсум аввалида Суперлигага киритилди. Сурхон диёри катта футболни соғиниб қолгани стадионга келган кўп сонли мухлислардан ҳам сезилди. Улар яхши таркиб тўплаган «Сурхон»нинг мазмунли ўйинига гувоҳ бўлишди.

«Сурхон» катта футбол билан «15 йиллик ҳижрон»дан сўнг илк ўйинини «Металлург»га қарши ўтказди. Андрей Шипилов қўл остида охирги йилларга «чақилмаган ёнғоққа» айланган бекободликлар осон рақиб эмасдилар.

«Сурхон» 6-дақиқада «Нефтчи»даги ўйинлари билан танилган Шерзод Ҳакимов бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. Сурхондарёликлар ғалабани нишонлашга тайёр бўлиб турганларида эса «Металлург» ҳисобни тенглаштирди. Ислом Исоқжоновнинг жарима зарбасидан узатган тўпидан сўнг Аббос Отахонов ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа «Сурхон» мавсумни дуранг билан бошлади.

«Сурхон» - «Металлург» 1:1

Голлар: Шерзод Ҳакимов (6) – Аббос Отахонов (89).

Сурхон: 1.Асилбек Омонов, 2.Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, 5.Аюбхон Нўмонов, 6.Раҳматулло Бердимуродов, 8.Шерзод Каримов (Абдулазиз Юсупов), 9.Дильшод Жабборов, 10.Шавкат Саломов (Аброр Исмоилов), 20.Ҳусниддин Ғофуров, 21.Аъзам Алиев, 44.Дарко Станоевич, 91.Шерзод Ҳакимов (Азамат Алланиёзов).

Металлург: 1.Зафар Сафоев, 5.Аббос Отахонов, 6.Иброҳим Йўлдошов (Баҳром Абдураҳимов), 8.Сервер Жепаров (Муҳаммад Исаев), 10.Ислом Исоқжонов, 17.Музаффар Музаффаров, 18.Шавкат Муллажонов, 21.Комолиддин Тожиев, 28.Станислав Андреев, 30.Андрей Шипилов, 70.Сергей Тумасян (Зоҳид Абдуллаев).

Майдон ташқарисида ҳам давом этган дерби

Куннинг марказий ўйини Тошкентда ўтказилди. Водийнинг икки жамоаси «Навбаҳор» ва «Қўқон-1912» Намангандаги стадион мавсумга тайёр бўлмагани сабаб пойтахтда ўйнашди. Ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. «Навбаҳор» сафида Остон Ўрунов жарима майдончасига ажойиб гол урганини ҳам таъкидлаш керак. Қўқонликлар сафида жамоанинг янги ҳужумчиси Шаҳбоз Эркинов гол урди.

Ўйиннинг марказий воқеаси эса майдон ташқарисида содир бўлди.«Навбаҳор» мухлислари майдонни тарк этаётган «Қўқон-1912» футболчиларига ташланиб қолишди ва уларга ҳар хил жисмлар улоқтиришди. Бу вазиятда катта эҳтимол билан қўқонлик футболчилардан бирортаси мухлисларга қарата провакацион ҳаракатларни амалга оширган. Расмий маълумот берилгач, бу борада нимадир дейишимиз мумкин.

«Навбаҳор» – «Қўқон-1912» – 1:1 (1:0)

Голлар: Остон Ўрунов (23) – Шаҳбоз Эркинов (67).

Навбаҳор: Ўткир Юсупов, Остон Урунов, Азим Аҳмедов, Иван Соловьёв (Шахзод Шайманов, 46), Александр Касьян, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Абдужамол Исроилов (Азиз Ибрагимов, 84), Жаҳонгир Меҳмонов, Аббос Ғуломов (Эльман Тагаев, 59).

Қўқон-1912: Боян Кнежевич, Қувондиқ Рўзиев (Муҳаммаданас Ҳасанов, 81), Жавоҳир Эсонқулов, Ойбек Рустамов, Жасур Ҳасанов, Суҳроб Бердиев (Милош Николич, 71), Иқбол Маликжонов (Жамшид Ҳасанов, 62), Шаҳбоз Эркинов, Александр Мерзляков, Марко Милич, Мурод Холмуҳаммедов.

«Мувозанатни бузган» «Сўғдиёна»

Суперлиганинг 1-турида ҳайратланарли тарзда жамоалар дуранг ўйнашга киришиб кетишди. Суперлиганинг дастлабки 5 ўйинида ғолиб аниқланмади: «Қизилқум» – «Андижон» (1:1), «Динамо» – «Насаф» (1:1), ОКМК – «Бухоро» (0:0), «Сурхон» – «Металлург» (1:1) ҳамда «Навбаҳор» – «Қўқон-1912» (1:1).

Жиззахда ўтган «Сўғдиёна» - «Бунёдкор» ўйинида ҳам дуранг қайд этилиши деярли аниқ бўлиб турганида «Сўғдиёна» ҳужумчиси Ойбек Нурматов бунга кўнмади. 90-дақиқада «Бунёдкор» ҳимоячиларининг хатосидан фойдаланган Ойбек Нурматов жамоадоши Санжар Рашидов ёрдамида ғалаба голини урди. Шу тариқа «Сўғдиёна» Суперлиганинг жорий мавсумида ғалаба қозонган илк жамоа бўлди ва етакчиликни қўлга олди.

«Сўғдиёна» – «Бунёдкор» 2:1

Голлар: Достон Тошматов (23), Ойбек Нурматов (90) – Санжар Қодирқулов (63).

Сўғдиёна: Милан Митрович, Искандар Шойқулов, Элёр Орифов, Кахи Махарадзе, Нуриддин Ҳасанов, Санжар Рашидов, Сирож Мелиев, Шоҳруз Норхонов (Иззат Абдуллаев, 72), Достон Тошматов (Ойбек Нурматов, 69), Муҳаммадали Йўлдошев, Шаҳбоз Жўрабеков.

Бунёдкор: Мурод Зуҳуров, Ислом Қобилов, Сергей Прохоров, Дилшод Аҳмадалиев, Жасур Жалолиддинов, Хуршид Ғиёсов, Жавоҳир Қаҳрамонов (Санжар Қодирқулов, 62), Миржаҳон Мираҳмадов, Нурилло Тўхтасинов, Улуғбек Абдуллаев, Абдулла Абдуллаев.

«Бейжик, галстуклар билан иш битмайди»

Image

«Навбаҳор» - «Қўқон-1912» ўйинидан сўнг наманганликлар бош мураббийи Андрей Канчельскис ПФЛ ва ЎФА фаолиятини кескин танқид қилди. Россиялик мураббий чемпионат бошланишининг кечга сурилгани, ПФЛ қўяётган тушунарсиз талаблар ва майдонларнинг ёмон ҳолатда эканидан норозилигини билдирди:

«Биз мавсум бошланишини интизорлик билан кутдик. Ўзингиз кўрдингиз, ҳар хил ўзгаришлар қилишди. Тўғриси, улар нима қилмоқчи бўлишаётганини умуман тушунмаяпман. Энди 2-турни яна 20 кундан кейин ўйнаймиз. Юқорида айтганимдек, футбол федерациясидагилар нима қилмоқчи эканликларини тушунмаяпман. Бундай ғалати ҳолатга биринчи марта тўқнаш келяпман ва бу менга эриш туюлмоқда. Лекин нима ҳам дердим, Ўзбекистонда яшаяпмизми, демак сизнинг қонунларингиз билан яшаймиз.

Мақсадимиз? Мақсадларимиз катта, лекин бизда ҳали стадион йўқ. Бундай мақсадлар учун шароит керак. Биз оддий шуғулланадиган стадионимиз бўлмай туриб қанақасига футболчидан натижа талаб қила оламиз? Ўзингиз ўйланг, ям-яшил майдонда футбол ўйнаш қандай, қумда ўйнаш қандай? Фарқ катта, шундайми?

Футбол федерацияси талаблар қўйишни қойиллатмоқда: галстук тақ, бейжик тақ, ўйинга маълум вақтда кел, лекин майдон йўқ! Шудгорда футбол ўйнаяпмиз. Бу тўғри эмас деб ўйлайман. Шундай бўлса-да, биз камида ўтган мавсумдаги натижамизни такрорлашимиз керак»,- деди мураббий.

«Жавоҳирнинг кетганидан терма жамоа йўқотди»

Image

«Навбаҳор» - «Қўқон-1912» ўйинидан сўнг қўқонликлар бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов Жавоҳир Сиддиқовнинг кетганидан хафа бўлганини яшириб ўтирмади:

«Жавоҳир Сиддиқовнинг кетгани? Бу Ўзбекистон терма жамоаси учун йўқотиш бўлди. Мен Жавоҳирнинг «Пахтакор»га кетганини кейин билиб қолдим. У каттароқ жамоаларда ўйнаши керак эди, масалан Корея жамоаларида. Яна такрорлайман, Жавоҳирнинг «Пахтакор»га кетгани тўғри бўлмади»,- дейди Ҳасанов.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш