Спорт | 23:51 / 11.03.2019
8844
3 дақиқада ўқилади

«Ар-Райян» бош мураббийи: «Бир ёқадан бош чиқариб, жуда кучли жамоани енга олдик»

ОЧЛ «B» гуруҳидаги «Ар-Райян»–«Локомотив» (2:1) ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида доҳаликлар клуби бош мураббийи Жилсон Соза журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири Доҳадан хабар беради.

«Биринчи айтмоқчи бўлган нарсам – зўр натижага эришдик, чунки биз жуда яхши тайёргарликка эга жамоани мағлуб этдик. Статистика қандай бўлганини билмайман, эҳтимол, тўп назорати бўйича устунлик уларда бўлгандир, бироқ биз бир жамоа бўлиб, ягона оила сифатида ҳаракат қилдик. Жамоадаги ҳамма футболчилар астойдил, бир ёқадан бош чиқариб ўйнашди.

Бу ғалаба бизга шижоат бағишлаши шубҳасиз. Ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп, аммо бугун биз ҳаракат қилсак, қўлимиздан келишини исботлай олдик. Яна бир нарсани айтишим керак. Табата – бугун жамоаси учун фидокорона ҳаракат қилди. У ҳужумкор футболчи бўлса-да, кўпроқ яримҳимояда ўйнади. Унга баракалла дейман. У – лидер. Бежизга сардор эмаслигини кўрсатди. Айнан ҳозирги вазиятда жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган футболчимиз у. Худди шу фикрларни бошқа футболчиларга нисбатан ҳам айтган бўлардим», – деди бразилиялик мутахассис.

– Муҳим ўйинда стадионга нима учун бунчалик кам мухлис келди?
– Эҳтимол, охирги ўйинлардаги натижаларимиз сабаб ишқибозларимизда мотивация қолмагандир, улар жамоамизга ишонмай қўйишгандир. Аммо энди умид қиламизки, уларга яна қувонч улаша бошлаймиз.

– Ўтказиб юборилган тезкор голдан кейин ғалабага ишончингиз қолгандими?
– Ҳа, камбек қила олишимизга ишонаётгандим. Чунки жамоани тайёрлаганмиз, футболчилар нима қилиш кераклигини билишади. Мен 20-сониядаёқ, биринчи дақиқадаёқ гол ўтказиб юборилган кўплаб ўйинларда бўлганман. Бундай ҳолатлар футболда бўлиб туради. Муҳими биз ўйиннинг боришини ва ҳисобни ўзгартира олдик ва ғалабага эришдик. Биринчи голни биз урганимиз йўқ, лекин ғалаба қозондик – бу жуда муҳим.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид