Жаҳон | 14:47 / 11.03.2019
4550
2 дақиқада ўқилади

Гуайдо электр тизимида узилиш бўлгани сабабли Венесуэлада фавқулодда вазият режимини жорий этмоқчи

Фото: Carlos Garcia Rawlins / Reuters

Ўзини вақтинчалик президент деб эълон қилган Венесуэла парламенти спикери Хуан Гуайдо Миллий ассамблеяга фавқулодда вазият режимини жорий этишни сўраб мурожаат қилади, деб ёзади El Nacional.

«Мен Миллий ассамблеядан фавқулодда вазият режимини эълон қилишини сўрамоқчиман», — деди Гуайдо. 

Гуайдонинг сўзларига кўра, 8 март куни бошланган ва 60 соатга яқин давом этган электр таъминотидаги узилиш оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлган, маҳаллий тадбиркорлар эса 400 млн долларга яқин маблағ йўқотган.

8 март куни Венесуэланинг 23 штатидан 21таси электр таъминотисиз қолди, пойтахтда метро, интернет ва уяли алоқа тизими узилишлар билан ишлади. 

Президент Николас Мадуро воқеада «Америка империализми»ни айблади. Кейинроқ Венесуэла ахборот вазирлиги электр энергияси киберҳужум натижасида узилиб қолганини маълум қилди.

9 март куни Боливар штатидаги нимстанциялардан бирида портлаш содир бўлди. Венесуэла ҳукумати мамлакат энергия тизимига ҳужум қилингани юзасидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетга мурожаат қилинишини билдирди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид