Спорт | 18:39 / 11.03.2019
6743
2 дақиқада ўқилади

Хорхе Фоссати: «Ўз тактикамни ошкор қилмайман»

Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳлий» клуби бош мураббийи Хорхе Фоссати Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган «Пахтакор»га қарши ўйиндан олдин ўтказилган матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.  

«Эртага бизни жуда қизиқарли ўйин кутмоқда. «Пахтакор» жуда кучли клуб, уни яхшилаб ўрганиб чиқдик. У мавсумни яхши бошлади, Эрондан очко билан қайтди. «Пахтакор» анча яхши шаклланган жамоа. Уларга қарши ўйнаш осон бўлмайди. Аммо биз ҳам ўз кучимизга ишонамиз. Биз рақибдан кам эмасмиз.

Ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида айрим футболчиларга алоҳида эътибор қаратмаймиз. Балки, барча футболчига қарши тайёргарлик кўрамиз. Биз бутун жамоанинг имкониятини ўрганиб чиқамиз, футболчиларнинг ҳаммасига қарши тайёргарлик кўрамиз.  

«Ал-Аҳлий»ни 1 ой олдин қабул қилиб олдим. Бунга қадар чемпионат ва мамлакат Кубогида қатнашиб келаётгандик, мана шу 1 ой ичида 8та ўйин ўтказдик, яъни ҳар 3-4 кунда 1та ўйиндан. Энди Чемпионлар Лигасида ҳам иштирок этяпмиз. Мен ўз тактикамни ва услубимни босқичма-босқич жорий қилиб бораман. 1 ой бу етарли муддат эмас. Бундан ташқари, ўз тактикамни очиқ муҳокама қилмайман», - деди уругвайлик мутахассис.

«Пахтакор» - «Ал-Аҳлий» ўйини 12 март куни соат 18:00да бошланади.

Мавзуга оид