Жамият | 15:56 / 12.03.2019
18330
7 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда тадбиркорнинг биноси огоҳлантиришсиз бузиб ташланди. Жабрланувчи адолат истамоқда

Kun.uz таҳририятига ҳуқуқлари бузилаётган тадбиркорлар томонидан кўплаб мурожаатлар келиши давом этмоқда. Аксарият мурожаатларда маҳаллий ҳокимликлар ва тадбиркорлар ўртасидаги турли низолар, тушунмовчиликлар баён этилган.

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, «Мўминхўжа» маҳалласида яшовчи тадбиркор Қурсия Тошпўлатова ҳам бузилган ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўради.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Каттақўрғон туманида бўлдик ва тадбиркор билан суҳбатлашиб, унинг эътирозларини тингладик.

«Мен узоқ йиллардан буён фармацевтика соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Туманнинг «Каттаминг» маҳалласида хусусий дорихонам бор эди. Дорихона биноси ҳам бизга тегишли, 2014 йилда олди-сотди шартномаси асосида сотиб олганман, эгалик ҳуқуқи ва кадастр ҳужжатлари ҳам бор. Дорихона 2013 йилгача фаолият кўрсатди. 2017 йил май ойида ушбу бинода ёнғин содир бўлди ва бинонинг том қисми ёниб кетди. 2017 йил июнь ойида хусусий корхонамиз фаолиятини тугатдик. Кейинчалик соғлиғим ёмонлиги туфайли ишни қайта давом эттира олмадик. Аммо бино бизга тегишлилигича қолганди. Соғлиғимни тиклаб, 2018 йилдан ўша бинода яна тадбиркорлик фаолиятимни бошлашга ҳаракат қилиб юрганимда, уйимга бир йигит келиб, бинонинг ғиштларини сотишимни сўради. Нега бундай деяётганини сўрганимда, у дорихона биноси махсус техника ёрдамида туман ҳокимияти вакиллари томонидан бузиб ташлаганини айтди. Бизнинг бундан хабаримиз йўқ эди, ҳеч ким огоҳлантирмаган ҳам. Бу қандай ҳол ахир? Бино бизга тегишли бўлса, ўз-ўзидан бузиб ташлашадими? Шундан буён бир неча бор ҳокимият мутасаддиларига мурожаат қилдим. Улар менга «Ўрнига ер берамиз, дорихона биноси жойлашган ҳудуд «Обод қишлоқ» дастурига тушган», дейишди. Ҳуқуқимизни бузиб, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз мулкимизни яксон қилишгани етмагандек, шу вақтгача бузилган бино ва тортиб олинган ер эвазига ваъда қилинган ерни ҳам ажратиб беришмаяпти. Бу орада бузилган дорихона биноси ўрнига қишлоқ оилавий поликлиникаси қуришди. Мен эса мулкимдан ажралиб, қуруқ қолдим. Шу адолатданми?», – дейди биз билан суҳбатда Қурсия Тошпўлатова.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Қ.Тошпўлатова 1986 йилдан буён фармацевтика соҳасида фаолият юритиб келган. 2004 йилнинг июнь ойида Каттақўрғон тумани, «Каттаминг» маҳалласидаги дорихона биносини олди-сотди шартномаси асосида сотиб олган.

Шундан кейин у 2004 йилнинг 14 июлида «Гулизебо – Н.Қ.С» хусусий корхонаси фаолиятини йўлга қўяди.

2004 йилнинг 8 ноябрида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олади.

Аммо 2017 йилда тадбиркор соғлиги ёмонлашгани учун «Гулизебо – Н.Қ.С» хусусий корхонаси фаолиятини тугатади. Қолаверса, шу йил май ойида вақтинча фойдаланилмай турган дорихона биносида ёнғин содир бўлган. 2018 йилда эса Каттақўрғон тумани ҳокимияти мутасаддилари томонидан ушбу бино тадбиркор огоҳлантирилмасдан бузиб ташланган.

Шундан буён Қ.Тошпўлатова адолат истаб, туман ҳокимиятига мурожаат қилиб келмоқда. Аммо унга етказилган зарар қопланмаяпти. Туман ҳокимлиги мутасаддилари бузилган бино эвазига бошқа ҳудуддан ер ажратиб берилишини айтган бўлса-да, муаммо шу вақтгача ҳал қилинмаган.

Айни вақтда бузилган дорихона биноси ўрнида қишлоқ оилавий поликлиникаси қуриб, фойдаланишга топширилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандида тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги қайд этилган. Аммо тадбиркор Қ.Тошпўлатова бу ҳақида бино бузилгандан кейин хабар топган. Уни ҳеч ким огоҳлантирмаган.

Шунингдек, ушбу Низомнинг 26-бандида юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланиши белгиланган. Бироқ Қ.Тошпўлатовага етказилган зарар шу кунга қадар қопланмасдан қолмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Н.Саноқулов ва ҳокимлик ҳуқуқшуноси К.Аҳмедов билан учрашдик.

Мутасаддилар тез кунларда Қ.Тошпўлатовага бузилган дорихона биноси ва ундан олиб қўйилган ер эвазига бошқа ҳудуддан 1 сотих ер ажратиб берилишини айтди. Айни вақтда ажратиладиган ер ҳам белгилаб олинганини билдиришди.

Ҳокимлик мутасаддиларининг тадбиркор муаммосини ижобий ҳал этгани яхши, албатта. Аммо дорихона биноси бузилаётганда нега тадбиркор огоҳлантирилмаган? Нега унга ўз мулкидаги, яъни бинодаги қурилиш хом ашёларини олиб чиқиб кетишга имконият беришмаган? Афсуски, бу саволларга қониқарли изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Тан олиб айтиш керакки, Каттақўрғон туманида уй-жой ва ер билан боғлиқ низолар кўплиги мазкур туман аҳолисидан шу мазмунда келаётган мурожаатлар кўламидан ҳам кўриниб турибди.

Туман ҳокимлигининг айни вақтдаги раҳбарияти кўп ҳолларда ер, уй-жой билан боғлиқ муаммолар аввалги раҳбарлар даврида тўпланиб қолганини таъкидлашади.

Хўп, буни тўғри тушуниш мумкиндир. Аммо тадбиркор Қ.Тошпўлатованинг ер ва мулки бўйича низо айни вақтдаги раҳбарлар даврида юзага келди-ку?! Кўп низолар ва муаммоларни аввалги раҳбарларга ағдараётган туман мутасаддиларининг ўзлари бугунги кунда тадбиркорга адолатсизлик қилиб, ушбу чигал вазиятни яратишди-ку? Бунга ҳам аввалги раҳбарлар айбдорми?

Kun.uz тадбиркор Қурсия Тошпўлатованинг туман ҳокимлиги томонидан бузилган ҳуқуқи тикланишини кутади ва бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид