Жамият | 14:07 / 13.03.2019
16876
6 дақиқада ўқилади

«Бу бизнинг вазифамиз эмас!» Бир ярим ойдан буён раҳбарма-раҳбар югуриб саргардон бўлаётган Асакадаги маҳалла аҳли муаммоси ҳақида

«Мухбир ака, 20 январдан бери аҳвол шу. Электр тармоқлари раҳбари «Бу симёғоч ва трансформатор менинг балансимда эмас, тузатиш мени вазифамга кирмайди», дейди. Туман ҳокими ўринбосарига борсак, аввал ваъда бериб, кейин: «Ҳадеб телефон қилаверманг. Шундоқ ҳам, ишимиз кўп» дея гапни қисқа қилса... Кимга борайлик?». Фуқаролар томонидан келган мана шу муаммо ортидан Асакага бордик.  

Баъзида маҳаллий ҳокимият ва тармоқ раҳбарларининг аҳоли томонидан қилинган оддий мурожаатга ҳам беэътибор бўлишини кўриб ҳайрон қоласиз. Наҳотки, жамиятимиздаги бугунги ўзгаришлар уларнинг елкасига масъулият юкини юкламаётган бўлса? Ахир, ҳар қандай раҳбарга энг аввало халқ хизматини қилиш учун маълум бир масъулиятли вазифа юкланган.

Андижон вилояти, Асака шаҳридаги Гулистон кўчасига борганимизда бизни Эргашобод, Ибн Сино, Бўстон маҳаллаларининг «Зарбдор Янгичек», «Шоҳимардон» ва «Зиёкор» кўчаларида яшовчи аҳоли вакиллари кутиб туришган экан.

Муаммо шундаки, мазкур кўчаларга сув тортувчи қурилмаларга электр етказиб берувчи трансформаторга уланган симёғоч 20 январь куни қулаб тушган. Сув тортиш иншооти электрдан узилгач, маҳаллалардаги 300 чоғли хонадон ичимлик сувисиз қолган.

Қизиқ масала, мазкур трансформатор ва симёғоч маҳалла аҳолиси томонидан ўз маблағларига кўп йиллар олдин ўрнатилган экан. «Ёнбошлаб» қолган симёғочни дарров хавфсиз ҳолга келтириш ва ўрнатиш сув насослари турган хонани таъмирлаш ва яна улаб аҳоли муаммосини ҳал қилиш керак эди.  

 Муаммонинг энг ёмон ҳолатли томони, симёғоч ағанаганда сув насослари ўрнатилган бинонинг бир тарафи ариққа оғиб кетган. Бино ичидаги жавонда ва унинг атрофидаги симларда 6 минг вольт электр борлиги жуда хавфли ҳолатдир.

 Агар авария ҳолатидаги хона ва жавонга бирор ёш бола эҳтиётсизлик билан кириб қолса, фалокат юз бериши хавфи мавжуд.

Симёғоч қулаб тушган куни маҳалла фаоли, тадбиркор йигит Азизбек Исақов аввал туман электр тармоқлари раҳбари Хуршид Юлдашевга учраганини айтди.  

«27 январь куни электр тармоқлари инженери келиб, «Кран топиб беринг!» деди. Мен туман «Сувоқова» ташкилотига айтдим, уларга раҳмат, вилоятдан кран чақириб беришди. Шундан сўнг электр тармоқлари ходимлари, симёғочни суғуриб, кўприк тепасига қўйиб кетиб қолишибди. Симёғочни жойига ўрнатишга эринишган чоғи...

Шундан сўнг яна электр тармоқларига бордик. Иш битмади. Раҳбари, «Бу трансформатор ва симёғоч бизнинг балансда эмас. Уни тузатиш, ўрнатиш бизнинг вазифаларимизга кирмайди», деди. Туман ҳокимлигига бордик. Ҳоким ўринбосари Улуғбек ака тузатишга ваъда берди. Лекин, кунлар ўтса ҳам ўзгариш бўлмади. Телефон қилсак, ҳадеб телефон қилавермасликни сўрайди ва симёғоч ўзи ариқнинг ҳимоя зонасида эканлигини айтади. Тўғри, трансформатор ва симёғочни маҳалла пул тўплаб ўша пайтда 18 миллион сўмга олганмиз. Бу ускуналар «электросеть» балансида турмайди. Лекин, туманда электр симларини улайдиган ва симёғочни жойига ўрнатадиган мутахассислар бошқа идорада йўқ-ку? Туман ҳокимлигига боравериб, зада бўлиб кетдик. Энди, республика идораларига мурожаат қилдик», дейди Азизбек.

Қарангки, аҳоли оддийгина муаммони ҳал қила олмагани учун маҳаллий ҳокимият вакиллари устидан республика мутасаддиларига  арзнома ёзяпти.

Сабаб, битта – муаммонинг эгаси йўқ!

«Ишчи гуруҳ келади, сектор аъзолари келади. Қоғоз қоралайди, савол беради. Ҳеч фойдаси бўлмаса... Мен сизга ҳам ишонмайман. Келасиз-кетасиз. Трансформатор узилиб, симёғоч эса ағанаб ётгани ва сув насоси ишламай қолганининг бировга қизиғи йўқ», дейди ўзини Азимжон Ҳамроқулов дея таништирган отахон. У киши «Зиёкор» кўчасида истиқомат қилар экан.

Баъзида, мана шундай оддий халқ муаммосига лоқайдлик билан қараб, аҳоли тушунчасида, бугунги ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларга салбий муносабат уйғотаётган раҳбарлар борлигидан афсусланиб кетасиз.

«Бу муаммо бизга тааллуқли эмас», «Масалани менинг идорам ҳал қилмайди», «Ўз вазифамдаги нарсани талаб қилинг», каби жавоблар эса асакалик аҳолини қийнамоқда.

 Ахир трансформатор узилиб, симёғоч ағанаса электр тармоқлари тузатмасдан, халқ таълими ўнглайдими? Аҳоли мазкур муаммони  ҳокимиятга бориб айтмаса, кимга айтади?

Вилоят ва туман мутасаддилари танқидий мақола чиққанидан сўнг, «шарт эмас эди, тўғрилаб қўярдик», дея эътироз қилиши ҳам бор.

Ахир, аҳоли маҳаллий ҳокимият эшигини тақиллата-тақиллата жавоб ололмагач, сайт таҳририятига мурожаат қилган-ку?

Тўғриси, Асака шаҳрида бир ярим ойдан бери 300 хонадонни сувсиз қолдириб келаётган муаммони биз ҳам «Бу муаммо бизга тааллуқли эмас» деб кета олмадик.

Элмурод Эрматов, Андижон

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид