Ўзбекистон | 14:52 / 13.03.2019
18854
2 дақиқада ўқилади

Касблар ва лавозимлар классификаторига қўшимчалар киритилди

Фото: KUN.UZ

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Қайд этилишича, ўзгартиришлар киритилиши кутилаётган эди, сабаби 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида назарда тутилган эди.
 
Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига хизматчиларнинг учта янги лавозими киритилди: ички туризм гид-экскурсоводи, туризмнинг фаол турлари бўйича йўриқчи-кузатувчи ва ички туризм экскурсоводи. Ўрта махсус касб-ҳунар маълумотига эга шахслар ушбу лавозимларда ишлашлари мумкин.
 
Эслатиб ўтамиз, хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори:

• хизматчиларнинг лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш қисмида ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этиш, меҳнат шартномаларини тузиш, буйруқларни расмийлаштириш, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритиш чоғида мажбурий ҳисобланади;
• ишга қабул қилишда, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилашда минимал маълумот даражаси қисмида давлат корхоналари, давлат муассасалари ва устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган бошқа давлат ташкилотларида қўллаш учун мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун эса – тавсия тусига эга;
• маълумот йўналишлари қисмида – барча ташкилотлар учун тавсия тусига эга. 
 
Ҳужжат 28.02.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид