Ўзбекистон | 20:50 / 13.03.2019
18903
4 дақиқада ўқилади

​Ободонлаштиришдаги «барбод» бошқарув

Раҳбарларнинг ободонлаштириш бошқармаси ходимларига адолатсиз муносабати давом этяпти

Kun.uz'да «сариқ нимчалилар» ҳаёти билан таништирувчи видео ролик эълон қилинган эди.

Оғир иш шароити, транспорт муаммоси, аҳолининг кўча ободонлаштириш ходимларига номуносиб муносабати, ҳожатхона ва кийим алмаштириш учун жой йўқлиги ҳар қандай иқлим шароитида эрта тонгдан кун ботгунича давом этадиган бундай меҳнат турини яна қийинлаштиради.

Видео роликни чиқаришдан мақсад ҳам ана шу муаммоларга мутасаддиларнинг эътиборини қаратиш, жамиятнинг ҳар бир иштирокчисида масъулият ҳиссини оширишдан иборат эди.

Шу кунгача интернет тармоқларида биринчи видео 85416, иккинчи видео ролик 75229 маротаба кўрилган ва унга умумий 2 мингдан ортиқ киши изоҳ қолдирилган. Изоҳлар, ижтимоий тармоқларда бошланган турли акциялар (Бухоро вилоятида ободонлаштириш ходимларига оддий инсонлар флешмоб кўринишида оммавий ёрдам беришган) халқнинг ободонлаштириш бўлими ходимларига бўлган эътибори, ҳурмати ошганлигидан далолат беради.

Хўш, мутасаддилар ҳам видео лавҳалардан тегишли хулоса чиқардими? Ҳа, чиқарди. Агрессивлашишди. Бу «сариқ нимчалилар» видео материалининг ҳисобот сонини, яъни видеода кўтарилган муаммолар амалда қанчалик ўз ечимини топганлигини билиш мақсадида олиб борган суриштирувимизда журналистлар гуруҳига кўрсатилган муносабатдан англашилади.

Лойиҳа муаллифи сифатида ободонлаштириш ходими ва бошқарувдаги масъуллардан «видеони кўрдингизми», «ўзгариш бўлдими» каби саволларга жавоб олмоқчи эдик.

Иккала роликда ҳам журналист билан суҳбатлашган, интервью берган Муҳаррам Миржалилованинг яқинига борган пайтимиз, бошқа ишчилар «келяпти», «орқада», «гапирманг» дея аёлни нимадандир огоҳлантиришга уринишди.

Олдимизга ўша ҳудудда ишлаётган ишчилар бригадаси бошлиғи келиб ҳуқуқшуносликдан билимини кўрсатишни бошлаганда Муҳаррам опанинг нимадан «огоҳлантирилганини» англадик.

Масъул шахс нафақат Муҳаррам Миржалилова, балки қолган ишчилар билан ҳам суҳбатлашишни тақиқлади. Бунга сабаб қилиб, ходимларни ишдан чалғитаётганлигимиз важ қилинди. Журналистни судга бериш билан таҳдид қилишга уринган мансабдор шахс шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимини ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб, улар учун ўзбошимчалик билан қарор қабул қилиши кўзга ташланди. Бу унинг «булар интервью бермайди» деган сўзларидан англаш мумкин.

Ваҳоланки, ахборот манбаси ўз розилиги билан ахборот бериши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолати тўғрисида»ги қонуни билан ҳимояланган.

Масалага ойдинлик киритиш учун Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига бориб, раҳбарият изоҳини сўрадик. Қабулхонадаги 55 дақиқалик кутиш вақтидан сўнг, бошқарма бошлиғи Азамжон Ризашов ноаниқ сабабларга кўра суҳбатдан бош тортди ва бу билан Ўзбекистон Республикаси «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддалари қасддан бузгандай кўринди.

Бошқарма бошлиғи ободонлаштириш иши бўйича саволимизга Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати бўлими жавоб бериши кераклиги ва «улар бунга ойлик олаётганини» маълум қилди.

Начора, у айтганидек шаҳар матбуот хизмати бўлими билан боғланишга уриндик. Аммо кўп ҳолларда кузатилган вазият сингари масъул шахслар билан боғланиш муаммоси ҳали ҳам ечилмаганлигининг яна бир карра гувоҳи бўлдик.

Интервьюга киришган Мухаррам Миржалиловага қўнғироқ қилганимизда овозларидан йиғлаганликлари сезилиб турар эди. Суҳбатга таклиф қилганимизда бош оғриғини важ қилиб таклифимизни рад этди. Ҳисобот тасвирга олиш ишларимиз халқимиз иш шароити яхшиланишига хайрихоҳлик билдираётган ободонлаштириш ходимлари иш шароитлари яхшиланмаганлиги, аксинча масъулиятсиз мутасаддиларнинг тазйиқига учраётганлигини кўрсатди. Хулоса – ўта қониқарсиз!​

Мўътабар Хушвақтова

Мавзуга оид