Ўзбекистон | 15:27 / 13.03.2019
11889
3 дақиқада ўқилади

Рембрандт асари Маданият вазирлигига берилди —​ Бош прокуратура

Голландиялик машҳур рассом Рембрандт Ван Рейн қаламига мансуб асар 13 март куни Ўзбекистон Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги тасарруфига топширилди. Бу суднинг тегишли хулосасига биноан амалга оширилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

2014 йил майда Тошкент шаҳар Яккасарой туман ИИБ томонидан очилган жиноят иши юзасидан Бош прокуратура ишни қайта ўрганиб, жиноятни фош этганди.

Картина тарихи

Маълум қилинишича, А.П. хонадонида сақланиб келинаётган Рембрандт асарини 2008 йили 50 минг доллар эвазига К.Й.га сотган. Аммо сотувчи асар ноқонуний савдо қилингани, унинг ўзи алданиб қолганини билдириб, ҳуқуқ-тартибот органлари мурожаат қилганди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 2014-18 йиллар давомида тергов турли сабаб ва важлар, хусусан жиноят таркиби топилмагани сабабли тўхтатилган. Бу орада Рембрандт асарининг янги хўжайини ўз таниши орқали картинани Ўзбекистондан ноқонуний олиб, чиқиб кетилиши олди олинган. А.П.нинг Бош прокуратурага мурожаатидан сўнг, шахсан Бош прокурор Отабек Муродов топшириғи асосида иш билан жиддий шуғулланиш бошланди.

Суд иши

Суд айбланувчилар К.Й. ва Р.Ф.ни Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топди. Сурат эса давлат фойдаси мусодара қилиниши маълум қилинди.

Апелляция мурожаатидан сўнг, суднинг биринчи инстанцияси томонидан чиқарилган ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Тошкент шаҳар Яшнобод туман МИБ ходимлари томонидан суд қарорини ижро этиш мақсадида, махсус комиссия аъзолари иштирокида картина Маданият вазирлигига топширилган.

Асар қиймати 

1606-1669 йилларда яшаган голландиялик мусаввир ғарб тасвирий санъат оламига сезиларли таъсир кўрсатган ижодкор саналади. 

Маданият вазирлигининг бадиий экспертиза кенгаши томонидан таклиф қилинган хорижий экспертнинг хулосасига кўра, асар 8 миллиондан 15 миллион еврогача нархланади. Хорижий аукцион савдоларида эса картина қиймати 150 миллион еврогача кўтарилиши мумкин.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид