Спорт | 12:50 / 13.03.2019
42079
8 дақиқада ўқилади

Роналдунинг парвози. У Симеонега ирода нелигини кўрсатди

Туриндаги йирик ҳисобдаги мағлубият (0:3) «Атлетико»нинг Европадаги юришини тўхтатди.

«Ювентус» (Италия) - «Атлетико» (Испания) - 3:0 (1:0)
Голлар: Криштиану Роналду, 27 (1:0). Криштиану Роналду, 48 (2:0). Криштиану Роналду, 86 - пенальти (3:0).
«Ювентус»: Шченсни, Жоау Канселу, Кьеллини, Бонуччи, Спинаццола (Дибала, 67), Пьянич, Матюиди, Эмре Жан, Криштиану Роналду, Манжукич (Кин, 80), Бернардески.
«Атлетико»: Облак, Ариас (Витоло, 77), Годин, Хименес, Хуанфран, Коке, Эрнандес, Сауль, Лемар (Корреа, 57), Гризманн, Мората.
Огоҳлантиришлар: Бернардески, 64. Хуанфран, 73. Хименес, 86. Витоло, 90+1.
Ҳакам: Куйперс (Нидерландия).
12 март. Турин. «Ювентус» стадиони.
Биринчи ўйин: 0:2

Мадриддаги ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишганида ҳам ҳеч ким «Атлетико» кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилди деб ҳисобламаётганди, ҳали «Ювентус»га ҳукм ўқилмаганди. Ўшанда ўйин тенг кечган, фақат ўйин охирида мадридликларнинг омади келиб, жавоб ўйини олдидан яхши имконият ҳосил қилишганди. «Атлетико» ўз мухлислари қаршисида бир бош баланд сакради ва Туринга сафардан олдин катта устунликка эга бўлди. Аммо Симеоне ҳали Италиядаги ўйинда «Юве» ўз жамоасини чорак финалга қўйиб юбормаслик учун «ўлигини ташлаши»ни аниқ биларди.

Кьеллинининг бекор қилинган голи

«Атлетлар»ни қийин ўйин кутаётганди. Катта эҳтимол билан жамоа бошқарувида охирги мавсумини ўтказаётган Массимилиано Аллегри ўз шогирдларини ўйинга шундай тайёрладики, ҳакамнинг ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштаги янграши билан бу футболчилар «матрасчилар» вакилларига «ёпишиб» олди. Бешинчи дақиқадаёқ Кьеллинининг зарбасидан кейин тўп Облак қўриқлаётган дарвозага бориб тушди.

Аммо Куйперс бу ҳужум вақтида Роналду томонидан дарвозабонга нисбатан фол ишлатилганини қайд этди ва голни бекор қилди. Роналду эса тўпга ўйнаганини айтиб, юзини қаттиқ бужмайтирди.

Криштианунинг парвози

Ўтган ҳафтада А Сериянинг навбатдаги турида «Удинезе»га қарши ўйинда (4:1) дам олган португалиялик ҳужумчи бу ўйиндаги энг фаол футболчи эди. Биринчидан, уни Туринга «Юве»нинг ички чемпионатдаги рекордларини янгилашга ҳисса қўшиш учун эмас, ЕЧЛ ғолиблигини олиб бериш учун чақиришганди. Иккинчидан, Роналдунинг голсиз серияси қарийб бир ойга етганди, у охирги марта 16 февраль куни «Фрозионе» дарвозасини ишғол қилганди.

У биринчи бўлим ўрталарида, ҳали «Атлетико» ўз жарима майдони атрофидан олдинга юришни истамаётганида Криштиану сериясини якунлади ва ҳисобни очди. У Бернардески узатган пасга Хуанфрандан баландроқ сакраб, тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Стадион ларзага келди.

Мезбонларнинг таклифи
«Юве» босим уюштиришда давом этди, нафақат ҳужумда, балки ҳимояда ҳам ишончли ҳаракат қилди - туринликлар меҳмонларга майдон марказининг иккинчи қисмида эркин қадам ташлашига йўл қўймади. Гризманнинг ўзига ўзи голли вазият яратишга уринишлари ўхшамади, танаффус арафасида Моратанинг зарбаси қийшиқ кетди, умуман олганда, «атлетлар» майдон эгалари томонидан таклиф этилган ёрқин ўйинга қандай жавоб қайтаришни билишмади.

Технология ёрдами
Иккинчи бўлим бошида «Атлетико» учун огоҳлик қўнғироғи чалина бошланди - Роналду дублни расмийлаштирди ва умумий ҳисобни тенглаштирди. Облак португалиялик форварднинг бош билан берган навбатдаги зарбасини қайтарди, фақат дарвоза чизиғини кесиб ўтганидан кейин. Технология туринликларга ёрдам берди, тўп дарвоза чизиғидан тўлиқ ўтгани исботлаб берилди.

2:0 ва ҳакамнинг охирги ҳуштагига қадар 40 дақиқа.

Янги қон
Иккинчи голдан кейин мураббийлар майдонга қўшимча кучларни ташлай бошлашди. Симеоне майдонда борлиги сезилмаган Лемарнинг ўрнига ўзининг «қутқарувчи фариштаси» Корреани туширди, Аллегри ЕЧЛда ёрқин дебют ўтказган Спинаццоланинг ўрнига Дибалани жангга ташлади, кўп ўтмай ўтган ҳафта қаҳрамони бўлган 19 ёшли Кин Манжукич ўрнини эгаллади.

Икки жамоа ҳам бир хил шароитда эди: бир гол ўйин тақдирини ҳал қилар ёки «Юве» ўйинни пенальтилар сериясига қадар олиб бориши мумкин эди. «Атлетико» эса Шченснини зериктиришда давом этди ва ҳужумга ўтмади.

Корреа уялтирди

81-дақиқада Кин майдон эгаларининг учинчи голини уришга бир бахя қолди, аммо унинг узоқ масофадан берган зарбаси тўсинга тегди. Кейин эса Симеоне умид билан майдонга ташлаган Корреа жарима майдонида тушунарсиз равишда рақиб футболчисини йиқитди - у бу сафар жамоасини қутқариш ўрнига яксон қилиб қўяқолди. Аргентиналик футболчи тўп билан ҳаракатланаётган Бернардескининг ортидан очиқчасига туртгач, Куйперс 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Роналду эса нуқтага яқинлашди ва қора-оқ рангли футболкадаги илк ҳет-тригини нишонлади.

Бу ҳет-трик орқали у азалий рақобатчиси Лионель Мессига ҳет-триклар сони бўйича етиб олди ҳам. Унинг учинчи голи - «Атлетико» учун «қатл ҳукми» эди, мадридликларда бу ўйинни қутқариш учун иштиёқ йўқ эди.

Ва футболчилар ўйинни қутқаришмади.

«Атлетико» учун эҳтимолий сценарийларнинг энг ёмони рўй берди, Симеоне жамоаси Мерфи қонуниятидан (агар қандайдир ёмонлик содир бўлиши кутилаётган бўлса, у албатта амалга ошиши) қутилиб қололмади, бу ўйинда учта гол уриши талаб этилган Роналду учта гол урди.

Роналду «Атлетико»га яна ЕЧЛ ўйинида ҳет-трик қайд этди. У бу жамоага жами тўртинчи бор ҳет-трик қилишидир.

Симеоне учун навбатдаги даҳшат. Бир футболчининг ўзидан 25 гол ўтказиш – ҳаддан ташқари. Роналду навбатдаги қаҳрамонлиги билан навбатдаги «Олтин тўп» сари дадил қадам ташлади.

Симеонени ва унинг жамоасини Мадриддаги «Ваньда Метрополитано» ўйингоҳида кечадиган ЕЧЛ финалида кўрмаймиз, Криштиану ва жамоадошларини эса кўришимиз мумкин. Аллегри агар жамоаси финалга чиқса, Буффон ҳам бу ўйинга бирга олиб борилишини ваъда қилди.

Мавзуга оид