Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўшработда «тез ёрдам» шифокори ва ҳайдовчисини маст «бемор» ва унинг яқини калтаклади
Аҳолининг «Тиббий тез ёрдам» хизматидан фойдаланиши учун кейинги йилларда жуда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Машина парки тубдан янгиланди, қишлоқ врачлик пунктлари таъмирланмоқда, «тез ёрдам» машиналарининг олис қишлоқлардан бўладиган чақирувларга ҳам зудлик билан етиб бориши таъминланмоқда.
Бироқ бу шарафли касб эгалари аҳён-аҳёнда маст ва ҳуқуқбузар беморлар, шунингдек, вафот этган беморларнинг яқинлари томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарлар тарқалиб туради.
Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида рўй берган шундай бир воқеа ҳақида хабар етиб келди.

Қўшработ туманининг Жўш қишлоғида тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими фаолият кўрсатмоқда. У ерда чақирув қилган беморлар олдига ўз вақтида етиб бориш учун бир дона «Дамас» автомашинаси ажратилган.

7 март куни кечаси соат 22:00-23:00 орасида Жўш қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Р.О.дан чақирув келиб тушади. Медицина олийгоҳини яқинда тамомлаб, 2018 йилнинг ноябридан буён умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлаётган ва шу куни навбатчилик қилаётган М.К. фельдшер ва ҳайдовчи Ш.П. билан биргаликда (Kun.uz’га маълум исм-фамилиялар айрим сабабларга кўра ошкор этилмаяпти) кўрсатилган манзилга боришади.
— Р.О.нинг ўзи қўнғироқ қилиб, мазаси бўлмаётганини айтиб, гемодез деган дори харид қилиб келишимизни буюрди. Борганимизда уни маст ҳолатда учратдик. Қон босимини ўлчадик, бошқа симптомларга кўзимиз тушмади. «Мана шу дорини томчилатиб томиримга жўнатасизлар», деб битта ампула берди. Уй қоп-қоронғи эди. Мен бундай қила олмаслигимни, бу номаълум дори эканини айтдим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган 34та дори воситаси ичидан бошоғриқни қолдирадиганини ёзиб бердим. Шунда у мени ҳақорат қилиб урди. Фельдшер ажратишга ҳаракат қилди. Жуда ёмон сўзлар билан ҳақоратлади. (Шифокор бўлиб ўтган воқеанинг аудиосини уяли телефонига тўлиқ ёзиб олган).
Шундан сўнг, шовқин-суронни эшитиб, Р.О.нинг ён қўшниси ва амакиваччаси Т.О. ҳам уйга кириб келади ва фельдшерни бўғиб олади. «Ҳеч қаерга кетмайсан, эрталабгача мана шу ерда ўтирасан», дейишади. Шифокор ва фельдшер бошқа фуқаролардан ҳам чақириқ бўлиши мумкинлиги, уларга ҳам тиббий хизмат кўрсатиш кераклигини айтиб, уйни тарк этишади ва кўчада кутиб турган «Дамас» тез ёрдам машинасига ўтиришади. «Бемор» Р.О. кўчага чиқиб, шифокорнинг қўлидан дорилар солинган қутини юлиб олади. Ўзини эса машинадан тортиб тушириб, яна уйга судраб олиб киради. Бу вақтда Т.О. бошқа томондан келиб, ҳайдовчи Ш.П.нинг кўзига қаттиқ мушт туширади.
Уйдан бир иложини қилиб қочиб чиққан М.К. келибоқ 102 рақамига қўнғироқ қилади ва бўлиб ўтган воқеани баён қилади. 48 минг киши истиқомат қилувчи Жўш маҳалласида жойлашган 14-сон ички ишлар бўлинмаси профилактика инспектори Аҳрор Норқулов ва бошқалар бўлиб ўтган воқеадан хабар топиб, шифокорнинг дори солинган сумкасини олиб келиб беришади ва терговолди суриштириш жараёнини бошлаб юборишади. Ҳайдовчи Ш.П.нинг аҳволи бироз ёмонлашади ва шифокор иккиси туман марказидаги тиббиёт бирлашмасига боришади.
9 март куни М.К. Қўшработ туман прокуратурасига воқеа аудиоёзувларини илова қилиб, ариза ташлаган.
Биз Қўшработ туман прокурори ўринбосари Эркин Ҳайитовдан мазкур иш бўйича қандай ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳақида сўрадик.

— Ариза бизга келиб тушгач, ишни тегишлилиги бўйича туман Ички ишлар бўлимига ўтказганмиз. Айни пайтда тергов ишлари бошланиш арафасида. Яна 4–5 иш кунида охирига етказилса керак. Иш тўлиқ ўрганилади ва тергов қарори қабул қилади, — дейди прокуратура вакили.
Мазкур масала юзасидан 14-сон ички ишлар бўлинмаси бошлиғи Шерзод Зоҳидовнинг фикрлари билан ҳам танишдик.

— Фуқаролар Р.О. ва Т.О.га мана шундай муштумзўрлиги учун илгари ҳам бир неча марта маъмурий тартибда чоралар кўрилган. Қўни-қўшнилар, жамоатчилик безор. Бир неча марта тушунтириш ишлари олиб борганмиз, уларнинг жамиятда ўзини тутиши ва хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинган. Албатта, халқнинг саломатлиги дардида юрган шарафли касб эгаларининг калтакланишини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Биз терговолди суриштирув ишларини якунлаб, иш материалларини терговга узатганмиз, — дейди майор Ш.Зоҳидов.
Энг ҳайратланарлиси, бировга қўл кўтарганидан сўнг иш бундай тус олганини кўрган муштумзўрлар «ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик», деганларидек, шифокор устидан «бизнинг 10 миллион сўм пулимизни ўғирлаб кетди», деб қарши ариза ёзишган.
Албатта, шифокорларнинг маст фуқаролар томонидан, ёки «кеч қолдинг» деб, айниқса, улар етиб боргунча беморнинг вафот этиб қолиши туфайли калтакланиши, уларга тазйиқ ўтказилиши асло тоқат қилиб бўлмайдиган ҳол.
Жорий йилнинг 29 январь санасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Мазкур лойиҳа билан ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф этилмоқда.
Биз соғлиқни сақлаш вазирлиги, мутасадди кучишлатар ташкилотлар ва депутатлардан тиббий тез ёрдам шифокорларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўриш, уларга зўравонлик қилган кишиларга нисбатан жазо чораларини кескин кучайтиришни ва бу борада бошланган ишларни тезлаштиришни сўраб қоламиз.
Kun.uz эса мазкур ишни охиригача кузатади ва бу мавзуга яна қайтади.
Эслатиб ўтамиз, илгари Олтиариқ ва Паст Дарғом туманида ҳам мана шундай ҳолатлар кузатилган эди. Шунингдек, сайтимизда «Андижонда врачга қўл кўтаришди. Тиббиёт ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳақида қонун долзарб(ми!?)» сарлавҳаси остида ушбу мавзуда таҳлилий мақола эълон қилинганди.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
12:02 / 11.05.2025