Жамият | 12:00 / 15.03.2019
31227
7 дақиқада ўқилади

«Техник хато» туфайли икки олийгоҳдан ҳам қуруқ қолган қиз: унинг муаммосига ечим топиладими?

Фото: Fotolia

Самарқанд шаҳрида яшовчи Фотима Усмонова ўзига боғлиқ бўлмаган сабаб билан талабалар сафидан чиқариб юборилди. Мана, ярим йилдирки институт раҳбарияти ва бошқа идораларга қилинган мурожаатлар мутлақо натижа бермаяпти.

Собиқ талабанинг онаси — Назира Усмонова Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб муаммо қандай келиб чиққанини сўзлаб берди.

Хуллас, Фотима Усмонова 2017 йил Россиядаги Халқлар дўстлиги университетига ўқишга кирган. Ўқишнинг биринчи босқичини тугаллаб, 2018 йил оилавий шароит туфайли ўқишини Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига кўчиришга қарор қилган.

2018 йил 5 августда тегишли ҳужжатлар ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган, ҳеч қандай эътироз билдирилмаган. 24 августда эса Усмонова ўқишни кўчириш бўйича ўтказилган махсус тест синовларини муваффақиятли топширади ва унинг исм-шарифи ўқишга кирганлар рўйхатига киритилиб, эълон қилинади. 7 сентябрда эса институт қабул бўлими бошлиғи тўлов шартнома қоғозини беради ва шартнома пули ҳам тўланади. 

Қисқаси, Ф.Усмонова ўқишни бошлаб юборади. 2018 йил 12 сентябрда иқтисодиёт ва менежмент факультети иқтисодиёт йўналишига ўқишга қабул қилингани тўғрисида Россия халқлар дўстлиги университети ректори номига Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори имзоси билан расмий хат ҳам юборилади. Табиийки, мана шу хат асосида Россия халқлар дўстлиги университети Раҳмонқуловани талабалар сафидан чиқаради. Энг ёмони шундан кейин содир бўлади: 17 сентябрь куни талабанинг уйига институтдан қўнғироқ бўлади — «Қизингиз ўқишга қабул қилинмади».

Талабанинг яқинлари эртаси куниёқ ректор қабулига, у ердан изоҳ ололмагач, ўқув бўлими бошлиғи учрайди. Бўлим бошлиғи И.Шодмонов эса «Қизингиз Халқлар дўстлиги университетида сиртдан таҳсил олган, Низом бўйича сиртқи таълим олаётган талабалар кундузги бўлимларга қабул қилинмайди».

Энди собиқ талаба ва унинг яқинлари ҳақли равишда қатор саволларни ўртага ташламоқда.

1. 5 август. Низомга тўғри келмас экан, нима учун Ф.Усмонованинг ҳужжатлари эътирозларсиз қабул қилинди?

2. 24 август. Нима учун Усмонова таълимни кўчириш бўйича онлайн тест синовига киритилди?

3. Нима учун ўқишга қабул қилинди?

4. 7 сентябрь. Қайси асосга кўра таълим учун икки томонлама шартнома тузилди ва шартнома пулини тўлашга рухсат берилди?

5. Усмонованинг икки йил бой берилган умри учун ким жавобгар?

Худди шу саволлар билан институт маъмуриятига боғландик. Ўқув бўлими бошлиғи И.Шодмонов қуйидагича жавоб берди:

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 12-бандига мувофиқ сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга йўл қўйилмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида»ги Низом ҳам республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавобини беришга асос бўлади».

Хўп, белгиланган қоида бўйича, мазкур амалиёт мумкин эмас экан нима учун икки ўртада шартнома имзоланди? Ва энг ёмони: СамИСИ ректори Россия халқлар дўстлиги университетига расман хат юборди?!! Ана шу каби саволларга институт томонидан ҳали ҳам асосли жавоб берилгани йўқ.

Талабанинг онаси вилоят ҳокимига, вилоят халқ қабулхонасига ва бошқа кўплаб ташкилотларга тинимсиз мурожаатлари афсуски натижа келтирмайди. 

— Институтдагилар менга «вақтида қизингизнинг сиртқи бўлимда ўқиганини айтмагансиз», деб туриб олишган, — дейди талабанинг онаси Н.Усмонова. — Ахир, бутун бошли ҳужжатлар тахламини топширган бўлсак, уларда расман ёзиб қўйилган бўлса қай тартибда ўқигани, қандай қилиб ёлғон маълумот беришим мумкин? Ҳужжатларни очиб ҳам қарамаган институт маъмурияти охир-оқибат яна ўзимни айбдор қилиб қўймоқда. Энди эса «ҳужжатларни керакли одамга бермагансиз», дейишяпти. Арзимаган, асоссиз гаплар билан набирам ҳар икки институтдан ҳам талабалар сафидан чиқиб турибди. Унга қандай тасалли бераман?

Юқоридаги икки важ бўйича. Аввало институт маъмуриятига савол: Кўчадан истаган одам келиб «Мен Халқлар дўстлиги университетида кундузги бўлимда ўқийман», деган гапи ўқишга қабул қилиш учун асос бўлиши мумкинми? Агар мумкин бўлмаса, бу ишда аввало тегишли ҳужжатлар ўрганиладиган бўлса, бугун нега талабанинг ўзи айбдор бўлиб қолмоқда. Ахир, таълим муассасаларига қабул қилиш Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссиясига тақдим этилган ҳужжатлар (Россия халқлар дўстлиги университети ректори томонидан берилган маълумотнома, ректор имзоси билан берилган талабанинг рейтинг дафтари кабилар)нинг барчасида Раҳмонқулованинг сиртқи таълим олгани аниқ ёзиб қўйилган-ку!? Ўзи бу ҳужжатлар очиб кўрилганми?

Агар ана шу ҳужжатларга қабул комиссияси эътибор қаратмаган бўлса, айб кимда? Талаба Низомда нима ёзиб қўйилганини қаёқдан билсин? Агар 17 сентябрга қадар институтга талабанинг олдинги ўқиш жойидан ростдан ҳам маълумот келмаган бўлса қайси асос билан у талабалар сафига қабул қилинган?

Институт собиқ талабанинг керакли ҳужжатларни Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссиясидаги айнан Р.Норқораева деган кишига топширмагани важини ҳам билдирмоқда. Бу «жиддий» важга алоҳида тўхталиб ўтирмадик. Ҳар ҳолда талаба ҳужжатларини ана шу комиссияга тақдим этган ва шу асосда у имтиҳонларга киритилган, шартнома имзоланган.

Шу тариқа, эътиборсизлик натижасида бир қиз ўқиш жойидан ажраб қолмоқда. Бунга қандай ечим топишни нега ҳеч ким билмаяпти?

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид