Жаҳон | 19:09 / 16.03.2019
6447
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Берлускони иши бўйича гувоҳлик бериши керак бўлган аёл радиоактив моддалардан заҳарланиб вафот этган

Фото: Алексей Витвицкий/ РИА Новости

Дастлабки маълумотларга кўра, Италиянинг собиқ бош вазири Сильвио Берлускони иши бўйича гувоҳ бўлган марокашлик раққоса Имон Фадил «радиоактив моддалар аралашмасидан» вафот этган. Бу ҳақда Италия прокуратурасига таяниб ANSA агентлиги хабар берди.

2013 йилда Берлускони вояга етмаган Карима ал-Маруғ исмли қиз билан алоқада бўлгани учун етти йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йилда собиқ бош вазирнинг адвокатлари ҳукм бекор қилинишига эришишган, аммо прокуратура янги иш қўзғаган. Бу сафар Берлускони ёлғон кўрсатма бериш учун гувоҳларни сотиб олишда айбланган.

Имон Фадил янги иш бўйича гувоҳлардан бири бўлган. The Times газетасининг ёзишича, Фадил Италия собиқ бош вазири Милан яқинидаги вилласида тунги базмларда хизмат қилган аёллар жим юришлари учун уларга катта миқдорда пул берганлиги ҳақида гувоҳлик бериши керак бўлган. У базмлар меҳмонларига ҳам оғзини юмиб юришлари учун пул берган. Тергов тахминига кўра, Берлускони бунинг учун 10 млн евро сарфлаган.

Аммо 29 январда Фадил шифохонага тушган ва 1 март куни вафот этган.

Токсикологик экспертиза хулосасига кўра, ўлимга «радиоактив моддалар аралашмаси» сабаб бўлган.  

Аввалроқ Сильвио Берлускони яна коррупцияга алоқадорликда гумонланаётгани хабар қилинганди

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид