Самарқандда халқаро кўпкари мусобақаси ташкиллаштирилди — видео ва фотолар
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан халқаро кўпкари мусобақаси ўтказилди. Мусобақа ташкиллаштирилган Жомбойдаги бу сойлик чавандозлар ўртасида “Генерал майдон” номи билан машҳур.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур кўпкари мусобақаларида республикамизнинг турли вилоятлари, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келган 500 дан зиёд чавандоз полвонлар иштирок этишди.
Масканга ўтовлар тикилди. Минглаб одамларга иссиқ таом ва ичимликлар сотуви йўлга қўйилди. Томошабинларнинг автомобиллари учун жуда кенг майдонда автотураргоҳ тайёрланиб, ЙПХ инспекторлари навбатчилиги ташкил этилди. Миллий гвардия ва вилоят ИИБ ППХ ходимлари эса қарийб 3 гектарлик майдон бўйлаб томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаб туришди. Майдон чангимаслиги учун сув сепиб турилди.
Ўн минглаб томошабинлар кўз ўнгида кечган халқаро кўпкари мусобақасининг яккалик курашларида икки марра ўртасида бориш ва қайтиш учун алоҳида 32 марта солим солинди.
Соврин учун 14 бош туя, 24 бош той, 25 бош тана, 15 та телевизор, 13 та музлаткич, 14 та кир ювиш машинаси, 47 та гилам, 8 комплект махсус спорт кийими, 10 бош улоқ, 75 миллион сўм маблағ ҳамда вилоят ҳокимининг бош соврини — Chevrolet Lacetti автомобили тикилди.
Яккалик мусобақалар ўртасида Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасида жамоавий ўйин ҳам ўтказилди ва унда ўзбекистонлик чавандозлар 3:2 ҳисобида ғолиб бўлишди.
Кўпкарида чавандозлардан ҳам кўра отлар машҳур бўлади. Уларнинг лақаблари ҳам турли-туман: “Тайсон”, “К-700”, “Бўрон”, “Барон”, “Олигарх”, “Кобра” ва ҳоказо.
Бош соврин учун қўйилган улоқ пайариқлик Элдор Бойматовнинг “Пантерра” лақабли отида ғаллаороллик полвон Ориф Шодиёровда кетди. Ғолибга автомашина калитларини Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов шахсан ўзи топширди.
Кўпкари мусобақасини кўплаб хорижлик сайёҳлар ҳам ўзгача завқ билан кузатишди. Вилоят ҳокимлиги томонидан қўшни давлатлардан келган меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди. Афғонистондан ташриф буюрган меҳмонлар кўпкарини ташкиллаштирган вилоят ва туман раҳбарларига тўн ёпишди.
Кеч кузда, ҳосил байрами муносабати билан “Генерал майдон”да яна кўпкари мусобақаси ўтказилиши эълон қилинди.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
16:53 / 02.12.2024
Иштихонда уч метрлик бўғма илон уйда сақланаётгани аниқланди
16:43 / 27.11.2024
Самарқандда ҳисобчи тадбиркорнинг 6,4 млрд сўмини онлайн қиморда ютқазиб қўйди
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024