Ўзбекистон | 14:17 / 18.03.2019
8484
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг етакчи археолог олимлари илк марта Ўзбекистонга келади:  экспедиция 750 минг долларга баҳоланмоқда

Фото: Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси

2019 йилнинг ёз мавсумида бутун дунёдан 30 нафар етакчи археологлардан гуруҳ илк марта Ўзбекистонга экспедиция уюштиради, экспедиция бюджети 750 минг долларга баҳоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.

16 март куни Нью-Йорк шаҳрида Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Қўшма Штатлардаги дипломатик ваколатхона раҳбарлари Американинг энг қадимги илмий муассасаларидан бири ҳисобланган дунёдаги етакчи тадқиқотчилар, олимлар ва кашфиётчиларни бирлаштирган Тадқиқотчилар клубининг ҳар йили ўтказиладиган 115-йиғилишида қатнашди. Ушбу тадбир одамзотнинг илк марта Ойга чиққанлигининг 50 йиллигига бағишланган бўлиб, унда дунёнинг турли бурчакларидан 2 мингга яқин меҳмон, жумладан, Канада Бош вазири, Португалиянинг Туризм бўйича давлат котиби, “Аполлон” миссиясининг олти нафар астронавти, Халқаро космик станцияларининг космонавтлари, шунингдек, таниқли олимлар, тадқиқотчилар, етакчи компания раҳбарлари ҳамда жаҳон шоу-бизнеси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг асосий қисмида 2019 йилнинг ёзида бутун дунёдан 30 нафар етакчи археологлардан иборат Клубнинг Ўзбекистонга экспедицияси ташкил қилиниши ҳақида эълон қилинди. Бундан мақсад — замонавий Қорақалпоғистон ҳудудида кашф этилган қадимий Хоразмнинг пойтахтларидан бири ҳисобланган “Бозор-қалъа” тарихий қалъасини ўрганишдир. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Бозор-қалъа” эрамиздан аввалги VI-IV асрларга тааллуқли. Тадқиқот давомида чет эл олимлари ўша давр маданияти, маҳаллий аҳолининг ўзига хос хусусиятлари, Аҳамонийлар империяси билан сиёсий алоқалари, шунингдек, кўчманчи турмуш тарзидан ўтроққа ўтиш жараёнини ўрганишади. Экспедиция натижаларига кўра, 11 октябрь куни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтадиган Клуб аъзоларининг кузги мажлисида экспедиция иши тўғрисида ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилади.

Америка томоннинг маълумотларига кўра, экспедициянинг бюджети 750 минг АҚШ долларни ташкил этиб, тўлиқ йўналтираётган томондан қопланади. Тадбирнинг бош ҳомийси - Япониянинг «Infiniti» ишлаб чиқарувчиси. Экспедиция ишида NASA'нинг юқори технологияларидан фойдаланилиши кўзда тутилган. 

Тадқиқотчилар клуби раҳбарияти билан музокаралар давомида АҚШнинг етакчи олим ва тадқиқотчи аёлларининг Ўзбекистонга ташрифи ва “Ўзбекистон сеҳрли мамлакатига Тадқиқотчилар клуби билан бориш учун таклифнома” телевизион лойиҳасини АҚШнинг PBS телеканалида намойиш этиш орқали бир йил давомида 114 миллион томошабинни қамраб олиш масалалари муҳокама этилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид