Спорт | 15:57 / 18.03.2019
6350
1 дақиқада ўқилади

«Локомотив» Ўзбекистон чемпионлиги учун ваъда қилинган 1 млрд сўм пул мукофотини олди

ПФЛ Суперлиганинг 2018 йилги мавсуми чемпиони учун ваъда қилинган мукофот пули – 1 миллиард сўм миқдоридаги маблағни «Локомотив» клуби ҳисобига ўтказиб берди.

Ташкилот расмий сайтида маълум қилинишича, бунга қадар «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Севинч» клублари ҳам ўтган мавсум якунлари бўйича қўлга киритган ўринлари учун мукофот пулларини қабул қилиб олишган.

«Профессионал футбол лигаси клублар бўйнидаги қарздорлик масалалари ҳал бўлишига қараб, рағбатлантирувчи мукофот пулларини ўтказиб боришни режалаштирган. ПФЛ қолган барча клубларга ҳам ваъда қилинган мукофот пулларини босқичма-босқич ўтказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Суперлигани юқори олтиликда якунлаган жамоалар учун қуйидаги кетма-кетликда мукофот пули берилиши кўзда тутилган:

1-ўрин учун - 1 000 000 000
2-ўрин учун - 800 000 000
3-ўрин учун - 700 000 000
4-ўрин учун - 600 000 000
5-ўрин учун - 500 000 000
6-ўрин учун - 400 000 000

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид