Спорт | 17:47 / 19.03.2019
32612
11 дақиқада ўқилади

Элдор Шомуродов Осиё Кубогидаги супер голи, Купер жамоани қандай руҳлантиргани, Моуриньо билан учрашув ва бошқалар ҳақида

Бугун Sport24 нашрида «Леога ўхшамайман – Дрогба ва Торрес ёқади». «Ростов»да ўзбек Мессиси ўйнамоқда» сарлавҳаси остида Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан интервью эълон қилинди.

Элдор рус мухбири билан суҳбатда йил бошида БААда бўлиб ўтган Осиё Кубоги таассуротлари, ўзини Мессига ўхшаш деб ҳисобламаслиги, Ўзбекистонда Нестеровни ким деб аташлари, Жозе Моуриньо билан қаерда учрашгани, собиқ клуби «Бунёдкор»га Ривалдо келган вақтдаги хотиралари каби мавзуларда сўз юритган.

– Осиё Кубогида нимчорак финал Ўзбекистон учун муваффақиятли натижами?
– Терма жамоа нимчорак финалдан албатта ўтиши керак эди. Бунинг учун бизда барча имконият бор эди. Ҳозир Ўзбекистон термасида яхши футболчилардан иборат жамоа йиғилган, аммо омад етишмади. Ишончли тарзда гуруҳдан чиқдик, Австралияга қарши баҳсда ҳам ёмон ўйнамадик. Пенальтилар серияси – лотерея демакдир.

Австралия – жуда кучли жамоа, лекин енгиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи бўлмайди. Биламан, Ўзбекистон терма жамоаси ҳозиргача бирор марта австралияликларни юта олмаган, аммо бу серия қачондир тугайди.

– Осиё Кубогининг 4та ўйинида 4та гол урдингиз.
– Бу яхши, бироқ биринчи навбатда жамоанинг натижаси муҳим. Ўзим гол урмасам ҳам, жамоа кейинги босқичга чиққанида анча кўпроқ қувонган бўлардим.

– Япония дарвозасига урган голингиз худди замбаракдан отилган ўқдек. Буни қандай амалга оширдингиз?
– Ўйин вақтида қандайдир ўзига хос ишни қилганим ҳақида ўйлаганим ҳам йўқ. Тўп қабул қилиб олдим-у, вазиятга баҳо бердим: олдинда икки ҳимоячи турарди, бизникилардан ҳеч ким йўқ эди. Кимдир бўлганида пас оширган бўлардим, аммо вазиятни ўзим ҳал этишимга тўғри келди.

Тўп ўнг оёғимда эди. Ҳимоячи тўп йўлини тўсиб қолишини ўйлаб, тўпни чапга олдим. Ўша сонияда дарвозабон дарвозадан бироз олдинга чиқиб кетганига кўзим тушди ва ўнг оёғим кафтининг ташқи тарафи билан зарба беришга қарор қилдим. Бу вазиятда чап оёқда зарба йўллаш умуман ноқулай эди.

– Австралия билан ўйинда қўшимча бўлимларда сизни Марат Бикмаевга алмаштиришди, у эса ҳал қилувчи пенальтидан гол ура олмади. Россияда шундай вазият Федор Смолов билан рўй берганида уни танқидга кўмиб ташлашганди.
– Бундай масъулиятли паллада гол ура олмаган вақтингда одамлар доимо бунга салбий муносабатда бўлишади, ёмон гап айтишади. Бу табиий. Лекин Марат ҳеч нарсада айбдор эмас. У ўйиндан кейин ниҳоятда қаттиқ изтиробга тушди. Биз бутун жамоамиз билан уни қўллаб-қувватладик ва ҳозир ҳам шундай қиламиз. Ахир ҳеч қандай даҳшатли воқеа бўлгани йўқ.

– Австралия ва Япония – Осиё Кубогида доимий фаворитлар. Нима учун Қатар ғалаба қозонди?
– Уларнинг олтин медални олишини мен ҳам кутмагандим. Биз Қатар терма жамоаси билан ЖЧ-2018 саралашида икки марта тўқнаш келгандик, Осиё Кубогидан олдин ҳам ўйнаганмиз. Бу учала ўйинда ҳам ғалаба қозонгандик – 1:0, 1:0, 2:0.

Ўша учрашувларда Қатар термасининг ўйини яхши йўлга қўйилган, аммо нимадир етишмаётганди. Ҳозир уларга «Барса»ни бошқарган испаниялик мураббий устозлик қиляпти. Қолаверса, Осиё Кубогида омад уларнинг чин йўлдоши бўлди.

– Осиё Кубоги олдидан Ўзбекистон терма жамоасида Эктор Купер бош мураббий бўлди. У нимани ўзгартирди?
– Умуман ҳаммасини, бироқ асосийси – биз билан кўп мулоқотда бўлди. Купер – мотиватор. У ўзимизни максимал даражада жамоага бағишлашимизни талаб қилди. «Сизлар Осиё Кубогида ғалаба қозона оласизлар!» деб руҳлантирди. Бизнинг мақсадимиз шу эди.

Эктор Купернинг ёрдамчилари кўп, лекин ҳамма машғулотларни унинг ўзи олиб боради. Ўзи ҳимоячи бўлган, шунинг учун Осиё Кубогидан олдин ҳаммасидан ҳам кўпроқ ҳимоя чизиғимиз устида ишладик. Лекин Ўзбекистон терма жамоаси доимий равишда ҳимояда ўйнади, демоқчи эмасман. Биз тўпни ҳам назорат қилдик, тез-тез прессинг қўлладик, қанот ҳимоячиларимиз доимий тарзда ҳужумларга қўшилиб туришди. Купер биз мусобақага ҳимояда ўтириш учун келмаганимизни айтганди.

– Гуруҳ босқичидан кейин ҳатто Омар Момани ҳам сиз ва Игнатий Нестеровнинг суратини чизганди.
– Менимча, сурат ёмон чиқмаган. Дарвоқе, Нестеровни «Осиё Буффони» деб аташади. У қитъадаги энг яхши дарвозабонлардан бири. Яқинда Ўзбекистондан Саудия Арабистони чемпионатига ўтди.

– Демак, Ўзбекистон терма жамоасида Буффон ҳам, Месси ҳам бор экан-да?
– (кулади) Билмасам... «Ростов»га ўтганимдан кейин ўзимни бундай аташларини биринчи марта сиздан эшитдим. Умуман олганда, ўзимни Мессига ўхшаш деб ҳисобламайман. Ёшлигимда Фернандо Торреснинг ўйинларини «Ливерпуль»да тўп сурган вақтлариданоқ ёқтирардим. Ва яна Дидье Дрогбани ҳам.

– Жозе Моуриньо-чи? Уни қандай учратиб қолдингиз?
–  Осиё Кубогидан кейин дарҳол «Ростов»га қўшилдим ва «Локомотив» қарши 69 дақиқа ўйнадим. Сўнг мураббийлар штаби менга кичик таътил беришди. Москвада Моуриньони тасодифан учратиб қолдим, у ўша вақтда хоккей кўришга келганди. Жозе менинг агентим Герман [Ткаченко] билан таниш чиқиб қолди. Мен у билан кўришиш учун ресторанга боргандим, Моуриньо ҳам ўша ерда экан! Учрашувимиз у Балашихда муз устида йиқилиб тушишидан олдинроқ бўлганди.

Уни жаҳондаги энг яхши мураббийлардан бири деб биламан. Эҳтимол, шунинг учун ҳам «Челси»га мухлислик қиларман, «Юнайтед»га эмас. (кулади)

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Eldor Shomurodov (@shomurodov.eldor) on

– Қишда «Ростов»дан кетишингиз мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Ҳақиқатан ҳам таклифлар тушдими?
– Бу ҳақда фақат интернетда ўқидим; агентим ҳам, раҳбарият ҳам ҳеч нарса дегани йўқ. «Ростов» билан 2,5 йиллик шартномам бор. Рақобатдан қўрқмайман; шу ерда қолиб, таркибга киришга лойиқ эканимни исботлагим келяпти.

«Ростов»га ўтмасимдан олдин Қатар клубидан қизиқиш борлиги ҳақида эшитгандим, лекин Россияни танлаганман. Кўпчилик пул туфайли Осиё клубларини танлайди, лекин мен Европада ўсишга эришишни хоҳлайман. Бироқ, Одил Аҳмедовнинг айтишича, ҳозир Хитойда ҳам футбол яхши ривожланаётган экан. У ўйнаётган «Шанхай СИПГ» жаҳондаги энг яхши академиялардан бирини барпо этган.

– Мавсум бошида майдон марказида ҳам, ўнг қанот ҳимоясида ҳам ўйнадингиз. Позицияни ўзгартириш қийин кечдими?
– Бунгача чап қанот ҳужумчиси сифатида ўйнаб кўргандим, аммо бу 4-2-3-1 схемасида эди. «Ростов»да беш ҳимоячи билан ўйнаймиз, шунинг учун қанот ўйинчилари бажарадиган вазифа бироз фарқ қилади. Эҳтимол асосий фарқ – бироз кўпроқ югуриш кераклигидадир. Лекин бу мен учун муаммо эмас.

Фото: fc-rostov.ru

– Қайси шаҳарда туғилганингиз ҳақида ҳеч қаерда маълумот йўқ.
– Термизда туғилганман. Бу шаҳар Сурхондарё вилоятида, Ўзбекистоннинг энг жанубий қисмида жойлашган. Футбол билан шуғулланишни ҳам ўша ерда бошлаганман, чунки оиламиздаги ҳамма – футболчи. Отам Азамат қуйи лигада ўйнаган. Амаким Илҳом терма жамоада ўйнаб, «Насаф» билан ОФК Кубогини, «Бунёдкор»да Ўзбекистон кубогини қўлга киритган. Уларни ватанимда яхши танишади.

6 ёшимда машғулотга боришни жуда истаганман, лекин биринчи синф бўлмагунимча мени олишмаган. Аввалига Термиздаги мактабда тўп тепиб юрганман, кейин отамнинг «Машъал» академиясида селекционер бўлиб ишлайдиган дўсти 11 ёшимда мени кўриб қолиб, отамни мен ва акам билан бирга кўрикка боришга кўндирган. Биринчи ўйиндан кейиноқ мени олиб қолишган.

– Акангиз-чи?
– Санжар 1991 йилда туғилган. У уйга қайтиб, Термизнинг маҳаллий жамоасида     ўйнади; карьерасини якунлаб, филолог бўлиш учун ўқишга кирди. У рус тили ва адабиётини ўрганади.

«Машъал» академиясида аввалига жуда қийналганман, уйимни ниҳоятда қаттиқ соғинардим. Баъзан уйга кетгим келар, лекин футболчи бўлиш мақсадимни тушуниб турардим. Қолаверса, омадим келиб айнан «Машъал»га – ўша вақтда Ўзбекистондаги энг яхши футбол академиясига киргандим. Бу ернинг кўплаб битирувчилари терма жамоада ўйнарди. Биз шунчаки мактабга қатнаб юрмасдик, балки рус ва инглиз тиллари, информатика бўйича ҳам шуғулланардик. Ва албатта, футбол машғулотлари ҳам бўларди.

– Охир-оқибат орзунгиз ушалди.
– «Машъал» асосий жамоасида бор-йўғи 10та ўйин ўтказганман, асосан захирадан тушардим. Бироқ мени «Бунёдкор»нинг ўша вақтдаги мураббийи Сергай Лушан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси орқали жуда яхши танирди. Унинг шарофати билан энг кучли ўзбек клубига ўтганман.

– Исмоилов «Матч»га берган интервьюсида Ўзбекистондаги стадионларнинг ҳолати ҳақида айтганди: сув занг аралаш, ҳожатхонада унитаз йўқ... Ҳозир ҳам шундайми?
– Шароитлар ҳақида билмайман, олий лигада бундай ҳолатга дуч келмайсиз. Аввал умуман футбол ўйнаб бўлмайдиган майдонлар бор эди, лекин ҳозир худди Россиядаги каби бу борада ҳаммаси қатъий назоратга олинган: комиссия келиб, газон сифатини баҳолайди. Агар яхши майдони бўлмаса, жамоа Суперлигага қўйилмайди.

– Бир неча йиллар олдин «Бунёдкор»да Ривалдо ўйнаганди, уни эслайсизми?
– Жамоа «Машъал» билан ўйинга келганида мен унинг қўлидан тутиб майдонга олиб чиққандим. Ўшанда амаким «Машъал»да ўйнарди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Игнатий Нестеров, Александр Гейнрих ва Анзур Исмоилов каби футболчилар мен учун юлдуз ҳисобланишарди, Ривалдони кўриб эса шокка тушганман. Унга тўпни қандай узатганим худди кечагидек ёдимда. Бугун эса ўзим терма жамоа аъзосиман. Ҳайрон қолса арзийди!

Мавзуга оид