Жаҳон | 21:50 / 19.03.2019
77826
7 дақиқада ўқилади

Масжид имоми, эрини қутқаришга интилган аёл, отаси қўлида жон берган гўдак – Янги Зеландиядаги теракт қурбонлари кимлар эди?

15 март куни Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида даҳшатли теракт содир этилди. 28 ёшли Брентон Таррант яна иккита шериги билан бирга Крайстчерчдаги иккита масжидга ҳужум қилди. Facebook’даги саҳифада жонли трансляция қилинган видеода кўринадики, у масжидга кириб, дуч келган одамни отиб ташлаган.

Ушбу теракт жума куни содир этилди. Шу сабаб масжидларда одам кўп бўлган. Ўша куни Таррант бостириб кирган масжидда 300 нафарга яқин киши бўлгани айтилган. Теракт оқибатида 50 киши ҳалок бўлди, 50 нафардан ортиқ киши жароҳатланди. Яна миллионлаб мусулмонларнинг юраги оғриди...

ОАВда вафот этганлар ким бўлгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Хусусан Reuters ва BBC ҳалок бўлганлар орасида қариялар, болалар ва ҳатто аёллар бўлганини аниқлади.

Отасининг қўлида ҳалок бўлган 3 ёшли Иброҳим

Отишма вақтида «Ан Нур» масжидида бўлган Иброҳим ҳақида воқеадан бир кун ўтгач ҳам дарак бўлмаган. Бироқ маҳаллий нашрлар 3 ёшли Иброҳим масжид ичида отасининг қўлида ҳалок бўлганини маълум қилишган. Уларнинг таъкидлашича, Иброҳимнинг отаси ҳам ўлган кўйи ётган бўлган.

Болакайнинг қариндошлари уни касалхоналардан излаб, топа олишмайди. Полиция воқеа жойида кўплаб болаларнинг жароҳатлангани, икки бола ҳалок бўлганини маълум қилган. Болаларнинг исмлари ошкор қилинмаяпти.

Ўқ йўлига чиққан Довуд

71 ёшли Довуд Наби ҳалок бўлгани биринчилардан бўлиб расман тасдиқланган қурбонлардан бири. Афғонистонлик Довуд 1980 йил Афғонистондаги урушдан қочиб, Янги Зеландияга борган. Касби муҳандис бўлган Довуд Наби эски маркадаги автомобилларни йиғишга қизиққан. У Янги Зеландияга бошқа мамлакатлардан келган муҳожирларга янги жойда ўрнашиб олишида ёрдам кўрсатган, уларни ҳимоя қилган. Довуднинг ўғли шундай дейди: «У ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Сурияликми, ироқликми, фаластинликми, отам ҳаммага дўст эди».

Футболчи бўлишни орзу қилган Сайяд

Футболчи бўлишни орзу қилган 14 ёшли Сайяд Милн ҳалок бўлгани ҳам расман тасдиқланмаган, лекин унинг отаси ОАВга фарзанди вафот этганини айтган. Болани танийдиган бошқа гувоҳлар ҳам унинг жасадини кўрганликларини айтишган.

«Энди туғилганида уни йўқотишимга бир бахя қолганди. У мард, кичик аскар эди. Боламни отиб ташлаган одам буларни қаердан ҳам билсин... Мен болам ҳозир қаердалигини биламан. Умид қиламан, унинг руҳи ором топган...»,- дейди Сайяднинг отаси.

Вафотидан сўнг мукофот олган ўқитувчи

Теракт вақтида ҳалок бўлган покистонлик ўқитувчи ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Наим Рашид террорчига халақит беришга урингани отишма видеосида ҳам кўринади. У оғир жароҳатланган ҳолда касалхонага олиб борилади. Бироқ касалхонада жон беради.

Наимнинг акаси Хуршид Аълам видеода қўпорувчини тўхтатишга уринаётган акасини кўриб, у билан фахрланганини айтади: «У ерда бўлган одамлар акам кўпчиликнинг ҳаётини қутқариб қолганини айтишди. У қўрқмас одам эди. Тўғри, акам одамларнинг ҳаётини қутқариб, қаҳрамон бўлди, лекин уни йўқотиш биз учун оғир». Масжидда Наим Рашиднинг 21 ёшли ўғли Талха ҳам бўлган. У ҳам теракт қурбонига айланган.

Наим Рашиднинг акаси у яқинда ўғлини уйлантирмоқчи бўлганини айтди: «Наим билан яқинда гаплашганимизда, у Талхани Покистонга олиб бориб уйлантирмоқчи эканини айтганди. Бир неча кун аввал биз Талхани Покистонга олиб бориш учун бош қотиргандик, бугун эса уларнинг жасадини Покистонга етказиш ҳаракатидамиз...».

Наим Рашид покистонлик ва у Янги Зеландияда ўқитувчилик қиларди. Покистон ҳукумати ўз фуқароси қаҳрамонлигини эътиборсиз қолдирмади: «Покистон террорчини тўхтатишга уриниш вақтида ҳалок бўлган Миан Наим Рашид билан фахрланади. У ўз жасорати учун давлат мукофоти билан тақдирланади», деб ёзди Покистон бош вазири Имрон Хон твиттердаги саҳифасида.

Ногирон эрини қутқаришга шошилган аёл

Бангладешлик Ҳусне Ара отишма бошланган вақтда масжиднинг аёллар бўлимида бўлган. Унинг ногирон эри Фарид Уддин аравачада бўлган. Аёл ўқ овозини эшитиши билан эрини қутқариш учун шошилган. Лекин... у йўлда ўқ ёмғирига дуч келиб, ҳалок бўлган. Аёлнинг эри омон қолгани айтилмоқда.

Суриядан қочиб келган Холид

Суриялик Холид Мустафо ватанидаги урушлардан чарчаб, 2018 йилда оиласи билан Янги Зеландияга келганди. Холид Янги Зеландия тинч давлат деб, шу ерга келган. У масжидга иккита ўғли билан борганди. Улардан бири оғир яраланган, яна бири бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Жумадан сўнг ота-онасини йўқловчи ўғил

35 ёшли Ҳусайн ал-Умари ҳар жума куни Крайстчерчдаги масжидга келар ва жума ибодатини адо этгач, ота-онасиникига улар билан овқатлангани борарди. Ҳусайн чоршанба куни ота-онаси билан гаплашган ва улар янги машина олганликларидан хурсанд бўлган. Ҳусайннинг ота-онаси 1990-йилларда БААдан кўчиб келишган.

Покистон бош вазирининг адаши

Масжид ичида ҳиндистонликлар ҳам бўлишган. Ҳалок бўлганлар орасида Имрон Хон исмли ҳиндистонлик ҳам бўлган. У Покистон бош вазири билан адаш эди. Терактда ҳалок бўлган Имрон Хон Ҳиндистон таомлари ошхонасининг эгаси бўлган. У яқинда гўшт дўкони ҳам очган эди. 47 ёшли Имрон Хон 18 йил аввал Янги Зеландияга келганди.

Масжид имоми

Ҳалок бўлганлар орасида масжидда имомлик қилган киши ҳам бўлган. Ҳофиз Мусо Пател Фиджидаги Лаутока масжиди имоми бўлган. У дўстларининг ҳолидан хабар олиш учун Крайстчерчга келганди.

Талаба-учувчи

Исмини айтишни истамаган йигитнинг маълум қилишича, масжидда унинг талаба таниши ҳам бўлган: «У учувчиликка ўқирди. Биз уни эрталаб дарсга кетаётганида кўрардик. Кеча тунда бир дўстим қўнғироқ қилиб унинг ҳалок бўлганини айтди».

Теракт вақтида шунингдек Индонезия, Миср, Иордания, Ҳиндистон, Фиджи, Саудия Арабистони фуқаролари ҳам бўлишган. Охирги нафасини Худонинг уйида олган бу фожиа қурбонларининг руҳлари ором топсин...

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид