Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоий шаҳри ҳокимлиги танқидий мақолага муносабат билдирди – маҳаллалардаги канализация муаммоси бартараф этилади
Kun.uz сайтида шу йилнинг 10 март куни «Навоий шаҳрида канализация тармоғи ишдан чиққан. «Сувоқова»да эса техника йўқ» сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Навоий шаҳридаги «Гулистон» ва «Истиқлол» маҳаллаларидаги ишдан чиққан канализация тизими ва аҳолининг бу борадаги муаммолари ёритилганди.
Маълум бўлишича, ушбу маҳаллаларда икки-уч йилдан буён канализация қувури устида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Сабаби, канализация қувури ўтган ердан Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жой қурилишига рухсат берилган. Бу эса қувурлар ишдан чиқишига олиб келган. Суриштирув давомида ушбу маҳаллаларда истиқомат қилаётган 4 мингдан зиёд аҳоли бундан азият чекаётгани, ҳовлилардаги канализация қудуқлари тўлиб кетгани маълум бўлганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Kun.uz таҳририятига Навоий шаҳар ҳокими М.Базаров томонидан имзоланган хат келиб тушди ва маҳаллаларда канализация муаммосини бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар юзасидан маълумот тақдим этилди.
«Навоий шаҳридаги «Гулистон» ва «Истиқлол» маҳаллалари ҳудудида 1980-1990 йилларда қурилган 5,2 км узунликдаги канализация тармоқларининг 400 метр қисми таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
Ҳар йили май-июнь ойларида шакллантириладиган ва «Тоза сув» жамғармаси ҳисобидан қурилиши режалаштирилган объектлар рўйхатига ушбу ҳудуднинг оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ишлари киритилган бўлиб, маблағ етишмаслиги сабабли 2018 йилда амалга оширилмай қолган.
2018 йил давомида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Навоий шаҳридаги муҳандислик тармоқларини ривожлантириш йўналишида белгиланган режалар асосида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, биргина оқова сув тармоқлари бўйича Навоий шаҳрининг бош режасига асосан янгидан ташкил этилаётган 18-кичик тумани ҳудудига 2018 йилда кўп қаватли турар-жой биноларга борувчи 11 км канализация тармоқлари қурилиши бошланган бўлиб, жорий йилда ҳам давом эттирилди.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2018 йилда 18А-кичик тумани ҳудудида «Ўзшаҳарқурилишинвест» ИК МЧЖ томонидан қурилиши олиб борилган 420 хонадондан иборат 10та 7 қаватли уй-жойлар учун 0,8 км узунликдаги оқова сув тармоқлари қурилди.
Шу билан бирга, ушбу тармоқдан шаҳарнинг «Гулистон» МФЙ ҳудудига 1 км. янги оқова сув тармоқлари тортилди.
Дастурга киритилмай қолган «Гулистон» ва «Истиқлол» маҳаллалари ҳудудидаги 0,4 км узунликдаги оқова сув қувурларини алмаштириш ишлари эса шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилиши белгилаб олинди», – дейилади Навоий шаҳар ҳокими номидан тақдим этилган маълумотда.

Канализация масаласи шаҳар ва туманларда энг муҳим тармоқ ва шу билан бирга, энг муаммоли ҳолатлардан бири ҳисобланади. Канализация тармоғини қуриш кўп маблағ ва харажат талаб этади. Шу боис, канализация тизимини жойларда амалга ошириш катта муаммо бўлиб турганда, бори ҳам бутунлай ишдан чиқишига йўл қўймаслик лозим.

Kun.uz Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан «Гулистон» ва «Истиқлол» маҳаллаларидаги канализация тармоғидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар фақат қоғозда қолиб кетмаслигига ишонч билдиради ва воқеалар ривожини кузатиб боради.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
09:47 / 17.05.2025
Навоийда вентиляция тармоғи орқали олтин ўғирламоқчи бўлган шахслар ушланди
11:43 / 13.05.2025
Навоийда 55 ёшли аёл ҳужжатларда эркак сифатида қайд этиб келингани аниқланди
20:43 / 11.05.2025
Олимлар Марс қаърида улкан кўл борлигини аниқлади
11:11 / 06.05.2025