Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда Маълумотлар марказини ташкил этишда Корея Республикаси тажрибаси қўлланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма тадқиқотлар, корпоратив ҳамкорликни олиб бориш ва Ўзбекистонда Маълумотлар марказини ташкил этишда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олган Англашув меморандуми имзоланди. Kun.uz мухбири ЛБМА вакиллари маълумотлари асосида шу ҳақида хабар берди.
18-19 март кунлари Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазири ўринбосари жаноб Юн Жонг Ин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди. Делегация вакиллари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида учрашувларда иштирок этишди.
Агентликдаги учрашувда меҳмонлар Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатлар даражасини юқори баҳолашди ва мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашини алоҳида таъкидлашди. Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг миқёси ва сифатига, ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда 195 турдаги хизматлар тақдим этилаётганига тўхталиб ўтишди. Учрашув қатнашчилари электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги Ўзбекистон-Корея муносабатларининг ҳолати, ушбу соҳадаги янги қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш бўйича фикр алмашишди.
Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма тадқиқотлар, корпоратив ҳамкорликни олиб бориш ва Ўзбекистонда Маълумотлар марказини ташкил этишда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олган ўзаро англашув меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда пенсия таъминоти ва давлат харидлари соҳасида тўпланган тажрибани муҳокама қилиб, мавжуд институционал механизмларга энг илғор ечимларни жорий қилиш имкониятларини кўриб чиқишди.
Республика Давлат солиқ қўмитасида Корея делегацияси экспертлари экспортни ошириш ва кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган солиқ сиёсатини амалга ошириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Таъкидлаш жоизки, Жанубий Корея электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича дунё мамлакатлари халқаро рейтингида етакчи ўрин (3-ўрин)ни эгаллайди. Мазкур рейтинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан дунёдаги 193 давлатда фуқороларга давлат хизматларини тақдим этишда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)дан фойдаланиш бўйича миллий давлат тузилмаларининг тайёрлиги ва уларнинг имкониятларини баҳолаш натижаларига кўра эълон қилинади.
Мавзуга оид
09:33 / 04.04.2025
Жанубий Корея президенти лавозимидан расман четлатилди
10:29 / 24.03.2025
Жанубий Кореяда президент вазифасини бажарувчига нисбатан импичмент бекор қилинди
10:55 / 19.03.2025
Кореянинг Улсан шаҳар мэрияси орқали Ўзбекистон фуқароларига соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари жорий этилади
15:44 / 05.02.2025