Жаҳон | 15:49 / 20.03.2019
9088
2 дақиқада ўқилади

Интерполнинг ғойиб бўлган президенти хотинини ўғирлаб кетишга уринишди

Фото: Du Yu / Globallookpress.com

2018 йилнинг кузида Хитойга учиб келганидан кейин ғойиб бўлган, Интерпол собиқ президенти Мэн Хунвэйнинг хотини ўзини ўғирлаб кетишга уринишгани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда Lyon Mag нашри AFP агентлигига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Лион прокуратураси маълумотига кўра, Грейс Мэн маҳкамага ариза билан мурожаат қилган. Унда гап маълум бир шахслар гуруҳи томонидан ўғирлаб кетишга уриниш ҳақида борган. Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан тергов ҳозирча бошланмаган.

Аввалроқ, аёл ўз фарзандлари билан бирга Франциядан сиёсий бошпана сўраганди. Шунингдек, у ўзига таҳдид қилишаётгани тўғрисида хабар берган. Айни вақтда аёл полиция ҳимояси остида.

Мэн Хунвэй ўтган йилнинг 29 сентябрида Франциядан Хитойга жўнаб кетгач ғойиб бўлди. Кейинчалик, Хитой ҳукумати Интерпол собиқ президентини коррупцияда гумонлаб қўлга олгани маълум қилинди, у эгаллаб турган лавозимидан истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

ОАВда ёзилишича, Мэн Хунвэй шартномаларни қўлга киритишда кибержиноятчилик билан кураш соҳасида ишловчи компанияга ёрдам берган.

Корея Республикаси вакили Ким Чон Ян Интерполнинг янги президенти этиб сайланди.

Мавзуга оид