Жамият | 21:49 / 22.03.2019
13073
2 дақиқада ўқилади

Range Rover Evoque’нинг хитойча “клони”ни сотиш тақиқланди

Хитой суди Range Rover Evoque’нинг нолицензион нусхаси – Landwind X7 кроссоверини ишлаб чиқарувчи Jiangling Motor Holding компаниясини плагиатда айбдор деб топди.

Landwind X7

Одатда Хитой суди Хитой ишлаб чиқарувчилари томонини олган. Бироқ Jaguar Land Rover компанияси бу борада биринчи бўлиб вазиятни ўзгартириб, Хитойда интеллектуал мулкка ҳуқуқларини ҳимоя қила олди.

Британия ва Хитой автомобил колмпаниялари ўртасидаги баҳс Landwind X7 2014 йилда чиқарилгандан бери давом этиб келган. Jaguar Land Rover Хитой компаниясини автомобил сотувга чиқарилган 2015 йилда судга берган. Ўшанда Хитой компанияси мазаҳона тарзда ва сохта афсусланиш билан конвейер ишга туширилгани, рекламага пул тикилгани сабабли ҳеч нарса қила олмаслигини айтган.    

Jaguar Land Rover

Бир йилча аввал Landwind X7 рестайлинг қилинган. Бироқ бу судни машина нусха эмас, балки оригинал ишланма эканлигига ишонтира олмаган. Интеллектуал мулкка ҳуқуқни ҳимоялаш қонунига кўра, дизайнида бошқа моделнинг ўзига хос 5 та жиҳати мавжуд бўлган автомобил плагиат деб ҳисобланади. Шунга кўра, Хитой йўлтанламаси британ моделининг “клони” деб топилган.

Суд тафтишлари натижаларига кўра, Landwind X7 ишлаб чиқарилиши ва сотилиши тақиқланди. Шунингдек, Хитой компанияси британ концернига моддий компенсация тўлаб беради.  

Мавзуга оид