Спорт | 18:30 / 23.03.2019
26509
2 дақиқада ўқилади

Элнур Абдураимов россиялик боксчини нокаутга учратди

Фото: ВКонтакте/RCC Boxing Promotions

Жаҳон чемпионати совриндори ва Осиё чемпиони Элнур Абдураимов бугун, 23 март куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ташкил қилинган бокс кечасида ўзининг навбатдаги жангини ўтказди.

Унинг Россия вакили Дмитрий Хасиевга қарши профессионал рингдаги тўртинчи жанги 6 раундга мўлжалланганди ва муддатидан аввал ниҳоясига етди.

Абдураимов ва Хасиев жангни разведкаларсиз бошлади, иккиси ҳам натижа учун жанг қилди. Жангнинг биринчи раундида Абдураимов биринчи рақам остида жанг қилди, Хасиев эса қарши ҳужумларда ҳаракатланди. 

Иккинчи раундда жанг темпи янада ўсди, Элнур Абдураимов узоқ сериялар қайд эта бошлади ва вазиятлардан бирида Хасиевни нокдаун ҳолатига туширди. Абдураимов шундан кейин ҳам прессингни давом эттириб, рақибни бурчакка сиқиб қўйди ва унинг жигар қисмига кучли зарба йўллаб, жангга нуқта қўйди.

Шу тариқа, Абдураимов профессионал боксдаги тўртинчи жангида ҳам устун келиб, ғалабали сериясини давом эттирди.

Маълумот учун, ҳаваскор боксда 64 кг вазн тоифасида иштирок этган, «Uzbek Tigers» жамоаси собиқ аъзоси бўлган Элнур Абдураимов 2018 йилнинг февралида профессионал боксга ўтганди.

У ўтган йилнинг 10 ноябрь кунида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида RCC Boxing Promotions промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган профессионал бокс кечасида профессионал боксдаги учинчи жангини ўтказиб, бразилиялик Аэлье Мескуитани нокаутга учратганди.

Хасиев эса шу вақтгача профессионал рингда 11 марта жанг қилиб, 8 бор зафар қучган (2 нокаут), 2 бор дуранг қайд этган ва 1 марта мағлубиятга учраганди.

Мавзуга оид