Иқтисодиёт | 16:30 / 23.03.2019
120234
9 дақиқада ўқилади

Марказий банк учун бошқотирма: Ўзбекистон иқтисодиётини зарарли кредитларга тўлдириб ташлашган

Фото: Shutterstock

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг банк соҳасида босқичма-босқич эркинлаштириш жорий этилмоқда ва тижорат банкларига ўз фаолиятида эркин бўлиш, мижозларга йўналтирилганлигини ошириш, соҳада рақобатлашиш имкони яратилмоқда. Бу ўзгаришлар — шубҳасиз, Марказий банк хизматларидир. Жорий операциялар бўйича конвертация жорий этилиши ва нақд пул муомаласига чекловларни олиб ташлаш каби ислоҳотларнинг амалга ошишида ҳам бу ташкилотнинг муҳим роли бор.

Бироқ, банк соҳасидаги ислоҳотлар ҳануз ўз ниҳоясига етказилгани йўқ. Соҳанинг асосий муаммоси Standard & Poor’s томонидан яқинда эълон қилинган ҳисоботда аниқ ва лўнда аксини топган: «Ўзбекистон банк соҳасида банк тизими активларининг умумий 84 фоизига эгалик қилувчи давлат банклари етакчи ўринга эга ва унда тўғридан-тўғри кредитлаш улуши жуда юқори, бу эса рақобатни чеклайди ва хусусий банкларнинг кредитбардошлигига салбий таъсир ўтказади. Бундан ташқари, ҳукумат иқтисодиётнинг асосий соҳаларига молиявий ёрдам бериш учун давлат банкларнинг кўпчилигидан фойдаланади».

Халқаро валюта фондининг илгарироқ эълон қилинган ҳисоботи юқорида таъкидлаб ўтилган «ташхис»ни тўлдиради: «Кредит бозорининг кучли сегментлашгани, 60 фоиз кредитлар имтиёзли шартларда берилаётгани туфайли пул-кредит сиёсати воситаларининг кредитлаш шартларига таъсири кучсизлигича қолмоқда. Гарчи МБ қайта молиялаш ставкаси миллий валютада тижорат ставкалари бўйича кредитлар берилишига сезиларли таъсир ўтказса-да, бу сегментнинг улуши жами ажратилган кредитларнинг бор-йўғи 20 фоизини ташкил этади».

Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг (16 фоизгача) оширилиши ва ушлаб турилишидан кўзланган мақсад — инфляцияга қарши курашиш эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Барчаси мантиқли. Қайта молиялаш ставкаси юқорилиги кредитларни қиммат қилади ва шу йўл билан инфляциянинг бош сабаби бўлмиш ортиқча пул эмиссиясини чеклайди.

Бироқ икки халқаро ташкилотнинг ҳисоботидан кўряпмизки, амалда мутлақо бошқача сиёсат юритилмоқда: кредитларнинг залворли қисми имтиёзли шартларда, яъни паст фоиз ставкасида берилмоқда, бу эса иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ва инфляция ўсишидан юқори бўлган сезиларли кредит эмиссиясига сабаб бўлади. Мана, юқорида эслатиб ўтилган ХВФ ҳисоботида нима дейилмоқда: «Сентябрь ойига келиб (2018 йил) иқтисодиётнинг кредитлаштирилганлиги (йиллик ҳисобда) 43,5 фоизга ошди. Янги кредитларнинг 60 фоизи ҳукумат қарорига кўра берилган ва давлат манбаларидан молиялаштирилган…»

Бошқача қилиб айтганда, Марказий банкнинг инфляцияни жиловлаш бўйича чоралари фақатгина эркин бозорда юқори фоиз ставкаларида берилаётган кредитларгагина тааллуқли бўлиб қолмоқда. Бошқа кредитлар эса ҳамон бозордан ташқари, паст фоизларда берилишда давом этмоқда.

Бу нимани билдиради?

1. Марказий банк пул эмиссиясини назорат қилмаяпти ва инфляцияни жиловлашга қодир эмас. Инфляциянинг асосий сабаби бартараф этилмаяпти, бу эса мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига улкан зиён етказади.

2. Давлат банклари томонидан имтиёзли фоиз ставкалари билан берилаётган кредитларнинг иккинчи томони бозор шарт-шароитларида кредит олаётган хусусий сектор учун юқори фоиз ставкалари бўлади. Кимдир паст фоиз ставкасида пулни қарзга олса, жамият учун бу текинга тушади, дейиш — иллюзия. Ҳамма нарса учун тўлаш керак бўлади. Мазкур ҳолатда давлат банкларининг «сахийлиги» учун қуйидагилар товон тўлашади:

а) солиқ тўловчилар (агар имтиёзли кредитлар бюджетдан ёки бюджетдан ташқари давлат жамғармаларидан субсидия қилинса);

б) тижорат кредити олувчилар (арзон пуллар ҳаммага ҳам етмайди, шу сабабли имтиёзсиз кредитларнинг ставкалари жуда юқори бўлади).

Бошқача қилиб айтганда, бозор шартларида кредит олувчилар ўзи учун ҳам, имтиёзли кредит олган «анави амаки учун ҳам» фоиз тўлашади.

3. Имтиёзли кредитлар тақдим этишнинг мавжуд амалиёти бизнес юритиш учун тенг бўлмаган шароитлар яратади, рақобат муҳитини барбод қилади. Ахир имтиёзли шартларда кредит олувчи корхоналар олган кредитлари бўйича юқори фоиз ставкалари тўлашга мажбур корхоналардан рақобатда устунликка эга бўлади, ёки иккинчи корхона тўлов қобилияти паст бўлгани учун кредитдан воз кечиши керак бўлади. Пировард натижада, бозорда рақобатбардош корхона эмас, «кимидир бор» корхона устунликка эга бўлади.

Алал-оқибатда, имтиёзли кредит олгандан бўлак жабр чекувчи ҳамма бўлади. Жумладан:

  • Бутун аҳоли ва бизнес — юқори инфляция туфайли;
  • Рақобатбардош бўлмаган корхоналарнинг сифатсиз ва қиммат маҳсулотларини сотиб олишга мажбур бўлган истеъмолчилар;
  • Паст рақобат муҳитида корхоналаримизнинг ишчи кучига талаби ва таклиф этилаётган маошлар ўта паст бўлгани сабабли — ёлланма ишчилар;
  • Қиммат кредитлар туфайли ўз бизнесини ривожлантириш имкониятига эга бўлмаган хусусий тадбиркорлар;
  • Иқтисодиётнинг рақобатбардош эмаслиги туфайли солиқларга тўлақонли эга бўлмаётган ва самарасиз корхоналарни субсиядилашга бюджет маблағларини сарфлаётган давлат.

Бундай вазиятда нималар қилмоқ керак?

1. Мамлакат ҳукумати (арзон кредит эмиссиясининг бош манбаси сифатида) «ўзига тегишли» корхоналарни имтиёзли кредитлар билан қўллаб-қувватлашдек нооқилона сиёсатдан воз кечиши керак. Кредитлар (ўта камёб истиснолар билан) фақат ва фақат бозор шартларида ажратилиши лозим. Фақат шу йўл билан инфляцияни жиловлаш, бизнес учун тенг шароитлар яратиш ва бозор фоиз ставкасини пасайтириш мумкин.

2. Давлат банкларини реструктуризация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини бошлаш керак. Давлатга тижорат банклари ва банк тизимининг 84 фоиз активларига эгалик қилиш нега керак? Давлат банкларининг хусусийлаштирилиши бир вақтнинг ўзида банк соҳасида рақобатни кучайтиради ва бюджетни тўлдиради. Албатта, бу ерда хусусийлаштириш фақат «ўзиникилар»га бўлмаслигига алоҳида эътибор қилиш керак. Бунинг учун хусусийлаштириш жараёни:

а) астойдил тайёрланиши;

б) ўта шаффоф бўлиши;

в) «активлар ким кўп тўласа — ўшанга берилади», тамойили асосида фақат очиқ савдоларда ўтказилиши керак.

3. Марказий банк соҳада рақобатни ривожлантириш ва ўз ишида шаффофликни янада ошириш йўналишида банк ислоҳотларини давом эттириши керак. Хусусан, соҳага янги ўйинчилар, жумладан, хорижий молиявий ташкилотлар қўшилиши учун шароитлар яратилиши лозим. Ҳозирча, аввало мавжуд ношаффоф лицензиялаш тизими туфайли янги ўйинчилар бозорга қўшилишга шошилишмаяпти. Рақобатни ривожлантириш учун илгари ваъда қилинган кредит уюшмаларининг ишлашига имконият яратилиши ҳам туртки берар эди.

МБ ишининг шаффофлиги масаласида яна бир жиҳат.

20 март куни Telegram’да Марказий банкнинг «Валюта биржаси (ЎзРВБ) савдоларида йўл қўйилган мунтазам қоидабузарликлар сабабли бир қатор тижорат банкларининг савдолардаги иштироки вазият аниқлаштириб олингунига қадар вақтинчалик тўхтатилди», мазмунидаги хабари тарқатилди. Бу қандай қоидабузарликлар эканлиги ва нега бунинг учун банкларнинг савдоларда иштироки тўхтатилиши кераклигига хабарнинг ўзида ҳам, МБ расмий сайтида ҳам тушунтириш берилмган. Бу мақола ёзилаётган чоғда (21 март куни эрталаб) МБнинг расмий сайтида бу хабар расман жойлаштирилмаган ҳам эди.

Бу воқеа, тўғрисини айтганда, жуда қўрқинчли кўринмоқда ва конвертацияни чеклаш мақсадида валюта бозорига киришни тўсишга ўхшаб кўринмоқда. Жуда умид қиламанки, ундай бўлиб чиқмайди ва МБ бошқа мақсадларда бу ишни амалга оширган бўлиб чиқади.

Юлий Юсупов

P.S. ЎзРВБда савдоларида чеклов «Ҳамкорбанк», «Туркистон банк», «Ҳайтек банк», «Универсал банк», «Инвест финанс банк», «Ипак Йўли Банк», «Савдогарбанк», «Траст банк», «Азия Альянс банк» каби тижорат банкларига нисбатан қўлланган эди. Ҳозирча «Инвест Финанс банк» ,«Ипак Йўли Банк» ва «Траст банк»дан чеклов олиб ташлангани ҳақида хабар қилинди.

Мавзуга оид