Ўзбекистон&QS: Университетларнинг халқаро рейтингларга киришига оид келишув имзоланди
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Quacquarelli Symonds (QS) компанияси ўртасида маҳаллий университетларнинг WUR (World University Rankings – жаҳоннинг энг яхши университетлари рейтинги)га киришига оид стратегик келишув имзоланди. Kun.uz мухбири шу ҳақида хабар берди.
Президентнинг 2019 йил 26 февралдаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги позицияларини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори, шунингдек, “Илм-фан – 2020” дастури ижросини таъминлаш мақсадида олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳамда QS минтақавий директори Зоя Зайцева университетларнинг QS версияси бўйича WUR’га киришини қўллаб-қувватлашга оид стратегик келишувни имзолашди.
Мазкур келишув доирасида QS Intelligence Unit методологияга изоҳ беришда кўмак кўрсатади, шу билан бирга, жамоа QS’нинг очиқ ва ёпиқ маълумотларидан фойдаланиб, университетларнинг глобал, минтақавий ва фанлар даражасидаги натижаларини кўриб чиқади. Ушбу таҳлил стратегик ва салоҳиятли ютуқлар зоналарини белгилаш имконини беради ҳамда асосий кўрсаткичлар бўйича кучли ва заиф томонларни асослаб беради.
Натижалар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг стратегик йўналишига мувофиқ тақдим этилади.
QS World University Rankings — глобал тадқиқот ва унинг натижасида илм-фан соҳасидаги ютуқлар кўрсаткичлари бўйича тузиладиган жаҳоннинг энг яхши университетлар рейтинги. Рейтинг Британиянинг Quacquarelli Symonds (QS) консалтинг компанияси методикасига мувофиқ ҳисобланади ва дунёнинг энг нуфузли универстетлар рейтингларидан бири ҳисобланади.
Университетларнинг халқаро рейтингларга кириши олий таълим муассасаларининг ривожланган илмий-тадқиқот салоҳиятга эга муассасаларга айланишини кўзда тутади.
Университетларнинг илмий салоҳияти Scopus илмий маълумотлар базасини қўлловчи етакчи рейтинг агентликлари томонидан ўлчанади.
Маълумот учун: Quacquarelli Symonds – илм-фанга ихтисослашган Британия компанияси. Компанияга 1990 йилда Нунцио Кваквелли томонидан асос солинган.
Лола Рахманбаева
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
16:52 / 07.11.2024
Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024