Спорт | 08:40 / 24.03.2019
6281
2 дақиқада ўқилади

Бразилия 21 асрда иккинчи марта Марказий Америка вакилини енга олмади

Бразилия терма жамоаси Панамага қарши ўртоқлик учрашувида ғалаба қозонолмади. Португалиянинг Порту шаҳридаги «Драгау» стадионда кечган учрашувда кучлар тенг келди - 1:1.

Бразиллар ўйиннинг 32-дақиқасида Лукас Пакетанинг голидан кейин ҳисобни очди, унга бу вазиятда Каземиро ассистентлик қилди. Панамаликлар эса 4 дақиқа ўтибоқ жавоб қайтаришди, Адольфо Мачадо Эрик Дэвиснинг пасини кучли зарба билан голга айлантирди.

Шу тариқа, Бразилиянинг Марказий Америка вакилига қарши ўйинларда 9 учрашув давом этган ғалабали серияси якунланди. Бу ўйинларда бразилияликлар битта ҳам гол ўтказмаган ҳолда 24:0 ҳисобидаги тўплар нисбати устунлигини қайд этишганди. Панама Бразилияга ютқазмаган Марказий Американинг бешинчи вакили бўлди.

Бразиллар Марказий Америка вакилларига қарши жами 28 ўйин ўтказиб, 23 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият қайд этган. Пентакампионлар охирги марта 2001 йилда марказий америкаликларни мағлуб этолмаганди, ўшанда бразилияликлар Ҳондурасга имкониятни бой бериб қўйишган (0:2).

Бразилия терма жамоаси «глобал тур»ни давом эттиради. Кейинги ўйин 26 март куни Прагада Чехияга қарши ўтказилади.

Ўртоқлик учрашуви
Порту, Португалия
Бразилия – Панама 1:1
(1:1, 0:0)
Голлар: 1:0 – 32 Лукас Пакета, 1:1 – 36 Мачадо.
Бразилия – Эдерсон, Фагнер, Миранда, Теллес, Эдер Милитао, Артур (Фелипе Андерсон, 72), Лукас Пакета (Эвертон, 60), Коутиньо, Каземиро, Ришарлисон, Фирмино (Габриэл Жезус, 60).
Панама – Мехия, Мачадо, Мурильо (Блэкмэн, 85), Эскобар, Дэвис, Купер (Walker, 82), Родригес (Арройо, 89), Кинтеро (Браун, 85), Годой (Варгас, 90), Каммингз, Торрес (Фахардо, 74).
Огоҳлантиришлар: Каммингз (26), Ришарлисон (35), Мехия (73).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид