Бухоро вилояти давлат хизматлари марказларидаги тартибсиз навбатлар. Муаммога ечим борми?
Ўзбекистонда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини яратиш ва уни ислоҳ қилиб бориш босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, 2003 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги инспекциялар томонидан «ягона дарча» тамойили бўйича рўйхатдан ўтказила бошланди. 2016 йил 1 январдан бошлаб ушбу инспекциялар негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди.
2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди.
2018 йил 1 январдан улар Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) айлантирилди.
Албатта, ушбу марказлар аҳолига бир қатор қулайликлар яратди. Биринчи навбатда жисмоний ва юридик шахсларнинг идоралараро сарсон бўлиши ва ортиқча вақт сарфлашларига чек қўйилди. Эндиликда фуқаролар эмас, балки ҳужжатлар ҳаракатланиши асосий мезон сифатида белгиланди.
Бугунги кунда давлат хизматлари марказлари орқали турли маълумотномалар ва бошқа зарур ҳужжатларни олиш мумкин. Кўрсатилаётган давлат хизматлари сони босқичма-босқич амалга оширилиб борилмоқда. Аммо давлат хизматлари марказлари бу жараёнга қай даражада тайёр?
Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Kun.uz сайти мухбирлари вилоятларда бўлиб, давлат хизматлари марказлари фаолиятини ўрганиб, уларда хизмат кўрсатиш сифати, яратилган шароитлар ҳақида мақолалар бериб борилмоқда.
Бу борадаги навбатдаги ўрганиш Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларидаги давлат хизматлари марказларида олиб борилди. Тан олиб айтиш керакки, ўрганишлар давомида ҳам ижобий, ҳам салбий ҳолатларга гувоҳ бўлдик.
БУХОРО ШАҲРИ ДХМ
Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази жойлашган янги, замонавий бинода мурожаатчилар учун барча шароитлар яратилган. Ушбу бинода давлат хизматлари маркази кўрсатадиган хизматлардан ташқари яна 30дан ортиқ хизматларни кўрсатадиган тегишли идора ва ташкилотлар пунктлари ташкил этилган. Мурожаатчилар марказдан ташқари турли идора ва ташкилотлар билан боғлиқ ишларини шу бинода ҳал этиши мумкин. Икки қаватли замонавий бинода кутиш зали, тиббиёт хонаси, болалар хонаси, электрон кутубхона ва бошқа барча зарур қулайликлар мавжуд.
Марказда махсус инфокиоск ўрнатилган бўлиб, ундан ЭРИ (электрон рақамли имзо) калити орқали бемалол фойдаланиш, керакли маълумотномани эса шу инфокиоскнинг ўзида чоп қилиб олиш имконияти мавжуд.
Бухоро шаҳар давлат хизматлари марказида 15 ходим мурожаатчиларга хизмат кўрсатмоқда. Барча жараён тартиб билан ташкил этилгани сабабли узундан-узун навбатлар йўқ.
Сайёр хизматлар кўрсатиш мақсадида Isuzu русумли автобус махсус жиҳозланган. Туман давлат хизматлари марказларига бунинг учун Damas русумли автомобиллари ажратилган.
Марказга келган фуқаролар билан суҳбатлашганимизда улар бу ерда яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган хизматлардан мамнунлигини яшириб ўтирмади.
КОГОН ТУМАНИ ДХМ
Когон тумани давлат хизматлари марказига борганимизда навбат кўплигидан ичкарига зўрға кирдик.
Марказ ходимлари қўли қўлига тегмай мурожаатчиларга хизмат кўрсатмоқда. Кутиш зали мавжуд эмас. Битта умумий хонада хизмат кўрсатилаётгани кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқарган. Тартибсиз навбатлар юзага келган. Махсус кассанинг ҳам шу хонада жойлашгани тирбандликни янада оширади.
Марказга борган вақтимизда инфокиоск ишламаётган эди. Соз ёки носозлигини сўраганимизда марказ директори Фарҳод Шарифов инфокиоск соз ҳолатдалигини билдирди.
Марказ директорининг таъкидлашича, Когон тумани ҳокими қарори билан туман давлат хизматлари маркази маъмурий биноси қуриш учун 15 сотих ер ажратилган. Ушбу маъмурий бино қурилгандан кейин барча муаммолар бартараф этилади. Янги бинода барча шароит ва қулайликлар яратилиши кўзда тутилган.
Марказда иш олиб бораётган 8 нафар ходим бир кунда 200-300 кишига хизмат кўрсатади.
2019 йил январь-февраль ойларида марказ томонидан жисмоний ва юридик шахсларга жами 4983та давлат хизматлари кўрсатилган.
Мурожаатчилар билан суҳбатлашганимизда айримлари марказдаги хизматлардан мамнунлигини билдирса, айримлари навбат кўплиги ва тирбандликлар туфайли кўп кутишга мажбур бўлаётганликларини яшириб ўтирмади.
БУХОРО ТУМАНИ ДХМ
Бухоро тумани давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда ҳам асосий муаммо мурожаатчилар кўплигидан тартибсиз навбат ва тирбандликлар юзага келганлигидир.
Кичик бўлса-да, кутиш зали мавжуд. Аммо мурожаатчилар учун бошқа қулайликлар яратилмаган. Битта умумий хонада хизмат кўрсатилади.
Марказда 9 нафар ходим бир кунда 300дан кишига хизмат кўрсатади. Инфокиоск соз ҳолатда ишлаб турибди.
Марказ директори Ёлқин Муродов биз билан суҳбатда янги бино учун ер ажратилгани, айни вақтда марказ жойлашган бинода барча қулайликларни яратиш имконияти йўқлигини билдирди. Янги барпо этилаётган бинода эса барча зарур шароит ва қулайликлар яратилади.
Жорий йилда 1 март кунига қадар марказ томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 9739та давлат хизматлари кўрсатилган.
Мурожаатчилар билан суҳбатлашганимизда улар марказ фаолиятидан ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини билдиришди.
РОМИТАН ТУМАНИ ДХМ
Ромитан тумани давлат хизматлари марказида ҳам яна ўша муаммо – тартибсиз навбатларга дуч келдик. Ҳар ҳолда махсус кассанинг хизмат кўрсатиладиган умумий хонадан алоҳида жойлашгани бироз бўлса-да, тирбандликнинг олдини олади. Ушбу марказда ҳам мурожаатчилар учун етарли даражада шароит ва қулайликлар яратилмаган. Кутиш зали мавжуд эмас.
Умумий хизмат кўрсатиладиган хонада жойлаган инфокиоск ишламаяпти. Бунинг сабабини марказ директори Азамат Намозовдан сўраганимизда, у бу ҳолатни техник сабаблар билан изоҳлади. Айнан қандай техник сабаблигини билишнинг имкони бўлмади. Лекин инфокиоск соз ҳолатда эмаслиги аниқ эди.
Ушбу марказда 8 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Бир кунда 300-400 кишига хизмат кўрсатилади. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида марказга жисмоний ва юридик шахслардан 12339та мурожаат келиб тушган.
Айни вақтда марказ янги биносининг қурилиш ишлари бошланган экан.
Биз билан қурилиш ишларини ҳам кўздан кечирган марказ директори А.Намозовнинг таъкидлашича, ушбу замонавий бино фойдаланишга топширилганда бугунги кундаги мавжуд муаммолар ўз ечимини топади.
ШОФИРКОН ТУМАНИ ДХМ
Шофиркон тумани давлат хизматлари марказига тушдан кейин бордик. Шу сабаблими, марказда тартибсиз навбат ва тирбандлик йўқ. Мурожаатчилар ҳам саноқли.
Марказ директори Ҳайдар Одилов биз билан суҳбатда эрталабдан тушлик вақтига қадар мурожаатчилар кўп бўлиши, бу вақтга келиб уларнинг сони камайишини таъкидлаб ўтди.
Бизга ҳамроҳлик қилган Шофиркон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Равшан Каримов марказ учун барча шароит ва қулайликлар яратилиши кўзда тутилган замонавий янги бино қурилаётганини билдирди.
Ушбу марказда 8 нафар ходим бир кунда 300-400 нафар мурожаатчига хизмат кўрсатар экан. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида марказга жисмоний ва юридик шахслардан 9432та мурожаат келиб тушган.
БОШҚАРМА БОШЛИҒИ ИЗОҲИ
Ўрганишларимиз якунида Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Қаюм Холов билан давлат хизматлари марказлари фаолияти ва мавжуд муаммолар юзасидан суҳбатлашдик.
«Айни вақтда айрим туманлардаги давлат хизматлари марказларида узундан-узун навбатлар юзага келаётгани рост. Мурожаатчилар учун қулайлик ва шароитлар етарлича эмас. Бу муаммолар айрим марказлар учун зарур шароитга эга бинолар йўқлиги сабаблидир. Аммо барча туманларда марказлар учун янги, замонавий, барча қулайликларга эга янги бинолар қурилмоқда. Қоракўл ва Пешку туманларида янги бинолар тайёр. Бухоро шаҳар давлат хизматлари марказида мурожаатчилар учун яратилган шароитларни кўрдингиз. Барчаси идеал ҳолатда. Кутиш зали, болалар ва тиббиёт хонаси, электрон кутубхона ва ҳоказо. Туманлардаги янги биноларда ҳам шундай шароитлар яратилади. Ўз-ўзидан барча муаммоларга ечим топилади.
Яна бир жиҳат борки, марказлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сони ортиб бормоқда. Айни вақтда 100га яқин давлат хизматлари кўрсатилади. Давлат хизматлари ва мурожаатчилар сони кўпайгани билан хизмат кўрсатадиган ходимлар сони ошгани йўқ.
Мисол учун, 2018 йилда вилоят бўйича марказлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 300 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2019 йилнинг 1 ойининг ўзида марказларга 100 мингга яқин мурожаат тушган. Бу ўз-ўзидан узун навбатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Навбатларда тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида айни вақтда қоғозли рақамларни барча марказларда жорий этиш арафасидамиз.
Инфокиосклардан фойдаланишни барча мурожаатчилар ҳам билавермайди. Бунинг ҳам чораларини кўрмоқдамиз. Биз бу жараёнга кўнгиллиларни ҳам жалб қилмоқчимиз», – дейди Қаюм Холов.
Хулоса қилиб айтганда, вилоятдаги давлат хизматлари марказларида муаммолар йўқ эмас, аммо бу масалаларга ечим ҳам бор. Асосий муаммо бўлган тартибсиз, узундан-узун навбатлар вилоятдаги барча марказлар янги, замонавий биноларга эга бўлганда бир мунча барҳам топади. Аммо марказларда хизмат кўрсатаётган ходимлар сони камлиги жиддий эътибор талаб қиладиган ва ҳал қилиниши лозим бўлган асосий муаммолардан биридир.
Бир кунда 300-400 нафар мурожаатчига ўртача 8 нафар ходим хизмат кўрсатишини тасаввур қилиш қийин эмас. Қолаверса, кўрсатилаётган давлат хизматлари сони босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Бу эса мурожаатчилар сони янада кўпайишига олиб келади.
Марказларда давлат хизматларининг янада сифатли, қисқа вақтда ва шаффоф кўрсатилиши таъминланиш учун бу муаммо ҳам келгусида албатта ўз ечимини топиши зарур.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:41
Президент йиғилишидан кейин Бухородаги учта туман ва бир шаҳарда ҳоким ўзгарди
11:34 / 08.10.2024
Бухорода икки ишчи ток уриши оқибатида ҳалок бўлди
17:13 / 12.08.2024
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди
16:34 / 21.07.2024