Жаҳон | 00:00 / 24.03.2019
38084
9 дақиқада ўқилади

Россиянинг АҚШ президенти сайловларига аралашуви бўйича суриштириш ишлари якунланди

Фото: Махсус прокурор Роберт Мюллер / Getty Images

АҚШда 2016 йил бўлиб ўтган президентлик сайловларига Россиянинг эҳтимолли аралашуви борасидаги суриштирув ишлари Американинг жорий раҳбари Дональд Трамп фойдасига ниҳояланган. Ишни олиб борган махсус прокурор Роберт Мюллер ўз иши якунларини мамлакат бош прокурорига топширган, деб ёзади BBC.

Ҳисоботнинг мазмуни эса ҳозирча сир сақланмоқда.

Трамп маъмурияти ҳам уларга ҳозирча ҳужжат билан танишиш имкони берилмаганини таъкидлашмоқда.

Россиянинг Америка сайловларига аралашуви борасида қарийб икки йил давом этган суриштирув ишлари якунлангани ҳақида АҚШ адлия вазири ҳамда бош прокурори Уильям Баррнинг сенат ва вакиллар палатасининг юридик қўмиталарига ёзган хатидан сўнг маълум бўлди.

Ўз хатида Барр 22 март жума куни Мюллер унга «махфий ҳисобот» тақдим этганини баён этган. Махсус прокурор ҳисоботининг мазмуни ҳақида хатда ҳеч нарса дейилмаган.

Баррнинг маълум қилишича, у махсус прокурорнинг хулосаларини ўрганиб чиқади ва ҳисоботдаги асосий хулосаларни шу дам олиш кунлари ичида конгресснинг ҳар икки палатаси юридик қўмиталари раҳбарларига йўналтиради.

«Мен бош прокурор ўринбосари [Род] Розенштейн ва махсус прокурор Мюллер билан алоҳида маслаҳатлашиб, ҳисоботдаги ахборотларнинг қайси қисми билан қонунчиликка мувофиқ тарзда конгресс ва афкор оммани таништириш мумкинлиги борасида келишиб олмоқчиман, — деган Барр. — Мен ҳамон имкон қадар шаффофлик тарафдориман».

Мюллернинг ҳисоботи жума куни тушдан кейин мазкур ишни назорат қилган бош прокурор ўринбосари Розенштейннинг офисига келтирилган, деган АҚШ адлия вазирлиги расмий вакили Керри Купек.

Адлия вазирлигида махсус прокурорнинг ҳисоботини «кенг қамровли» деб аташган, лекин унинг ҳажмини ҳам изоҳлашдан бош тортишган. Купек, шунингдек, «саноқли инсонлар» ҳисоботни кўришгани, биринчи навбатда бош прокурор ва унинг ўринбосари у билан танишиб чиққанини таъкидлаб ўтган.

«Кейинги қадамлар — бош прокурор Баррга боғлиқ, биз жараён ўз навбати билан давом этишини кутамиз», — деган Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс.

Унинг сўзларига кўра, Оқ уй Мюллернинг ҳисоботини олмаган ва унинг мазмуни билан таништирилмаган ҳам.

Блумберг агентлиги ўзининг президентга яқин икки манбасига таянган ҳолда Адлия вазирлигидан янгилик келган чоғда Трамп Германия канцлери Ангела Меркель билан телефонда сўзлашаётган бўлганини таъкидлаган.

Суриштирув қандай олиб борилди?

Роберт Мюллер Россиянинг Америка сайловларига аралашуви, шунингдек, Дональд Трамп жамоасининг Кремль билан 2017 йилнинг майида эҳтимолли тил бириктиришини суриштирган. Унинг тергов гуруҳига 15 дан ортиқ юристлар кирган, жамоага яна 30 тача ходимлар ёрдам беришган.

Махсус прокурор гуруҳи Россия ҳукуматининг 2016 йилги АҚШ президенти сайловларига аралашишга бўлган уринишини, Трамп яқинлари ва сайловолди штабидаги инсонларнинг Кремль билан алоқадорлигини ўрганган, шунингдек, «суриштирув жараёнида пайдо бўлувчи ҳар қандай бошқа саволларга жавоб излаш» ҳуқуқига эга бўлган.

Суриштирув жараёнида Мюллер жамоаси 34 кишига айблов эълон қилган, жумладан, уларнинг олти нафари Трампнинг ён-атрофидаги инсонлардир. Хусусан, Трампнинг собиқ юристи Майкл Коэн, Трампнинг собиқ сайловолди штаби раҳбари Пол Манафорт ва миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Майкл Флинн. Лекин уларнинг бирортасига Кремль билан тил бириктириш айблови илгари сурилмаяпти.

Махсус прокурор айблов эълон қилган АҚШ фуқароларининг бирортасига тўғридан-тўғри 2016 йилги сайловлар чоғида Россия билан тил бириктириш айблови қўйилмаяпти.

Коэн сайлов қонунчилиги ва конгрессга ёлғон сўзлагани учун уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Суднинг аниқлашича, у Трампнинг пуллари эвазига амалдаги президент билан ишқий муносабатда бўлган икки аёлнинг сукут сақлашини сотиб олган.

Манафорт эса солиқлардан қочиш ва хорижий агент мақомини рўйхатдан ўтказмасдан Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичга ишлагани учун 7 йилу 5 ой қамоқ жазоси олган.

Флинни эса Федерал тергов бюроси терговчиларига Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляков билан 2016 йилнинг декабридаги мулоқоти мазмуни ҳақида ёлғон кўрсатма берган учун судлашмоқда. Флинн элчига ўз вазифасидан кетаётган президент Барак Обама томонидан жорий этилган санкцияларга қаттиқ эътибор бермасликни айтиб, Трамп администрацияси олдинги президентнинг қарорларини бекор қилишига ишонтирмоқчи бўлган.

Бироқ суриштирув фигурантлари ичида россияликлар ҳам бор. 2018 йилнинг июлида Мюллер АҚШ президенти сайловларига аралашув борасида Россиянинг 12 нафар фуқаросига нисбатан айблов эълон қилган. Уларнинг барчаси АҚШда Россия қуролли кучлари бош штаби бош бошқармаси (ГРУ) офицерлари деб аташмоқда.

Мюллернинг версиясига кўра, улар Америка демократлар партиясининг бузилган серверларидан олинган электрон хатларнинг Wikileaks лойиҳаси сайтида пайдо бўлишига алоқадор. 2016 йилги ёзишмалар массивининг эълон қилиб юборилиши Трамп рақобатчиси Ҳиллари Клинтоннинг рейтингига салбий таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Серверларнинг бузилишида Америка махсус хизмати ГРУни айблаб келишади. Россия бу айбловларни тан олмасдан келмоқда.

Сайловларга аралашувни суриштириш доирасида Мюллер бошқа ҳеч кимга айблов эълон қилмоқчи эмас, дейишган АҚШ адлия вазирлигидагилар АҚШнинг бир неча оммавий ахборот воситаларига.

Бу — президентнинг ўғли кичик Дональд Трамп ҳам айбловлардан қутулиб қолганини англатади. Чунки Майкл Коэн терговда ўғил Манҳэттендаги «Трамп-тауер»да гўёки россиялик юрист Наталья Весельницкая билан учрашгани ва бу аёл Ҳиллари Клинтонни обрўсизлантирувчи маълумотларни тақдим этишни ваъда қилганини таъкидлаган.

Президентнинг ўзи ҳам, ўғли ҳам бу айбловларни рад этишмоқда. Трамп умуман руслар билан қандайдир учрашув тайёрланганидан бехабар бўлганини таъкидлаб келмоқда. Кичик Трамп эса руслардан Клинтон хонимга тааллуқли ҳеч қандай «мағзава» кутмагани, учрашувда гап хорижий васийлик муаммолари ҳақида борганини таъкидлаган.

Суриштирув ишларининг якунланишини қандай кутиб олишди?

Республикачилар Мюллерга унинг бажарган ишлари учун ташаккур билдиришди. «Аксарият республикачилар кўпдан буён Россияни Америка манфаатлари учун улкан таҳдид туғдирувчи давлат ўлароқ билишади», — республикачиларнинг сенатдаги етакчиси Митч Макконелл.

У бош прокурор Уильям Барр томонидан «максимал даражадаги шаффофлик ва очиқлик»дан «умид қилаётгани»ни билдириб ўтган. Сенатнинг юридик қўмитаси раҳбари ва Трамп тарафдори Линдси Грэҳэм ҳам бош прокурорнинг очиқлигидан умид қилаётганини таъкидлаб ўтган.

«Мен доим жаноб Мюллер ўз ишини аралашувларсиз амалга ошириши муҳим деб ҳисоблаб келганман ва бунга эришилди ҳам», — деган у. Конгрессмен Марк Медоуз «Россия билан тил бириктирув» борасида икки йиллик суриштирув давомида ҳеч кимга айблов эълон қилинмаганига эътибор қаратган. Демократлар Мюллер суриштирувининг натижаларини эълон қилишни талаб қилишмоқда. «Америка халқи ҳақиқатни билишга ҳақли. Шиоримиз — шаффофлик», — дейилади вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ва демократларнинг сенатдаги етакчиси Чак Шумертнинг қўшма баёнотида.

Вакиллар палатаси юридик қўмитаси раҳбари Жерольд Надлернинг таъкидлашича, қўмитадагилар «тўлиқ ҳисоботни орзиқиб кутишмоқда». 2020 йилги президентлик сайловларида иштирокини эълон қилган демократ Бето О'Рурк ҳам ҳисоботни эълон қилишга чақирган. Ўз номзодини илгари сураётган сенатор Берни Сандерс эса Трампнинг ўзи ҳам ҳисоботни эълон қилишга чақирганини эслатиб ўтган: «Тўлиқ ҳисобот имкон қадар тезроқ эълон қилиниши лозим. Ҳеч ким, ҳаттоки президент ҳам қонундан устун эмас». Президент эса тугалланган суриштирув бўйича изоҳ бермаган. Илгарироқ у буни «алвасти ови», давлат раҳбарини таъқиб қилиш, деб атаб, Твиттерда «ҳеч қандай тил бириктириш бўлмаган», деб изоҳ қолдирган.

Мавзуга оид