Жамият | 13:30 / 25.03.2019
7437
2 дақиқада ўқилади

190 миллион сўмлик заргарлик буюмларини яширинча олиб киришга бўлган уринишлар фош қилинди

Давлат божхона хизмати органлари томонидан тилла ва заргарлик буюмларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб чиқишга қарши қаратилган чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда. Хусусан, «Ғишткўприк» чегара божхона постида бир неча божхона қоидабузарликлари ўз вақтида аниқланиб, қонунбузарларга нисабатан керакли чоралар кўрилди.

Жумладан, Ўзбекистондан қўшни давлатга чиқиб кетаётган фуқаро Д.Д.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди. Натижада, у холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган, жами оғирлиги 211 грамм бўлган 63,3 миллион сўмлик сариқ металлдан ясалган заргарлик буюмларини қўшни давлатга яширинча олиб чиқмоқчи бўлгани аниқланди.

Айнан шу куннинг ўзидаёқ, фуқаро М.М.нинг ҳам кирдикори фош бўлди. У холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган, жами оғирлиги 206 грамм сариқ металлдан ясалган, қиймати 61,8 миллион сўмлик турли-туман заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтаётгани аниқланди.

Т.Д.нинг «найранги» ҳам «Ғишткўприк» чегара божхона пости ходимлари томонидан ўз вақтида аниқланди. Йўловчи холислар иштирокида белгиланган тартибдаги шахсий кўрикдан ўтказилганида, йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган, жами оғирлиги 213 грамм сариқ металлдан ясалган, қиймати 63,9 миллион сўмлик заргарлик буюмларини юклари орасида яширинча олиб ўтишга бўлган уриниши наф бермади.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид