Ўзбекистон | 14:11 / 25.03.2019
15002
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Жарқўрғондаги мактабга ўз шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидлади.

Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади. 

Президент ташаббуси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Сурхондарё вилоятига сафари давомида вилоятнинг Жарқўрғон тумани Какайди қўрғонидаги 5-мактабда бўлиб, мактаб кутубхонасига ўз шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилди.

Ушбу китоблар мактаб ўқувчилари янада чуқур билим олиши, дунёқарашини кенгайтириши, маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Мавзуга оид