Навоийдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида маҳкум уриб ўлдирилганмиди? Экспертиза ишлари давом этмоқда
2016 йилнинг 13 апрелида Бобомурод (исм шартли равишда ўзгартирилган) жиноят кодексининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш моддаси билан айбли деб топилган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай 2016 йилнинг 30 июнида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиалида вафот этган.
Аввалига суд залидан қамоққа олиниб, Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Кейинроқ Навоий вилоятидаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасига (ЖИЭМ) ўтказилган. Тиббий ҳужжатларига кўра, Бобомурод Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган вақтида соғлиғидан шикоят қилмаган, тиббий кўрикларда ҳам соғлом деб топилган. Навоий вилоятидаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасига олиб келинганда ҳам тиббий текширувлардан сўнг, соғлом деб қабул қилинган.
Тўсатдан, 2016 йилнинг 10 июнь санасида муассасанинг тиббиёт бўлимига мурожаат қилган. Лекин тиббиёт бўлимида негадир унинг касаллик баённомалари ва тегишли ҳужжатлар юритилмаган. 18 июнь куни аҳволи оғирлашгач, касаллик баённомалари юритилиб, стационар даволашга расмийлаштирилган. Бўлим шифокорлари ва бошқа навбатчи шифокорлар 19 ва 20 июнь саналарида унинг аҳволидан хабар олишмаган ва даволаш чораларини кўрмаганлар.
21 июнда муассасанинг тиббиёт бўлими бошлиғи Бобомуродни бўлимда яна бир кун ушлаб турган. 22 июнда аҳволи баттар оғирлашгач, соат тахминан 15:40ларда Қизилтепа туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган.
24 июнь куни у ердаги шифокорлар санавиация машинасида Бобомуродни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий вилоят филиалига олиб бориб, ҳушсиз ҳолатда жойлаштиришади. 30 июнда Бобомурод ҳушига келмасдан, тахминан соат 01:00ларда жонлантириш бўлимида вафот этади.
Тиббиёт ҳужжатлари ва экспертиза хулосалари Бобомуроднинг танасидаги жароҳатлар оёғининг товон, болдир қисмига, қорин соҳаларига, бўйин умуртқа ва қовурғаларининг кўплаб синиши уни уриб дўппослангани натижасида олингани очиқ кўриниб турса-да шифокорлар уларни яширишга уринишган.
Жабрланувчи Бобомуроднинг ўлими юзасидан Навоий прокуратураси томонидан тергов жараёни олиб борилган.
Бу вақт давомида экспертлар томонидан бир неча марта экспертиза қилинади. Қизиғи жазони ижро этиш муассасасига соғлом келган марҳумнинг ўлимига «Сепсис» (қон инфекцияси) касаллиги сабаб бўлган, деб хулоса беришади.
Бош прокуратура томонидан жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди ҳукмига берилган протест Олий суд томонидан қаноатлантирилган ва суд ҳукми бекор қилинган. Бошқатдан кўриб чиқиш учун Навоий шаҳар судига юборилган. Шаҳар суди томонидан қайта комиссиявий экспертиза тайинланиб, уни ўтказиш Республика суд тиббий экспертизаси Бош бюросига топширилган. 2018 йил 29 март куни экспертлар 31-сонли хулоса тайёрлашган. Улар ҳам юқоридаги ҳолатни тасдиқлашган. Маҳкумнинг ўлимига «Сепсис» (қон инфекцияси) касаллиги сабаб бўлган, деб хулоса беришган.
Жиноят иши Тошкент шаҳрида кўрилиши бошлангандан кейин, экспертлар томонидан 2018 йилнинг 5 сентябрида хулоса тақдим этилган. Суд жараёни вақтида 94-сонли хулосани берган экспертлар сўроқ қилинганда мутлақо бошқа ҳолат вужудга келган. Қарама-қаршиликлар ва сўроқ вақтидаги кўрсатмалар бир-бирига зид бўлиб кетган. «Сепсис» (қон инфекцияси) касаллиги мавжуд бўлмаганлиги аён бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2018 йил 5 декабрдаги ажрими билан қайта комиссион экспертиза тайинланган. Ўтказиш Республика суд тиббий экспертизаси илмий–амалий маркази экспертларига топширилади. Улар марҳум Бобомуродни эксгумация қилиш лозимлиги ҳақида судга илтимоснома тақдим қилишган ва у қаноатлантирилган.
2019 йилнинг 22 январь кунидаги 126-сонли суд тиббий экспертизаси хулосаларига кўра, Бобомуроднинг ўлими тириклик чоғида олган бир нечта оғир тан жароҳатлари натижасида уларнинг асоратланиши билан давом этган ўткир полиорган етишмовчиликлар оқибатида келиб чиққанлиги маълум қилинган.
Сўнгги экспертиза вақтида дастлабки экспертлар томонидан кўрсатилмаган бўйин умуртқа поғонасининг синганлиги аниқланган. Дастлабки хулосада кўрсатилган юракни массаж қилиш вақтида қовурғаларни синганлиги инкор этилган.
Мазкур хулоса судга тақдим қилингани ва судда иштирок этган прокурорнинг ишни қўшимча процессуал ҳаракатларни ўтказиш бўйича берган илтимосномасига кўра ишни кўриш вақтинча тўхтатилган. Тошкент шаҳар прокуратураси орқали иш Бош прокуратурага юборилган.
Бош прокуратура томонидан тергов гуруҳи тузилиб, тергов жараёнлари вақтида терговчи томонидан яна суд тиббий қайта экспертиза ўтказилиши тайинланган ва уни ўтказиш Тошкент вилояти суд тиббий экспертизаси бюросига юборилган.
Ҳозирда экспертиза ҳаракатлари олиб борилмоқда ва Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Мавзуга оид
13:29
МИБ Суд ижрочилари халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик қилади
13:53 / 28.11.2024
Янгийўлда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирган шахс умрбод озодликдан маҳрум қилинди
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
13:31 / 22.11.2024