Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шовотдаги «Ўгай маҳалла» ҳолати мурожаатдан бир йил ўтиб: «Аҳвол ўзгармади», «қайта тиклаб берилмади», «қачон ўзгариши маълум эмас»
2018 йил март ойида Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти, Шовот тумани, Чиғатойқалъа қишлоғи, «Гулистон» маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийларидан мурожаат тушган эди.
Хатда болалар боғчаси ишламаётгани, у аянчли ҳолатда экани, маҳалладаги кутубхона тугатиб юборилгани, ичимлик суви тармоғи йўқлиги, қишлоқ врачлик пунктига эга эмаслиги, гузар тугул, ҳатто сартарошхона йўқлиги, масжид бўлишига қарамай, унда ибодат қилишга рухсат берилмагани кўрсатилган эди.
Бу ҳақда сайтда «Ўгай маҳалла» ёхуд шовотликларни қийнаётган ижтимоий муаммолар номли мақола эълон қилинган эди.
Орадан 1 йил ўтгач, муаммоларнинг қандай ечим топганини ўрганиш учун яна бир бор Шовот туманига бордик.
Вайронага айланаётган «Орзу» мактабгача таълим муассаси – аҳвол ўзгармаган
1985 йили маҳаллада «Орзу» мактабгача таълим муассасаси (болалар боғчаси) барпо қилинган. Унда шу маҳалла болалари таълим-тарбия олган, саводини чиқарган. 2015 йилда боғча капитал таъмирлаш баҳонасида ёпилган, аммо ҳозирги кунгача ҳеч қандай таъмирлаш ишлари бажарилмаган ва қаровсиз аҳволда, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мурожаатчилар шу муассаса фаолиятини тиклаб беришни илтимос қилишган эди. Афсуски, бу борада иш жойидан жиддий равишда қўзғалмаган.

2019 йил март ойи ҳолатига боғча биносини қайта таъмирлаш масаласи кун тартибида йўқ. У «Обод қишлоқ» ёки инвестиция дастурига киритилмаган. 2020 йилги дастурга киритилиш масаласи ҳам мавҳумлигича қолмоқда.
«Бу боғчани таъмирлаш ишларини 2019–2021 йилги дастурларга киритиш учун таклиф берганмиз, аммо қачон киритилиши маълум эмас. Яқинда унинг 3 миллиард сўмлик янги лойиҳаси тайёрланди. Агар дастурга киритилса, 125-140 ўринли боғча сифатида фаолиятини бошлаши мумкин», - деб маълумот берди Мактабгача таълим бўлими эксплуатация хизмати бошлиғи Шавкат Наврўзов.

Айни пайтда, маҳалла болалари бошқа ҳудудлардаги, 4-5 км узоқликдаги боғчаларга боришга мажбур. Бу жуда узоқ ва ноқулай. Бундай харажатларни фақат шахсий транспорти бор ва ўзига тўқ оилаларгина кўтара олади, улар эса озчилик. «Орзу» болалар боғчаси тобора нураб, харобага айланиб бормоқда.
Ичимлик суви таъминоти муаммоси – қисман ҳал қилинди
«Гулистон» маҳалласи аҳолиси ичимлик суви тармоғига улаб бериш ҳақида мурожаат қилишган эди.
Бу муаммо қисман ҳал қилинган – Шовот тумани ҳокимлиги ва прокуратураси томонидан маҳалла аҳолисига тозаланган ичимлик суви тарқатиш шохобчаси қуриб берилган. Ҳозирги вақтда аҳоли замонавий ускуналарда тозаланган сифатли сувни истеъмол қилиш имкониятига эга бўлган. Бундан ташқари, ҳафтада бир марта уларга сув ташувчи автомашиналарда ичимлик суви тарқатилмоқда.

«Шу пайтгача инвестиция дастури бўйича маҳаллаларни ичимлик суви тармоғига улаш амалга оширилаётган эди. Бу йилдан бошлаб, фақат «Обод қишлоқ» дастурига тушган ҳудудларгина тармоққа уланадиган бўлди. «Чиғатойқалъа» қишлоғи эса бу дастурга киритилмаган. 2020 йилда бу қишлоқни дастурга киритиш учун таклиф берамиз», - деб маълумот берди қурилиш ишлари бўйича мутахассис Муҳаммад Ишчанов.
Қишлоқ врачлик пункти – қайта тиклаб берилмайди
«Гулистон» маҳалласида мавжуд бўлган тиббиёт пункти бир неча йиллар олдин тугатиб юборилган эди. Уни қайта тиклаш масаласи ҳам кун тартибида йўқ. Ҳозирги пайтда, маҳалла аҳолиси 3-4 км масофа узоқликдаги «Бўстон» қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) хизматидан фойдаланмоқда. Унда 2 нафар умумий амалиёт шифокори ва 6 патронаж ҳамшира ишлаяпти.
Маҳалла гузари – қачон қурилиши маълум эмас
Мурожаатда «Гулистон» маҳалласида гузар тугул, сартарошхона ҳам йўқлиги айтилган эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун иш бир қадам ҳам олдинга силжимагани, гузарни барпо қилиш учун ҳеч қандай чора кўрилмагани маълум бўлди.
«Маҳалла гузари қуриш бўйича бир тадбиркор мурожаат қилган. Бу масалани ўрганамиз, агар бўш ер бўлса, электрон аукционга қўйиб берамиз. Талабгорлар унда қатнашиб, ютиб олиши ва иш бошлаши мумкин», - деб маълумот берди қурилиш ишлари бўйича мутахассис Муҳаммад Ишчанов.
Кутубхона – тиклаб берилмади
«Гулистон» маҳалласида 3-4 минг китоб фондига эга мўъжаз кутубхона мавжуд бўлган. Кейинчалик у тугатиб юборилган, биноси маҳалла идорасига айлантирилган. Мурожаатчилар уни тиклаб беришни, китобларни орқага қайтаришни сўраган эди. Ҳатто, собиқ кутубхона хоналарини ўз ҳисобидан таъмирлаб, тайёр ҳолатга келтириб қўйишган эди. Афсуски, бу муаммони ҳал қилиш бўйича ҳам ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Масжид – ибодат қилишга рухсат йўқ
«Гулистон» маҳалласида масжид бор. Хива хони даврида барпо қилинган мўъжазгина масжид кейинчалик абгор аҳволга келиб қолган эди. Маҳалла аҳолиси уни ҳашар ва хайрия йўли билан таъмирлаб, тиклаб олган ва ибодат қилишга рухсат берилишини сўраган эди. Тегишли ташкилотлар томонидан бу масала ўрганиб чиқилган, унинг деворлари лойдан қурилгани ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги боис, оммавий тадбирлар ўтказиш, хусусан жамоат билан намоз ўқиш учун рухсат берилмади.
«Гулистон» маҳалласидаги ижтимоий муаммолар ҳақида фуқаролар бир неча йиллардан бери Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Шовот тумани ҳокимлигига мурожаат қилиб келишмоқда. Аммо, афсуски улар ўз ечимини топмаяпти. Одамлар ўзига ер, арзон кредит, уй-жой ва бошқа нарсаларни сўраётгани йўқ, балки фарзандларининг боғчага бориши, илмли, маърифатли бўлиши, кутубхона очилиб, ундан китоб олиб ўқиши, малакали тиббий ёрдам олиши, болаларининг соғлом бўлиб улғайишини истамоқдалар, ўз манфаатини учун эмас, балки келажак авлод манфаати учун жон куйдиришяпти. Муаммоларнинг баъзиларини бартараф қилиш учун, ҳатто ўз кучи ва маблағини сарфлашга ҳам тайёр туришибди. Бироқ, уларга пешвоз чиқадиган раҳбарлар топилмаётгани ачинарли...
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
12:33 / 02.05.2025
«Бунда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳ ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради» — президент чипталар нархи ҳақида
15:41 / 01.05.2025
Президент Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди
20:24 / 02.04.2025
Хоразмда пулини кўпайтириб беришни айтиб, мингдан ортиқ одамни чув туширган шахс ушланди
16:38 / 18.03.2025