Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хатирчида кўприкнинг абгор аҳволидан аҳоли азият чекмоқда. Муаммони ким ҳал қилади?
Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги «Гулистон» маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда маҳаллани туман маркази билан боғлайдиган кўприк айни вақтда яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, шу сабабли автотранспорт ҳаракати тўхтатилгани, кўприкни таъмирлаш юзасидан мутасаддилар томонидан амалий ишлар олиб борилмаётгани баён этилган.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Хатирчи туманида бўлиб, маҳалла аҳолиси вакиллари билан суҳбатлашдик.

«Айни вақтда маҳалламиздан туман марказига ўтадиган кўприкдаги ҳаракат тўхтатилган. 2000 йилда қурилган кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Маҳалламизга кириш йўли ёпилган. Бу туман марказига ишга, ўқишга ва турли юмушлар билан борадиган аҳолига турли ноқулайликлар туғдирмоқда. Ахир маҳалламизда икки ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Қолаверса, қуйи томонда яна бир нечта маҳалла ва қишлоқлар бор. Ҳозир айланма йўл орқали туман марказига қатнаяпмиз. Аммо бу йўл умуман талабга жавоб бермайдиган лой кўча. Қолаверса, катта ариқ бўйлаб ўтган бу айланма йўлда хавфсизлик таъминланмаган. Яқинда бир автомобиль ариққа тушиб кетди. Ёмғир ёққан вақтда ўнлаб машиналар лойга ботиб қолади. Шу боис, транспорт воситалари туман марказидан маҳаллага келишни истмайди. Кўприкни қисқа вақтда таъмирлашнинг имкони бўлмаса, шу айланма йўлга шағал тўкиб, бироз бўлса-да, таъмирлаб беришса бўлади-ку?! Ахир, аҳоли бу айланма йўлдан қатнашга жуда қийналмоқда», – дейди мурожаатчилардан бири.
Ўрганиш давомида кўприкнинг аҳволини кўздан кечирдик. Кўприк чиндан ҳам яроқсиз аҳволга келиб қолган. Шу туфайли ҳаракат тўхтатилган.


Маҳалла аҳолиси айни вақтда айланма йўл орқали туман марказига қатнашга мажбур. Аммо катта ариқ бўйлаб кетган ушбу лой йўлда ҳаракат хавфсизлиги таъминланмаган.

Шу сабаб яқинда «Дамас» русумли автомобиль йўловчилари билан ариққа тушиб кетган. Ариққа тушиб кетган машинанинг излари яққол кўриниб турганди.

Маҳалла аҳолиси ушбу муаммо ҳал этилиши учун туман ва вилоят ҳокимликларига мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан Навоий вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан келган жавоб хатида яроқсиз ҳолатга келиб қолган кўприк манзилли дастурга киритилса, қайта қуриб берилиши билдирилган.

Маълум бўлишича, ушбу маҳалла туман прокурори секторига бириктирилган. Аҳоли вакилларининг таъкидлашича, бу муаммо юзасидан сектор раҳбарига ҳам мурожаат қилишган. Аммо мурожаатларига ҳали жавоб олишмаган.
Ушбу муаммо юзасидан Хатирчи туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Қутбиддин Фармонов билан суҳбатлашдик.
«Маҳалладаги кўприк сел туфайли яроқсиз ҳолатга келган. Шу туфайли кўприкдан фойдаланиш хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилган. Бу муаммо бир-икки ойда ҳал бўладиган масала эмас. Тегишли ташкилотлар томонидан лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. Тахминан 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ талаб этилади. Имкон даражасида ушбу муаммони тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Шу йилнинг август ойигача муаммо ижобий ечим топади», – дейди ҳоким ўринбосари.
Мутасадди томонидан берилган ваъда бажарилса, аҳолини қийнаётган масала ижобий ечим топса, албатта бу яхши. Муҳими, ваъда бажарилса бўлгани.
Аммо таҳририятимизга ушбу туман аҳолисининг турли мазмундаги мурожаатлари кундан кунга кўпайиб бормоқда. Ушбу мурожаатларни ўрганишимиз жараёнларида Хатирчи тумани ҳокими Ғ.Алиев ва бошқа мутасаддилар масалани ҳал қилишга берган ваъдалари ваъдалигича қолиб кетмоқда.
Kun.uz бу масала юзасидан берилган ваъда ҳам ваъдалигича қолиб кетмаслигига ишонч билдиради ва бу мавзуга яна қайтади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
22:18 / 14.05.2025
“170 дона 200 сўмлик” — Навоийда пенсиянинг бир қисми тангада тўланаётгани айтиляпти
13:30 / 07.05.2025
Ўзбекистонда илк бор ёмғирни сунъий ёғдириш технологияси синаб кўрилмоқда
18:28 / 01.05.2025
Навоийда кичик самолётлар ишлаб чиқарилади
16:51 / 02.04.2025