Ўзбекистон | 14:00 / 28.03.2019
44140
2 дақиқада ўқилади

Арипов Тошкент шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказди, иккита туман ҳокими қаттиқ огоҳлантирилди

Фото: gov.kg

Жорий йилнинг 26 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, Давлат бюджети даромадлари манбалари бўйича 2019 йил 1-чорак якунида кутилаётган натижалар ҳамда бюджетга тушумлар борасида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 2019 йил 1-чоракда Давлат бюджети даромадлари режа кўрсаткичи 4 трлн. 485 млрд. сўм миқдорида тасдиқланган бўлиб, 2019 йил 25 март куни ҳолатига режа кўрсаткичи 3 трлн. 683 млрд. сўмга ёки 82 фоизга бажарилганлиги таъкидланди.

Тасдиқланган Давлат бюджети даромадлари даромадлар тушуми режаси ижроси Учтепа туманида 67 фоиз, Миробод туманида 69 фоиз, Бектемир туманида 74 фоиз, Юнусобод туманида 76 фоиз, Мирзо Улуғбек туманида 77 фоиз, Шайхонтоҳур туманида 83 фоиз ҳамда Сергели туманида 83 фоизни ташкил этган.

Режа бажарилишида қолоқликка йўл қўйилганлиги учун Миробод, Учтепа туманлари ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари, ушбу туманларнинг давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари қаттиқ огоҳлантирилган.

Шайхонтоҳур туманида Давлат бюджет даромадларининг тушум режаси бажарилишида қолоқликка йўл қўйилганлиги ва бошқа камчиликлар учун туман ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ҳайфсан эълон қилинди.

Шунингдек, 1-чорак натижаси билан тушум режаси бажарилмаган тақдирда Тошкент шаҳри туманларининг 4 та сектор раҳбарлари ҳамда туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари уларга нисбатан қатъий жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Йиғилишда иштирок этган бош вазир ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев томонидан туманлардаги масъулларнинг фаолияти қаттиқ танқид қилинди ва Тошкент шаҳрида 1-чорак даромадлар тушуми режасини март ойининг охиригача бажариш учун 801,9 млрд. сўм миқдорида тушумни қолган қисқа муддатда амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид