Жамият | 07:54 / 31.03.2019
38598
3 дақиқада ўқилади

«Прописка» бўлмаса, тез тиббий ёрдам кўрсатилмайдими? Мутахассис изоҳ берди

Тез тиббий ёрдам сифати мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими қай даражада йўлга қўйилганлигини кўрсатувчи асосий омиллардан ҳисобланади. Соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони ҳам мавжуд.

Аммо жамиятда тез тиббий ёрдамдан шикоятлар, норозилик ҳолатлари етарлича учрамоқда.

1-ҳолат. «Тошкентга Қорақалпоғистондан келган синфдошим қурилишда ишлаш вақтида ҳолсизланиб йиқилганини айтиб қолди.Зудлик билан «103»га хабар қилишган. Тез тиббий ёрдам ходими келиб, беморни кўриб, уни шифохонага ётиши кераклигини айтган. Олиб кетинглар деса, «Йўқ, биз олиб кетолмаймиз, чунки сизнинг доимий пропискангиз йўқ» деган жавобни беришган».

2-ҳолат. «Талабаман. Вақтинчалик прописка асосида талабалар турар жойида яшайман. Қорин соҳасида оғриқ ва кўнгил айнишидан безовта бўлиб, тез ёрдам чақиргандим. Келиб, грипп деб ташхис қўйишди, иситма туширувчи укол қилишди. Бир соатлардан сўнг оғирлашдим. Яна тез ёрдам. Аниқ ташхис қўёлмади. Олиб кетинг, десам, «талабасиз, пропискангиз йўқ-ку», дея жавоб беришди. Касалхонага кира қилиб бордим. Заҳарланиш экан».

«Тез тиббий ёрдам хизматининг асосий вазифаси фуқаронинг ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатларда биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишдир. Ушбу тиббий ёрдам барча ҳолатларда – бемор Ўзбекистон фуқаросими ёки чет эллик меҳмонми, қатъи назар бепул кўрсатилади. 

Шунингдек, шаҳарга меҳмон бўлиб келганлар ҳамда турар жойда вақтинчалик рўйхатда турувчиларга доимий рўйхатда турувчи аҳоли билан тенг тартибда тиббий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Прописка масаласи тез ёрдам кўрсатиш учун тўсиқ бўла олмайди», — дейди Тошкент тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султонов.

Бош шифокорнинг Kun.uz'га маълум қилишича, беморга ўз жойида ёрдам кўрсатилгач, шифохонага олиб бориш талаб қилинадиган ҳолатлар мавжуд бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 180-сонли буйруғига асосан тез тиббий ёрдам ходими беморни Тошкент шаҳрида жойлашган шифохоналарга олиб бориши лозим. Фақатгина республиканинг турли ҳудудларидан пойтахтга келиб, қўлида Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасасида режали ётиб даволаниш учун имтиёзли ордери бўлган беморлар олиб кетилмаслиги белгиланган.

«Муайян турар жойга эга бўлмаган шахслар (БОМЖ) ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланади, улар ҳам бошқалар билан тенг равишда тез тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқига эга», — дея таъкидлайди Даврон Султонов.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида ҳам «Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга», дея қайд этилган.

Тез тиббий хизмат кўрсатишда прописка билан боғлиқ масалаларнинг рўкач қилиниши қонунбузарлик ҳисобланади.

Мавзуга оид