Спорт | 15:04 / 02.04.2019
14322
9 дақиқада ўқилади

Боксдаги 4 жанг, «Тоттенҳэм»га мухлислик ва Фергюсоннинг айғоқчилари. Рой Кин ҳақида

1993-2005 йилларда «Манчестер Юнайтед» сафида деярли барча совринларни ютган, жамоа сардори бўлган, кейинчалик мураббий сифатида ҳам Британиянинг бир қатор клубларида ишлаган Рой Кин ўзининг собит характери, фаоллиги ва ғалаба учун бор кучини ишга солиши билан ҳатто ўша пайтларда ҳам ажралиб турарди. Бироз ўзгарган бугунги футболда эса унинг ўхшашиши топиш мушкул. Рой ҳам устози ва баъзи жамоадошлари йўлидан бориб, ўз биографик китобини чоп эттирган. Эътиборингизга футболчи биографиясидан қизиқ сатрларни ҳавола қиламиз.

Биз ирландияликлар ҳаммасини ўзимизча қиламиз. Қонимизда бор. Бизни яхши кўришади, лекин бошқа тарафдан қараганда, бировнинг тўйига таклиф қилинган санъаткорларга ўхшаб қолмаганмидик? Жиддий ўйинлар бошлангач, биз четга чиқар, уйга бориб, ягона ғалабамизни нишонлар, кейин телевизорда мундиалнинг қолган қисмини кўрардик. Аммо мен бундай бўла олмайман. Мен «Манчестер Юнайтед» футболчиси эдим ва биз фақат совринлар ютсак байрам қилардик...

Мен бокс клубига қатнашганман. Атиги тўрт марта рингга чиқдим ва барчасида ғалаба қозондим. Жисмоний жиҳатдан кучли ва ғалабаларга оч эдим. Шу билан бирга, «Рокмаунт» клубида футбол ўйнардим. Ниҳоят бир куни бокс мураббийим шарт қўйди: ё футбол ёки бокс. Оқибатда боксдан кетишга тўғри келди. 

«Тоттенҳэм»га мухлислик қилганман. Нега? Сабаби, жуда кўп ўртоқларим «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ёки «Ливерпуль» томон эди. Мен учун эса, Гленн Ҳоддл энг севимли футболчи бўлган. 

Мен майдонда ёрқин ижрочи эмас, кўпинча меҳнаткаш ролида эдим. Йўқотилган ҳар бир тўп учун бор кучим билан курашардим, хуллас фаол бўлишга интилганман. Ўша пайтдаги мураббийларим Тимми Мёрфи ва Жен Салливаннинг ўгитларини қулоғимга қуйиб олганман: «агар ўйинга етарлича кайфиятда тушмасанг, ҳар қанча иқтидорли бўлмагин, мағлуб бўласан». Мен бунга ишонганман, ҳозир ҳам ишонаман.

Бўйимни паст дейишарди, баъзиларга эса, характерим ёқмасди. Қизиғи, менинг мана шундай характерим, айнан бўйимнинг паст бўлгани учун шаклланган. Тўп учун курашда имкон қадар тезроқ тўпни олиб қўйишни ўрганганман, балки шунинг учун мен ҳақимда «у билан ҳазил ҳаром» деган гаплар айтилган. 

«Трэнмер» стадионида трибуналар бўшми? Фарқи йўқ. Мен ўзим учун керакли муҳитни ярата олардим. Мэйфилддаги томорқаларда ёки Палмерстаундаги машғулот майдонларида ўзимни катта футболда, катта стадионда ўйнаётгандек ҳис қилишни «ўрганиб олгандим». Бу кейин ҳам ёрдам берди, масалан, «Трэнмер»га қарши ўйинда ўзим учун шундай атмосфера яратиб олдим, ҳар тўп учун курашдим, подкад қилдим, югурдим.

«Нотингем Форест»даги илк ҳафтамдаёқ футбол олами доимий симулянтлар, нолийдиган нимжон, профессионалликка даъво қилгани билан талабларга жавоб бера олмайдиган футболчиларга тўла эканини билдим. Эртасига «Сити Граунд» ечиниш хонасида Брайан Клафни кўриб қолдим. Исмимни сўради. «Рой» деб жавоб бердим мен. «Шуни тозалаб бергин, Рой, майлими?» – деди у ва кучуги билан сайрда лой бўлиб кетган ботинкасини қўлимга тутқазди. Мен бундан хурсанд бўлдим, чунки нега бундай қилаётганини тушуниб турардим. 

Биз «Сити Граунд»да «Тоттенҳэм» билан ўйнадик. Болалигимдан мухлис бўлган клубга қарши, Пол Гаскойнга қарши. Пол ЖЧ-90 даги кўз ёшларидан кейин кумирга айланганди. Газза билан терма жамоада ўйнаган Стюарт Пирс ва Уокер мени огоҳлантиришдики, Пол менинг жиғимга тегиши мумкин экан. Шундай бўлди ҳам. У менга ирланд тилида ҳақоратли сўзлар ёғдира бошлади, лекин акценти жуда дабдала бўлгани учун кўп гапларини тушунмадим ҳам. Эътибор бермасликка ҳаракат қилдим. Лекин кулгили эди, мана шундай иқтидорли, машҳур футболчи менинг жиғимга тегиш учун шунча ҳаракат қилди-я...

«Кристал Пэлас»га қарши ўйин. Сафардаги ўйинда 0:0 ҳисобини ушлаб қолгандик. Жавоб ўйинида эса, 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олдик. Мен тўпни дарвозабонимизга оширганимда, у – Марк Кроссли қийналиб қолди ва тўпни зўрға тепиб юборди. Уёғи ёмон бўлди, майдон марказида тўпни эгаллаб олган Жон Салако тўпни Маркнинг устидан ошириб дарвозага жойлаб қўйди. Даҳшат! Ўйин тугагач, кийим алмаштириш хонасига кирганимда Клаф юзимга шунақа урдики, полга учиб тушдим.

«Тўпни дарвозабонга оширма, тушундингми?!»

Жағим оғришда давом этар, мен эса, бошим билан тасдиқ ишорасини қилдим. Клаф ва профессионал футбол билан асал ойи ниҳоясига етган, энди ҳақиқий футбол бошланаётганди. Бу менга дарс бўлди. Умуман мураббийга бўлган босим катта эди, унинг жаҳлини тушундим, заррача хафа бўлмадим.

Эсимда, лигадан тушиб кетганимизда оғир дақиқалар бўлди, аммо баъзи жамоадошларим душда ювинаётиб, бир-бири билан ҳазиллашарди. Кўзларимга ишонмасдим. Ахир биз ютқаздик, фаолиятимиз пастга қараб кетяпти-ку, булар қайси ресторанга боришни маслаҳат қилишяпти. Мен буни қабул қила олмадим.

Чимга илк қадамларимни қўйишим ҳамоно, «Олд Траффорд»ни яхши кўриб қолдим. Трансфер қиймати футбол жамоатчилигида шов-шув бўлди. 3,75 миллион фунт ҳозир футболда сариқ чақа, аммо 90-йиллар боши учун катта пул эди. Ҳатто чемпион «Манчестер Юнайтед» учун ҳам. Мен Британиянинг энг қимматбаҳо футболчиси эканимни ҳис қилиб турсам-да, бошим айланмади. Энг яхши футболчилар билан бирга ўйнаб, фақат ўсишим мумкинлигини билиб турардим. «Юнайтед»да мен ҳақиқий характер соҳиби бўлдим. Брюс, Робсон, Кантона ва Паллистер кўп гапиришмасди, жимгина ўз ишларини қилишарди. Пол Инс, лақаби «хўжайин» эди, албатта, тили бироз узун эди, аммо у ҳам яхши футболчи эга бўлиши керак бўлган барча хислатларни ўзида мужассам этганди.  

Энг муҳими ростгўйлик эди. Алекс Фергюсон билан ишлаганда бунинг самарасини ҳам кўриш мумкин. Масалан, дам олиш кунларидан кейин машғулотга борганда, Фергюсон дарров яхшигина «дам олиш» бўлганини пайқарди. Унинг Манчестер бўйлаб айғоқчилари кўп, барибир ҳаммасини биздан аввал эшитарди.

— «Рой, кеча кўнгилхушликка чиқдингми?», – деб сўрарди одатда душанба кунлари эрталаб.

— «Ҳа, бир-икки рюмка ичдим, холос»

— «Уйга қачон қайтдинг?»

— «Аниғини билмайман, кеч бўлиб қолганди»

— «Жудаям кеч эмасми? Кечаси икки яримда Дингсгейтга таксида келибсан-ку?»

Шундан сўнг, у мен борган тунги клубнинг номини, айнан нечада уйга қайтганимни айтиб берарди. Табиийки, мен фақат рост гапира бошладим. Бунинг фойдаси, кўпинча, масалан, газеталарда бизнинг кечаси нималар қилганимиз, қаерларга борганимиз ҳақида хабарлар чиқиб кетарди. Кўпинча, бу хабарлар ичида ёлғон маълумотлар ҳам қўшилиб кетар, ошириб юборишарди. Шундай пайтларда Фергюсон ўша хабарга эмас, менинг талқинимга ишонарди.

1994/95 йилги мавсумда ёшлар жамоасида бир неча иқтидорли бола пайдо бўлди. Баъзида Фергюсон бизни уларга қарши ўйнатар ва ростини айтсам, жуда қийин бўларди. Худди ўта жиддий ўйинлардек қаттиқ яккакурашлар, подкадлар бўлар, ўйинлар жуда қаттиқ кечарди. Бекҳэм, ака-ука Невиллар, Батт, Скоулз ва Гиллеслининг сафимизга қўшилиши яқин кунларда амалга ошиши аниқ эди.

Биз бу ерга меҳнат қилгани йиғилганмиз. «Манчестер Юнайтед» намойиш қилган футбол ва муносабат даражаси – ҳақиқий бизнес. Ҳа, мукофот катта. Жуда катта пул ишлаб топиш ва шу билан бирга қаҳрамонга айланиш мумкин. Аммо шу билан бирга омадсизликка учраш, мухлислар ва журналистлар томонидан танқидлар остида қолиш ҳам мумкин. Ёки таркибдан четда қоласан, ҳаммасидан ҳам ёмон. Энг ёмони, бу фақат сенгагина тегадиган калтак эмас, хотининг, болаларинг, ота-онанг, опа-акаларинг, ва ҳатто узоқ қариндошларинг ҳам бу калтакнинг оғриғини ҳис қиладилар. 

Очиғи, бундан ҳам буюк уч дақиқаликни футбол бошқа кўрмаса керак. 1998/99 йилдаги Чемпионлар Лигасини ютишни кўпроқ истаган, руҳияти кучлироқ бўлган жамоа ютиб олганди. 

Мавзуга оид