Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш бўйича дастур тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлари дастури тасдиқланиши мумкин:
Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланувчиларига шарт-шароитлар яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан таъминлаш, давлат-хусусий шериклик субъектлари фаолиятини ривожлантириш;
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган спорт турлари бўйича кадрлар салоҳиятини янада ошириш, юқори малакали, чуқур касбий билимларга ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган малакали тренерларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларни илмий-услубий таъминлаш;
аҳолининг кенг қатламлари ўртасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланувчилари бўйича оммавий-соғломлаштириш ишларини ривожлантириш, мусобақаларни ўтказиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, уларни қўллаб қувватлаш ва мақсадли тайёрлаш;
Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган спорт турларини янада ривожлантириш мақсадида ушбу спорт турларидан юқори натижаларга эришган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, зарур ҳолларда хорижий тренерлар ва мутахассисларни жалб қилиш;
ҳудудларда ногиронлар футбол клубларини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш;
оммавий ахборот воситалари, шу жумладан электрон ва жаҳон интернет тармоғи орқали аҳоли ўртасида ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган спорт турларини соғлом турмуш тарзига ижобий таъсир этувчи восита эканлигини тарғиб қилиш ишларини ташкил этиш.
Қуйидагилар Дастурнинг молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси;
Ўзбекистон футбол ассоциацияси;
Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси;
Ўзбекистон карлар спорт федерацияси;
Кўзи ожизлар спорт федерацияси;
Ўзбекистон Махсус Олимпиада;
Хорижий инвесторларнинг маблағлари;
имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.