Жаҳон | 21:30 / 03.04.2019
23173
2 дақиқада ўқилади

Порошенконинг собиқ маслаҳатчиси иккинчи турда унга овоз бермасликка чақирди

Фото: УНИАН

Украина президенти Петро Порошенконинг собиқ маслаҳатчиси, президентлик сайловларидаги номзод Игорь Смешко иккинчи турда мамлакатнинг амалдаги президентини қўлламаслигини билдирди.

«Биз Петро Порошенко бошчилигидаги амалдаги ҳукуматни қўллаб-қувватламаймиз ва иккинчи турда унга овоз бермаймиз. Петро Порошенко миллионлаб украинларнинг умидларини оқламади ва Майдандаги идеалларни шарманда қилди, у энди тарихга кетиши керак, деб ҳисоблайман. Афсуски, қаҳрамон сифатида эмас», дея ёзган Смешко сайловчиларга мурожаатида.

У шунингдек, биринчи турда устун келган номзод Владимир Зеленскийга ўз баҳосини бериб ўтган.

«Очиқ жавоб бераман: фақат истеъдодли актёр Зеленскийни биламан. Унинг талантига мухлис сифатида ихлосим бор. Сиёсатчи, давлат арбоби, давлат бошқарув органлари бўйича мутахассис Зеленскийни билмайман», деган номзод.

Смешко демократия учун овоз беришдаги «кўҳна инглизча қоида»ни эслаб ўтган: «Биринчи сайловда юрак ва ақл билан овоз бер, ҳал қилувчи босқичда эса вазиятдан келиб чиққан ҳолда. Сизнинг ватанингизга ва оилангизга нисбатан кам зарар етиши учун».

Украина Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 99,9 фоиз овозлар ҳисоблаб чиқилганидан кейин Смешко биринчи турда 6,04 фоиз (1 миллион 144 минг сайловчи) овоз олган.

Эслатиб ўтамиз, Игорь Смешко Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ раиси ҳисобланади. У 2019 йилнинг январида, президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиши маълум бўлгач Украина президенти маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилганди.

Мавзуга оид