Ўзбекистон | 23:20 / 04.04.2019
17740
2 дақиқада ўқилади

Айрим туманларда бозорларни хусусий бошқарувга бериш тажрибаси жорий этилади — Президент

Президент йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор давомида бозорлар тушумига ҳам тўхталиб ўтган.

«Яна бир муҳим масала бозорлар тушуми ҳисобланади. Биринчи чоракда бозорлар даромади Шуманай ва Деҳқонободда 80 фоиз, Пешкў, Вобкент, Жондор, Қўшработ, Андижон, Оқолтин ва Арнасой туманларида 90 фоизга бажарилган бўлса, Нукус шаҳрида бу кўрсаткич 50 фоизга ҳам етмаган.  

Шу ўринда, Тошкент шаҳрида ўтказилган тажриба доирасида «Наврўз деҳқон бозори» ишончли бошқарув асосида хусусий секторга берилганди. Бунинг натижасида, бозорнинг ойлик тушуми 300 миллион сўмга ёки икки баробарга, бозор автотураргоҳи тушуми уч баробарга ошди.

Бу тажрибани бошқа ҳудудлардаги аҳволи оғир бўлган бозорларда ҳам татбиқ этиш борасида таклифлар ишлаб чиқилсин», дея Президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, Ўзбекистонда давлат улуши мавжуд бўлган бозор ва савдо комплекслари умумий сони 491тани ташкил этади. Уларнинг умумий қарздорлиги жами 80 миллиард.

2018 йилнинг августида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳудудидаги икки миллиард сўмлик қарздорликка эга «Наврўз деҳқон бозори» АЖ тажриба тариқасида  тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарувга берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид