Ўзбекистон | 08:44 / 06.04.2019
75094
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш жараёни соддалаштирилди 

Ягона портал орқали “Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш учун ариза юбориш” хизматининг кўрсатилиш жараёнлари соддалаштирилди, деб хабар бермоқда портал.

Қайд этилишича, энди Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш учун ариза юборилганда фойдаланувчиларга хизматдан фойдаланиш учун тўлов топшириқномаси тақдим этилади.

Хизматдан қандай фойдаланиш мумкин?

1. Ягона портал орқали ариза берилади ва банк кассалари орқали тўловни амалга оширилади;

2. Фуқаролик паспорти, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси, талон ва тўловлар тўланганлиги ҳақидаги квитанциянинг асл нусхалари билан тегишли Давлат хизматлари марказига ташриф буюрилади;

3. Гувоҳнома учун Давлат хизматлари марказида расмга тушиш (ёки расмни жисмоний шахсларнинг маълумотлар базасидан олиш имкони мавжуд, яъни гувоҳномага фуқаролик паспортидаги расм автоматик тарзда жойлаштирилади);

4. Шахсий имзо қўйилади ва янги намунадаги гувоҳнома олинади.

Эслатма: Ягона портал орқали ариза юборилганидан сўнг, Давлат хизматлари марказларига қуйидаги ҳужжатлар билан мурожаат қилиш керак:  

1. Фуқаролик паспорти;
2. Эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талон;
3. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун тўловлар тўланганлиги ҳақидаги банк муассасасининг тўлов қоғози.

Бундан олдин, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришда қатор ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланганди.

Мавзуга оид