Жаҳон | 19:49 / 07.04.2019
32218
5 дақиқада ўқилади

Жеки Чан 65 ёшда

7 апрелда Ҳонгконг ва Голливуднинг машҳур актёри, каскадёр, жанг санъати устаси Жеки Чан 65 ёшга тўлди. Бироқ, кўринишича, йиллар бу феноменал одам учун писанд эмасдек. У ҳамон тетик, оптимистик кайфиятда ва фильмлардаги барча трюкларни ҳанузгача ўзи бажаришни афзал кўради.

Чан 1954 йил 7 апрелда Ҳонгконгда туғилган. Унинг ота-онаси шунчалик камбағал бўлганки, ҳаттоки уни акушерга сотиб юбормоқчи бўлишган, бироқ бу фикрларидан қайтишган.

Маълум вақтдан кейин Жекининг ота-онаси АҚШнинг Австралиядаги элчихонасига ишга жойлашишга муваффақ бўлган. Жекининг ота-онаси уни 7 ёшга тўлганда Ҳонгконгдаги Пекин операси мактабига ўқишга жўнатишган. Мактаб жуда нуфузли бўлган, унда жанг санъати, актёрлик маҳорати, қўшиқ куйлаш, акробатика, рақсдан сабоқ берилган. Жекининг айтишича, у мактабда иродасини мустаҳкамлаган ва ғалабага интилишга ўрганган. У, шунингдек, кунг-фуга қизиқиб қолган.

Жеки 1971 йилда мактабни битиргач, каскадёр бўлиб ишга жойлашган. У кинодаги фаолиятини айнан каскадёр сифатида бошлаган. Уни дастлаб эпизодларда ва кичик ролларда суратга олишган. Кунг-фу, акробатикани яхши эгаллаган, яхши пластика ва саҳна маҳорати малакаларига эга бўлган Чан 1970-йиллар ўрталаридан каттароқ ролларни ижро эта бошлаган, кейинроқ эса ўзи фильмларни суратга ола бошлаган.

Унинг илк ишлари орасида “Бургут соясидаги илон”, “Маст уста”, “Тангри қурол-яроғи” каби фильмлар бор. Шундан кейин у тез орада Ҳонгконгнинг энг катта ҳақ олувчи актёрига айланган. У ўзини сценарийнавис сифатида синаб кўрган, ўз фильмларига режиссёрлик қилган, мусиқа ёзган ва албатта, барча трюкларни ўзи бажарган.

Жеки актёрлик фаолияти давомида қўл-оёқлари, бурун, сон синишидан тортиб бўғимлар чиқиши ва бўйин қайрилишигача мингдан кўпроқ турли жароҳат олган. Оғир жароҳатларсиз ҳам бўлмаган. Унинг 22 ёшидаёқ кўзида операция ўтказилган. Жеки трюклардан бирини бажариш вақтида йиқилиб, кўзини шикастлаб олган ва жароҳатни тикишга тўғри келган. 

Актёр яна бир жиддий жароҳатни “Тангри қурол-яроғи” фильмида олган. У 12 метрлик баландликдан йиқилиб, бош чаноқ-мия жароҳатини олган, бунинг оқибатида унинг миясига қон қуйилган. Жеки операция қилингач, яна суратга олиш ишларига қайтган.

Жеки Осиёни забт этгач, Америкада ишлашни орзу қила бошлаган. Унинг АҚШда тақдим қилинган илк фильмлари омма эътиборини қозона олмаган ва Жеки барчасига қўл силташга ҳам тайёр бўлган. Бироқ унга 1994 йилда MTV’нинг кино санъатига қўшган улкан ҳисса учун мукофотининг берилиши уни Американи иккинчи уринишдан забт этишга бел боғлашга ундаган.

Чанга ҳақиқий машҳурлик 1995 йилда “Бронксдаги ур-тўполон” фильмидан кейин келган. Сўнгра “Криминал воқеа”, “Маст уста 2”, “Илк зарба”, “Шанхай туши”, “Тиғиз соат”, “Дунё бўйлаб 80 кунда”, “Жосус қўшни” каби фильмлар бўлган ва улар томошабинлар томонидан яхши қабул қилинган. Жеки 100 дан кўпроқ фильмда бош ролларда иштирок этган.  

Чан, шунингдек, муваффақиятли поп-ижрочи саналади. У 1984 йилдан бошлаб 100 дан кўпроқ қўшиқ ёзган. У ўз қўшиқларини хитойча, япон ва инглиз тилларида куйлайди.  

Жеки автоспортнинг ашаддий ихлосманди ҳисобланиб, пойгачи Дэвид Чен билан Jackie Chan DC Racing пойга жамоасига эгалик қилади.

Чан ўзининг хайрия фаолияти билан ҳам маълум, у турли маросимлар ва тадбирларда ЮНИСЕФнинг элчиси сифатида иштирок этади. У ҳақда кўплаб китоблар ёзилган, унинг Ҳонгконгдаги Юлдузлар авенюсида ва Голливуддаги Юлдузлар хиёбонида ўз юлдузи бор. Жеки Чан Британия империяси кавалери ҳисобланади, кино санъатига қўшган ҳиссаси учун “Оскар” билан тақдирлаган.

Бугунги кунда Чан бутун дунёга таниқли актёр ва режиссёрлардан бири ҳисобланади, у ҳамон кўп ишлайди ва ижодий режалар билан тўлиб-тошган. 

Жекининг иштирокидаги фильмларнинг эътиборни тортувчи ўзига хос жиҳати фильмлар сўнгида муваффақиятсиз чиққан дубллар ва кулгили ҳолатлар намойиши ҳисобланади.

Мавзуга оид