Жамият | 09:07 / 08.04.2019
19337
14 дақиқада ўқилади

«Лазейкаванд» судьяларга таъсир қилмаётган «доза»си паст норматив ҳужжатлар: уларни қатъийлаштириш вақти келмадими?

Мен ушбу мақоланинг муаллифи сифатида ҳеч қачон аукционлардан кўчмас мулк ё бошқа нарса харид қилмасликни маслаҳат бераман. Чунки бу харид ортидан ўзингизга битмас-туганмас бошоғриқ орттириб, икки-уч йил ўтиб қадрсизланган пулингизни қайтариб олишингиз эҳтимоли жуда-жуда юқори. Мулк ҳеч қачон сизники бўлмайди. Ҳали қонунчилигимиз хом, судьяларимизнинг ҳам аксарияти тажрибасиз ва ишни адолатли кўра олишмайди. Бу борада Самарқандда ноёб тажриба тўпланаётганига тан бермай илож йўқ. 

Нега бундай фикрда эканлигимни яна бир мисолда тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Kun.uz сайтида «Самарқанднинг мудрамаётган судьялари «инсофли харидор»ни қандай саргардон қилишаётгани ҳақида ҳикоя» сарлавҳаси остида таҳлилий мақола эълон қилинган эди.

Унда онлайн аукцион орқали уй харид қилган фуқаро қандай сарсонгарчиликларга гирифтор бўлгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Мақолани шундай сатрлар билан тугатган эдим:

«Электрон-онлайн аукционида қатнашиб, бирор мулкни қўлга киритишингиз ҳали ушбу мулк тўлиқ сизники дегани эмас. Бирор мулкингиз аукционга қўйилиб сотилиб кетса ҳам у ҳали бутунлай «қўлдан чиқди», дегани эмас. Уни ҳеч бир тўловларсиз, боз устига гаровдан ҳам чиқариб, яна қўлга киритишингиз мумкин. Чунки судьяларимиз мудрашмаяпти!»

Янги ҳикоямиз қаҳрамони — Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор, «Фахриддин» кўп тармоқли ишлаб чиқариш фирмаси раҳбари Санжар Бозоров ҳам  худди шу ҳолатга тушиб ўтирибди.

Аслида, мана шундай вазиятлар юзага келганда судлар одилона ва холис қарор чиқариб бериши керак. Китобларда ҳам шундай, судьяларимиз бу борада қасамёд ҳам қилишгани ёдимизда. Амалда эса, уларни тутуруқсиз, ҳеч нарсани ўйламасдан чиқарган қарорлари оқибатида ҳеч қанақа айби йўқ, фақат аукцион орқали мулк харид қилган «инсофли харидор» сарсон-у саргардон бўлмоқда.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 229-моддаси (Мол-мулкни инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиш)нинг 2-қисмида «Агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди», дейилган.

Хуллас, Каттақўрғон шаҳридаги «Ҳумо» хусусий корхонаси раҳбари Олим Халилов 2016 йилда «Микрокредитбанк» АТБдан кредит олади ва гаров эвазига Каттақўрғон шаҳридаги Э.Миралиев кўчаси 47-уй манзилида жойлашган, умумий ер майдони 2127 кв.м. бўлган бино ва иншоотларни қўяди.

Кредитни қайтариш шартларини муттасил бузгани туфайли Каттақўрғон шаҳридаги «Микрокредитбанк» АТБ судга мурожаат қилади ва суднинг 2016 йил май ойидаги ҳал қилув қарори билан ундирув гаровда турган мулкка қаратилади.

Бино суд қарорига кўра кимошди савдосига чиқарилади. Бу ҳақда вилоят нашрларида эълон берилади. 2016 йил 25 июлда бўлиб ўтган кимошди савдосида бинони «Фахриддин» кўп тармоқли ишлаб чиқариш фирмаси 63 млн 888 минг сўмга харид қилади. Давлат гувоҳномалари билан бино ҳамда ер майдони «Фахриддин» КТИЧФга расмийлаштириб берилади.

О.Халилов аввалига аукцион орқали сотилган бинони тарк этишни истамайди. 2016 йил 24 октябрь ФИБ Каттақўрғон туманлараро судининг судья Ш.Тавбаев раислигида ўтган очиқ суд мажлисида даъвогар Абдуғани Тўраевнинг (у С.Бозоровнинг вакили) О.Халиловни Каттақўрғон шаҳридаги Э.Миралиев кўчаси 47-уй манзилида жойлашган, умумий ер майдони 2127 кв.м. бўлган бино ва иншоотлардан мажбурий тарзда чиқариш ҳақидаги аризасини қаноатлантиради.

Бу орада «Фахриддин» КТИЧФ раҳбари Санжар Бозоров ўзи ҳалол харид қилган масканни янги девор билан ўрайди, янги иш ўринлари очиш мақсадида янги иншоотлар барпо этади.

2017 йил 7 февраль куни ФИБ Каттақўрғон туманлараро судининг судья Ш.Тавбаев раислигида ўтган очиқ суд мажлисида О.Халиловнинг янги очилган ҳолатлар бўйича, 2016 йил 24 октябрь куни чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси рад этилади.

2018 йил 16 март куни ФИБ Каттақўрғон туманлараро судининг судья К.Намазов раислигида ўтган очиқ суд мажлисида О.Халиловнинг янги очилган ҳолат бўйича ФИБ Каттақўрғон туманлараро судининг 2016 йил 24 октябрь куни чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилади.

Чунки Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 2017 йил 2 июндаги ҳал қилув қарори билан 2016 йил 25 июлда бўлиб ўтган кимошди савдоси ҳақиқий эмас деб топилгани бунга асос бўлади.

Мазкур суд ижрочиларнинг хатти-ҳаракатларининг ноқонуний ва аукцион савдосини ҳақиқий эмас деб топган ҳамда аукцион савдосининг баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш талаби юзасидан иш юритишни тугатган.

Бунга 2017 йил 22 августда Самарқанд вилоят прокурори апелляция протестини киритган.

Сўнгра Жиззах вилоят иқтисодий суди апелляция инстанцияси 2017 йил 28 августдаги ҳал қилув қарорини ўзгартирган. Чунончи, суд ижрочиларнинг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиш қисми бекор қилинган, аукцион савдосининг баённомасини ҳақиқий эмас, деб топган.

Бунга Олий суд раиси ўринбосари Б.Исаков томонидан 2017 йил 9 ноябрда назорат протести келтирилган. Олий суднинг 2017 йил 6 декабрдаги қарори билан Самарқанд ва Жиззах вилоят иқтисодий судларининг ҳал қилув қарори ва ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Самарқанд вилоят иқтисодий судига жўнатилган.

Эътибор беряпсизми, Олий суднинг 2017 йил 6 декабрдаги қарори билан бекор қилинган — Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 2017 йил 2 июндаги ҳал қилув қарорига асосланиб, 2018 йил 16 март куни ФИБ Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси К.Намазов О.Халиловнинг аризасини қаноатлантирмоқда! Шунчаки қойил қолиш керак!

Самарқанд вилоят иқтисодий суди 2018 йил 5 февралда янги қарор қабул қилади. Унга кўра «Ҳумо» хусусий корхонасининг суд ижрочиларининг хатти-ҳаракатларининг ноқонуний деб топиш талаби рад этилади; аукцион савдосини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талаби юзасидан иш юритув тугалланади; аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талаби рад этилади.

Навоий вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2018 йил 12 июндаги қарори билан Самарқанд вилоят иқтисодий судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилади.

Энди яна прокурор мазкур қарор устидан протест келтиради.

Олий суднинг 2018 йил 5 декабрдаги қарорига кўра, суд ижрочиларининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиш талаби рад этилади; аукцион савдоси ва аукцион баённомаси ҳақиқий эмас, деб топилган.

Бунга сабаб қилиб, гаров мулкининг бошланғич баҳоси 62 миллион сўмни ташкил этмаганлиги ва аукцион ўтказилиш ҳақидаги эълон республика босма нашрларида эълон қилинмагани кўрсатилган.

Тўғри, банк билан ўзаро келишувга кўра гаровга тикилган мулк 62 миллион сўмга баҳолатилган. Суд — олинган кредит ва тўланмаган фоизлар миқдорида ундирувга қаратган. Ва бу миқдор 48 миллиондан ортиқроқ суммани ташкил этган. Аукционда бино «Ҳумо» ХКнинг ўзи муҳр босиб баҳолаган нарх — 62 миллион сўмдан зиёдга — 63 миллион 888 минг сўмга сотилган. Бу ерда «Фахриддин» КТИЧФнинг бирор айби йўқ. Бир неча талабгор билан аукционда курашга кириб, рақиблари тўхтагач, бинони сотиб олган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаменти директорининг 2006 йил 26 сентябрдаги №2-сонли фармойишига кўра, аукцион ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабарномаларни эълон қилиш масаласига ойдинлик киритилган.

Унга кўра, савдога чиқарилаётган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкнинг бошланғич баҳоси энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 бараваригача бўлса маҳаллий газеталар ва маҳаллий телевидениеда эълон қилиш кераклиги, 2000 бараваридан зиёд бўлганда республика миқёсидаги газеталарда эълон қилиниши кераклиги кўрсатиб ўтилган.

Бинонинг нархи ЭКИҲнинг 2000 баробаридан кам бўлгани боис, аукцион ҳақида «Самаркандский вестник» ва «Зарафшон» газеталарида эълон берилгани тўғри эмасми?

Аукцион савдоларини уюштирган «Sogdiana Real Servis» МЧЖ ҳеч қандай қоидабузарликка йўл қўймаган, лекин бу инобатга олинмаяпти ва аукцион ноқонуний деб топилмоқда.

Олий суднинг 2018 йил 5 декабрдаги қарорига кўра, «Sogdiana Real Servis» МЧЖ томонидан уюштирилган очиқ аукцион савдоси ноқонуний деб топилиш билан бирга, аукцион якунлари бўйича берилган 5-сонли баённома ҳам ҳақиқий эмас, деб топилган.

Кредити «Фахриддин» КТИЧФ томонидан ёпилган, гаровда турган бино «Ҳумо» ХФга қайтарилар экан.

Боз устига, «Фахриддин» КТИЧФга:

·       «Sogdiana Real Servis» МЧЖдан — 638.888 сўм;

·       АТБ «Микрокредитбанк»дан — 48.153.408 сўм;

·       «Ҳумо» СИЧКдан — 13.641.529 сўм;

·       МИБ Самарқанд вилоят бошқармасидан — 1.454.175 сўм ундирилсин, дейилмоқда.

Бўлди, Олий суд судлов ҳайъати (раис Б.Сайфуллаев, ҳайъат аъзолари В.Сатторова ва М.Салимов) чигал масалани хамирдан қил суғургандек, мана шу тарзда осонгина ҳал қиляпти.

Энди ҳақли савол туғилади. Судьялар ўзи ўша жойни бориб кўришганми?

«Фахриддин» КТИЧФ томонидан 100 миллион сўмдан ортиқроқ маблағ сарфлаб қурилган девор ва қўшимча иншоотларнинг пулини ким тўлайди? Ёки Олий судимизнинг фикрича, бинони аукциондан бошга тушадиган балолардан бехабар сотиб олган «Фахриддин» КТИЧФ ўтган йиллар мобайнида ҳеч нарса қурмасдан, атрофни обод қилмасдан «қани, охири нима билан тугаркан?» деб кутиб туриши керакмиди?

2016 йилдаги 63 миллион сўм билан 2019 йилдаги 63 миллион сўмнинг қурби Олий судимизнинг фикрича бир хилми? Ахир «Ҳумо» СИЧК 2016 йилда ўша кредитни тўлолмагани учун ўз ихтиёри билан гаровга қўйган мулкидан айрилган. Бугунги кунда у пулни қийналмасдан тўлайди-ку?!

«2016 йилда мен сарфлаган пул долларга чақилса 10 минг доллар бўларди, ҳозир бу пул 7 минг атрофида. Судларга чопа-чоп қилганларим-чи?. Қанча асабимни сарфладим. Мен кўрган зарарларни ким қоплайди?» — дейди С.Бозоров.

Энди холисона мушоҳада қилинг: аслида, судда О.Халиловга қарата «бинони гаровга тикиб, агар ўз мажбуриятларни бажармасанг, ундан айрилиб қолиш мумкинлигини кўра била туриб, шартномага имзо ва муҳр чеккансан, яна нима истайсан?» — дейилиши керак эмасмиди? Прокурорларимизнинг, судларимизнинг бу қадар «қутқарувчи» бўлиб хизмат қилишидан одамлар мажбуриятга тупурадиган бўлиб қолишмайдими? Аукционларга ишонч йўқолмайдими? «Чиқараверсин, қўрқма, судьяларимиз, прокурорларимиз «қаловини топиб, қорни ёндиришади керак бўлса», деган фикрлар пайдо бўлмайдими?

Аслида, суд ҳужжатларини ижро этиш юзасидан аукцион орқали сотилган мулк ҳеч қандай шароитда аввалги эгасига қайтариб берилмайди, дея қонунчилигимизни янада қатъийлаштириш кераклиги аён бўлиб бормоқда. Ҳозирги қонунчилигимизда «лазейка»лар жуда кўп. «Лазейкаванд» юридик соҳа вакилларимизга мавжуд нормативларнинг «доза»си камлик қилмоқда.

Агар мол-мулк аукционга ноҳақ чиқарилган бўлса — ўшани ноҳақ чиқарганлар зарарни қоплашсин. Чунки мулк аукционгача чиқишидан аввал бунинг олдини олиш имкони ҳаммада бор. Лекин бизда амалда ҳеч нарсада айби бўлмаган аукцион харидорларининг бошида калтак синмоқда. Ахир уларнинг айби нима?!

Энг алам қиладигани — айни пайтда формал жиҳатдан бинога эгалик қилаётган О.Халилов уни сотиши ёки ижарага бериши ҳақида эълон осиб қўйибди. Тўғри-да, ўзи ишлатмоқчи эмас, ишлатмайди, ишлатолмайди ҳам! Ишлатолганида, шунча йил давомида бино қаровсиз қолиб кетмаган бўларди. Ҳозир у бинони бирортасига қимматроққа сотади, Олий суд кўрсатиб ўтган пулларни С.Бозоровга ҳам, «Микрокредитбанк»ка ҳам бемалол тўлай олади. У мажбуриятсизлиги ортидан алал-оқибатда фойда қилади, қонунга итоаткор С.Бозоров эса — зарар кўради.

Таассуфки, бир жойни обод қилиб, янги бинолар қуриб, иш ўрни яратаман, деган эмас, мана шундайларнинг «оти чопадиган» замон келди. Дарҳақиқат, одил суд ҳам мамлакат равнақ топишида муҳим омил эканига мана шундай пайтда иккиланмасдан иймон келтириб юборар экансан киши!

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид