Жамият | 16:52 / 10.04.2019
15910
5 дақиқада ўқилади

Бахмалдаги мактаб ўқувчилари МФЙдан ижарага олинган хоналарда ўқимоқда. Вазият танқидий мақоладан кейин ҳам ўзгармади

2018 йилнинг 23 август куни Kun.uz сайтида «Бахмалдаги мактаблардан бирида муаммо: синфхоналар етишмаяпти» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақолада Жиззах вилоятининг Бахмал тумани «Ғаллакон» МФЙ, Удамали қишлоғидаги 29-ўрта мактаб ҳолати қониқарсиз аҳволдалиги, мактабда атиги 6та синфхонаси мавжуд бўлиб, синфлар сони 13тага етгани боис синфхоналар билан боғлиқ муаммолар юзага келгани баён этилганди.

Орадан саккиз ойдан зиёд вақт ўтди. Яқинда таҳририятга Бахмалдаги ушбу мактабда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагани, муаммолар ўз ечимини топмагани ҳақида яна мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчиларнинг арзномасига кўра, бугунги кунда мактабдаги спортзал ҳали ҳамон авария ҳолатидалиги боис, ўқувчилар ундан фойдаланмаяпти. Мактаб жамоаси бир неча бор мурожаат қилганига қарамай мақолада келтирилган муаммолар ўз ечимини топмаган. Ваҳоланки, удамалиликларни қийнаётган муаммо мактабга қўшимча бино ва спортзали қурилиши 2019 йилги инвестиция дастурига киритилиб, айни шу кунларда мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланмоғи лозим эди.

«Мақоладан сўнг ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Мактабимиз 2019 йил инвестиция дастурига киритилишини истагандик, аммо туман халқ таълими бўлимидагилар бу йил мактабимиз дастурга киритилмагани, туманда бундан оғирроқ шароитдаги мактаблар борлиги, навбат билан барча мактабларда шароитлар яхшиланишини айтишди. Синфлар етишмаса-да имкониятдан келиб чиқиб дарсларни ўтяпмиз. Мактаб ҳудудида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинидан иккита хонани вақтинча олганмиз. Хоналарга 20 нафар бола сиғиши мумкин.

Муаммо шу билан чегараланиб қолса кошки эди. Маҳалла фуқаролар йиғинига келган фуқаролар дарс жараёнига халақит бериши ҳам бор гап», — дейди мактаб директори Ботир Дўстбеков.

Мактаб ҳудудидаги тозалик ва ободонлаштириш ишлари мақташга арзигулик, аммо бу ҳожатхона гўзал манзарага доғ бўлиб тушган.

Мактаб ҳовлисида волейбол ўйнаётган ўқувчилар эътиборимизни тортди. Таълим маскани директорининг таъкидлашича, ўқувчилар «об-ҳавога қараб» жисмоний тарбия дарсини очиқ майдонда ўтишар экан. Ёғин ва сочинли кунларда ўқувчилар жисмоний тарбия дарсини ўтишмайди... Спорт майдончаси ва стадион эса мақтайдиган аҳволда эмас.

Олдинги мақолада «қоп-қоп» ваъдалар берган туман халқ таълими бўлимидагиларга изоҳ истаб мурожаат қиламиз.

«Тўғрисини айтсам, ушбу муаммо ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Бахмал туман халқ таълими бўлимига мудир лавозимига сайланганимга бор- йўғи бир ҳафта бўлди. Айни дамда мактабга спортзал ёки қўшимча бино қуриб бераман, дея сизга ваъда беролмайман. Чунки, бунга имкониятимиз йўқ. Аммо мактабдаги синфхоналарни таъмирлаб, авария ҳолатидаги ҳожатхонани қайтадан янги типда қуриб бериш учун барча имкониятларни ишга соламан. Спортзал ва қўшимча бино тўғрисидаги саволингизга эса шундай деб жавоб бераман: мактабга 140 ўринли қўшимча бино қуриш учун таклифларимизни берганмиз. Ўйлашимизча, бу 2020 йилги инвестиция дастурига киритилади ва 2020 йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланади», — деди туман халқ таълими бўлими мудири Камол Гулбоев.

«Таҳририятга иккинчи бор мурожаат қилишим, мурожаатим ушбу муаммонинг ечим топишида ёрдам беришига ишонаман. Мен шу қишлоқда туғилиб, вояга етдим. Айни дамда яхши бир касбнинг эгасиман. Оилам билан шаҳарда истиқомат қиламиз. Ниятим — билим масканида таълим олаётган фарзандларимиз учун барча шароитлар яратилса. Шаҳар мактабларидагидек лаборатория хоналари бўлса, улар керакли жиҳозлар билан таъминланса. Дарсдан ташқари тўгараклар ишласа, қувонардик. Шароитлар яратилса, демакки, таълим сифати ҳам яхшиланади. Аҳволни кўриб турибсиз. Шу шароитда қандай сифатли таълим олиш мумкин? Ваъдага кўра, айнан шу йил янги бино қурилиши лозим эди. Афсуски, кейинги йилга ваъда беришди. Бу ваъда ҳам ваъдалигича қолмаса бас...» — дейди мурожаатчи Муҳиддин Назаров.

Ваъда ваъдалигича қолмасин. Фарзандини эзгу ниятлар билан илм масканига берган ота-оналарнинг ниятлари ушалсин. Ўз мактабини шаҳар мактаблари билан солиштиришдан «чарчаган» ўқувчи дарсга шунчаки вақт ўтказиш учун эмас, ҳавас билан кирсин... Ушбу масалага Халқ таълими вазирлиги, Жиззах вилоятдаги мутасаддилар эътибор қаратиб, муаммо ижобий ҳал этилишига умид боғлаймиз.

Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид